• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Илк «Янги авлод» боғчалари Тошкент ва Қорақалпоғистонда очилади


Ўзбекистонда Президент мактаблари ташаббусининг давоми сифатида болаларни ривожлантириш инновацион марказларига эга бўлган илк «Янги авлод» болалар боғчалари ташкил этилади. Бу ҳақда мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. Бундай боғчаларни жорий этиш масаласи 4 февраль куни президент ҳузурида ўтказилган тақдимотда муҳокама қилинган эди.

Вазир 120 ўринга мўлжалланган янги форматдаги боғчаларни мамлакат мактабгача таълим тизими сифатини оширишдаги «локомотив» деб атади.

«2026 йилда „Янги авлод“ боғчалари Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистонда, 2027 йилда олтита ҳудудда, 2028 йилда эса яна олтита ҳудудда ташкил этилади», — деди Эъзозхон Каримова.

Унинг таъкидлашича, болаларни ривожлантириш инновацион марказларида бешта йўналиш — ижодкорлик ва санъат, фан ва математика, жисмоний фаоллик, тил ўрганиш, робототехника бўйича тематик ўйин майдончалари яратилади.

Каримованинг сўзларига кўра, ушбу таклиф киритилишидан аввал ривожланган давлатлар — Жанубий Корея, Япония, Хитой, Германия ва АҚШ тажрибаси ўрганилган. Таҳлиллар асосида мактабгача таълим тизимини ўйин орқали ўқитиш методикасини қўллаган ҳолда такомиллаштириш бўйича ташаббуслар ишлаб чиқилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги департаменти директори ўринбосари Зафар Ўсанов инновацион марказлар бошқа мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ва методистлари учун тадқиқот майдончаси вазифасини ҳам бажаришини таъкидлади. У ерда соҳа ходимлари малака ошириши ва жараёнларни кузатиши, педагогика олийгоҳларининг илмий ходимлари тадқиқотлар ўтказиши мумкин бўлади. Тадқиқот натижалари кейинчалик бутун мактабгача таълим тизимига жорий этилади.

Янги боғчаларда инновацион марказларни бошқариш учун директор ўринбосари лавозими жорий этилади ва ҳар бир тематик йўналиш бўйича инструкторлар фаолият юритади. Педагог-тарбиячилар учун эса уларнинг иш ҳақига 20 фоиз миқдорида устамалар белгиланади.

Президент ҳузуридаги тақдимотда ўрта махсус маълумотли тарбиячи-педагоглар учун «5+1» модели асосида дуал таълим тизими жорий этилиши айтиб ўтилган эди. Вазир Эъзозхон Каримованинг тушунтиришича, 5 кун — тарбиячилар ўз иш жойида, яъни боғчада фаолият юритади, 1 кун — олий таълим муассасасида назарий билим олади.

2027 йилдан бошлаб 12 йиллик умумий ўрта таълимга ўтиш бошланади — амалдаги 11 йиллик тизимга мактабга тайёрлов бир йиллик курси қўшилади. Ушбу тайёрлов курсини нафақат давлат муассасаларида, балки хусусий мактаб ва боғчаларда ҳам ўташ мумкин бўлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *