БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) дунё ҳукуматлари ва рақамли компанияларни сунъий интеллект ёрдамида яратилаётган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материаллари () таҳдидининг ортиб бораётганига қарши шошилинч чоралар кўришга чақирди. Бу ҳақда жамғарманинг Gazeta`га йўлланган баёнотида сўз боради.
«ЮНИСЕФ сунъий интеллект ёрдамида яратилган ва тарқатилаётган жинсий мазмундаги тасвирлар ҳажми тобора кўпайётгани, жумладан, болаларнинг фотосуратлари манипуляция қилиниши ва сексуаллаштирилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпаяётганидан жиддий хавотирда», — дейилади баёнотда.
«Дипфейклар… болалар иштирокидаги жинсий контентни ишлаб чиқаришда тобора кўп қўлланилмоқда. Бунда, хусусан, „нудификация“ (яланғочлаш) усулидан фойдаланилмоқда — яъни сунъий интеллект воситалари ёрдамида уйдирма яланғоч ёки жинсий мазмундаги тасвирларни яратиш мақсадида фотосуратлардаги кийимлар „олиб ташланмоқда“ ёки ўзгартирилмоқда», — дея қайд этди жамғарма.
«Сунъий интеллект воситалари ёрдамида яратилган ёки ўзгартирилган болаларнинг жинсий мазмундаги тасвирлари болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материаллари (CSAM) ҳисобланади. Дипфейк зўравонлиги — бу зўравонликдир ва у етказадиган зарар асло „сохта“ эмас», — дея таъкидлади ЮНИСЕФ.
«Боланинг тасвири ёки шахсиятидан фойдаланилганда, бола тўғридан-тўғри қурбонга айланади. Ҳатто шахси аниқланмаган қурбон бўлмаган тақдирда ҳам, сунъий интеллект ёрдамида яратилган болалар зўравонлиги материаллари болаларни жинсий эксплуатация қилишни нормал ҳолат сифатида кўрсатади, зўравонлик мазмунидаги контентга бўлган талабни оширади ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун ёрдамга муҳтож болаларни аниқлаш ҳамда ҳимоя қилишда жиддий қийинчиликлар туғдиради», — дейилади баёнотда.
«Жуда кўплаб сунъий интеллект моделлари етарли хавфсизлик чораларисиз ишлаб чиқилмоқда. Генератив сунъий интеллект воситалари тўғридан-тўғри ижтимоий тармоқ платформаларига интеграция қилинганда, ўзгартирилган тасвирлар жуда тез тарқалади ва бу хавф-хатарларни янада кучайтириши мумкин», — дея қўшимча қилди жамғарма.
ЮНИСЕФ тавсиялари:
- Барча ҳукуматлар болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материаллари (CSAM) таърифини кенгайтириши, унга сунъий интеллект ёрдамида яратилган контентни ҳам киритиши ҳамда бундай материалларни яратиш, буюртма бериш/олиш, сақлаш ва тарқатишни жиноят деб таснифлаши лозим;
- СИ ишлаб чиқувчилари сунъий интеллект моделларидан суиистеъмол қилинишининг олдини олиш учун «лойиҳавий хавфсизлик» (safety-by-design) ёндашувларини ва мустаҳкам ҳимоя тўсиқларини жорий этишлари шарт;
- Рақамли компаниялар сунъий интеллект ёрдамида яратилган болалар зўравонлиги материалларини шунчаки зўравонлик содир бўлганидан кейин ўчириб ташлаш билан чекланмай, уларнинг тарқалишига йўл қўймасликлари лозим. Шунингдек, контент модерациясини кучайтириши, бундай материаллар қурбон ёки унинг вакили мурожаатидан кейин бир неча кун ўтиб эмас, балки зудлик билан ўчирилишини таъминлайдиган аниқлаш технологияларига сармоя киритишлари керак.
«Дипфейк зўравонлигидан келадиган зарар реал бўлиб, у зудлик билан чор кўришни талаб қилади. Болалар қонунлар реалликка етиб олишини кутолмайди», — дея баёнот берди ЮНИСЕФ.
