Starlink Тожикистонда сунъий йўлдош интернети хизматларини расман ишга туширди. «Юқори тезликдаги Starlink интернети… энди Тожикистонда мавжуд!» — дейилади компаниянинг X тармоғидаги баёнотида.
Тожикистон Алоқа хизмати 2025 йил октябрь ойида бўлиб ўтган «Dushanbe Invest» халқаро инвестиция форуми доирасида Starlink компанияси билан мамлакатда иш бошлаш бўйича лицензия шартномасини имзолаганди, деб ёзади ASIA-Plus.
«Тожиктелеком» бош директори Бахтовар Абдусатторзоданинг нашрга берган интервьюсида таъкидлашича, шартнома, биринчи навбатда, тоғли рельеф ва аҳоли зичлиги пастлиги сабабли анъанавий инфратузилма (оптик толали магистраллар, кабеллар) ётқизиш қийин бўлган чекка тоғли ва чегарадош ҳудудлар аҳолисини сунъий йўлдош интернетига улашни назарда тутади. Унинг сўзларига кўра, гап давлат ва ижтимоий муассасалар — мактаблар, шифохоналар, қишлоқ маъмуриятлари ҳақида бормоқда.
«Кўпгина мамлакатларда Starlink каби ташқи глобал операторлар миллий ҳамкор орқали ишлайди, бизнинг ҳолатда бу — „Тожиктелеком“ ОАЖ. Бундай модель давлатга трафикни назорат қилиш, киберхавфсизликни таъминлаш, тарифларни ва миллий қонунчиликка риоя этилишини тартибга солиш имконини беради», — деди Абдусатторзода.
Унинг аниқлик киритишича, Starlink’нинг ишга туширилиши мамлакатдаги интернетнинг умумий нархига таъсир қилмайди, қурилмалар нархи ва компания тарифлари эса «бозор ва минтақавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда» шакллантирилади.
2025 йил 13 августдан бошлаб Starlink Қозоғистонда ҳам расман ишлай бошлаганди.