• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Йирик ёнғин юз берган Aviator савдо маркази кимга тегишли?


Gazetа ўрганишларига кўра, Тошкентнинг Яшнобод туманидаги 31 январь куни йирик ёнғин содир бўлган Aviator савдо-кўнгилочар маркази биноси Rent Mega City компаниясига тегишли.

Бу фожиали ёнғин ҳали 3 ёшга ҳам тўлмаган бир қизчанинг ҳаётига зомин бўлди. Олов бинонинг иккинчи қаватида жойлашган Pixel болалар майдончасида чиққан. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўша вақтда марказ ичида 150 нафаргача одам бўлган.

Икки қаватли савдо мажмуаси 2016 йил 5 июлда очилган. Дастлаб у ерда Korzinka супермаркети ҳамда RedTag кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари дўкони фаолият юритган. Чорраҳада уч қаватли транспорт боғламаси қурилаётган вақтда супермаркет ишини вақтинча тўхтатиб турганди.

Сўнгги вақтларда бинонинг биринчи қаватида Korzinka супермаркети ва унинг Korzinka Go етказиб бериш хизмати буюртмаларини бажарувчи йирик омбори, Le Taom кафеси, Alif Coffee қаҳвахонаси, шунингдек, атир-упа, болалар ўйинчоқлари ва аксессуарлар сотиладиган кичик савдо нуқталари ишлаб келаётганди.

Иккинчи қаватда эса Aile кафеси, Yaponamama, «Рис», «Pixel» болалар майдончаси, ўйинчоқлар ва биологик фаол қўшимчалар дўконлари жойлашган.

Объект эгаси ҳақида

Rent Mega City компанияси 2017 йил 22 августда рўйхатдан ўтган (савдо маркази очилишидан олдин; эҳтимол, бино кейинчалик ушбу компания томонидан сотиб олинган). Устав фонди — 17,6 млрд сўм.

Корхона раҳбари сифатида Абдуҳамид Қобилжонович Мавлянов кўрсатилган. Муассис эса Отабек Абдурасулович Алиев бўлиб, у шунингдек, National Lease, Deluxe Property, Bek`s Steel ва Letaom каби бошқа компанияларга ҳам эгалик қилади (охирги иккита корхона тугатилган).

8 июнь ҳолатига кўра, Rent Mega City компаниясида Абдураҳмон Нодирович Мирюнусовнинг ҳам улуши (44,3%) бўлган, бироқ ҳозирда компаниянинг 100 фоиз улуши Алиевга тегишли. Gazeta компания вакиллари билан боғланишга ҳаракат қилди, бироқ бунинг имкони бўлмади.

Болалар ўйин майдончаси ҳақида

Pixel — Тошкентнинг бир нечта туманларида, шунингдек, Қарши, Фарғона ва Самарқандда мавжуд бўлган болалар майдончалари тармоғи.

Товар белгиси Techno Profil компанияси (Atlas савдо мажмуалари) томонидан рўйхатга олинган, у патент эгаси ҳисобланади (бундан олдинги эгаси J-United Group компанияси бўлган). Муассис сифатида Маҳмуджон Нажимидинович Латипов кўрсатилган, у, шунингдек, Akfa Building Systems, Maroon Trade (Joseph Joseph, Pearl, Señor & Señorita ва Seniorita Home брендларига эгалик қилади), Novoget, Milliard Club ва Way II компанияларида улушларга эга.

Aviator савдо марказидаги Pixel тўловларни 2023 йил май ойида рўйхатга олинган «Siz Bilan» компанияси орқали қабул қилган. Устав фонди — 5,4 млрд сўм. Раҳбар сифатида Ботиржон Боҳодир ўғли Раҳимов, муассис сифатида эса Муслима Маҳмуджон қизи Мирзабоева кўрсатилган.

«Pixel товар белгиси Techno Profil компаниясига тегишли, бироқ шартнома асосида товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқи „Siz Bilan“ МЧЖга берилган. Бу франшиза ҳисобланмайди. Techno Profil компанияси Aviator савдо марказидаги Pixel болалар майдончаси фаолиятида амалда иштирок этмаган; компаниянинг иштироки фақатгина товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш билан чекланган. Techno Profil майдонча концепциясини ишлаб чиқишда қатнашмаган», — дея маълум қилди Techno Profil компанияси Gazeta`га.

Корхона вакилининг таъкидлашича, «Siz Bilan» компанияси билан тузилган шартнома товар белгисидан фойдаланишни кўзда тутади. «Techno Profil компанияси Aviator савдо марказидаги Pixel болалар майдончаси ускуналарини лойиҳалаштириш, етказиб бериш, ўрнатиш ёки модернизация қилишда бевосита ёки билвосита иштирок этмаган», — деди суҳбатдош.

Gazeta Pixel компаниясига саволлар юборди.

Бино ёнғинга тайёр бўлмагани аён бўлди

Бизга воқеа тафсилотларини сўзлаб берган гувоҳларнинг айтишича, бино бундай фавқулодда ҳолатга мутлақо тайёр бўлмаган. Олов чиққан вақтда на ёнғин сигнализацияси, на автоматик ўчириш тизими иш берган. Бунинг устига, чироқ ўчиб қолгани сабабли одамларни бинодан олиб чиқиш қоп-қоронғида, жуда оғир шароитда кечган.

Сурат 31 январ куни соат 16:46 да олинган.

Gazeta мухбири ҳам ўт ўчирувчиларга сув етишмаётганининг гувоҳи бўлган, шу сабабли воқеа жойига махсус сув ташувчи машиналар юборилган. Ўт ўчириш машиналаридан бирининг шланги ёнғин бошланганидан тахминан бир соат ўтиб, савдо марказидан анча узоқ масофадаги гидрантга уланган.

Фото: Ижтимоий тармоқларФото: Ижтимоий тармоқлар

Ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига кўра, савдо маркази объект сифатида автоматик ёнғин сигнализацияси ва автоматик ёнғин ўчириш қурилмалари, тутундан ҳимоялаш тизими, ички ёнғинга қарши сув таъминоти (ёнғин жўмраклари, енглар ва стволлар), соз ҳолатдаги ўз-ўзидан ёпилувчи мосламаларга эга ёнғинга ва тутунга қарши эшиклар, шунингдек, одамларни хабардор қилиш ва эвакуациялаш тизими билан жиҳозланган бўлиши шарт.

Бундан ташқари, ёнғинга қарши барча тизим ва мосламалар доимий равишда соз ҳолатда бўлиши, қурилиш конструкциялари ва пардозлаш материаллари эса мунтазам (йилига камида икки марта) текширилиб, ёнғиндан ҳимояловчи ҳужжатлаштириладиган қоплама ва аралашмаларга эга бўлиши керак. Бино, хона ва ускуналардан фойдаланишга эса фақат лойиҳа ва фойдаланиш ҳужжатларига мувофиқ, конструктив ва муҳандислик ечимларига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритмаган ҳолда йўл қўйилади.

Ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонунга кўра, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ташкилотларнинг мансабдор шахслари, бошқа ходимлари, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар лавозим йўриқномаларида ва бошқа йўриқномаларда, зарур ҳолларда эса тегишли шартномаларда ўз аксини топиши керак.

Хусусий ва давлат уй-жой фондидаги яшаш жойлари ва бошқа хоналарда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масъулияти мулкдорлар ёки ижарага олувчилар зиммасига юклатилади (агар бу ижара шартномасида кўзда тутилган бўлса).

Мазкур ёнғин ҳолати бўйича Жиноят кодексининг 192−11 (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 259 (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ишни прокуратура олиб бормоқда.

Ушбу фожиадан сўнг Ўзбекистон бўйлаб ўхшаш объектларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши бўйича текширувлар бошланди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўпол қоидабузарликлар аниқланган айрим объектлар фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабар берди.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *