• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Кредит пеняси, жарима ва фоизларни адолатли тартибга солиш бўйича Марказий банкка депутатлик сўрови юборилди



ЎзЛиДеП депутати Диёр Хусанов жамоатчилик ва тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган кредит пеняси, жарима ва фоизларни адолатли тартибга солиш бўйича Марказий банки раиси Тимур Ишметовга депутатлик сўрови юборди. Бу ҳақда партия ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, айрим тижорат банклари томонидан кредит тўловлари кечиктирилганда, адолат ва мутаносиблик тамойилларига зид равишда юқори пеня, оширилган фоиз ставкалари ва қўшимча жарималар қўлланилмоқда. Бу, ўз навбатида, «жамоатчилик ва тадбиркорлкўрсатяптиар ўртасида ҳақли эътирозларга» сабаб бўлмоқда.

«Бундай амалиётлар, айниқса, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектларининг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатяпти», — дейилади хабарда.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Диёр Хусанов Марказий банки раиси Тимур Ишметовга депутатлик сўрови юборди. Сўровда тадбиркорлар ва аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар масаласи, шунингдек, банк амалиётида кузатилаётган муаммолар кўтарилгани айтилмоқда.

«Хусусан, депутат кечиктирилган тўловлар учун қўлланилаётган санкцияларнинг молиявий юкламасини камайтириш бўйича Марказий банк томонидан қандай чоралар кўрилаётгани, пеня, фоиз ва жарималарни адолатли ҳамда мутаносиб қўллашга қаратилган қонунчилик ташаббуслари юзасидан аниқ ва асослантирилган тушунтириш беришни сўраган», — дея маълум қилди партия ахборот хизмати.

Марказий банк позицияси

Аввалроқ Марказий банк кредит тўловлари кечиктирилган ҳолларда айрим тижорат банклари томонидан «адолат ва мутаносиблик тамойилларига зид» санкциялар қўлланилаётгани юзасидан банкларга хат юборганди.

МБ ўрганишлари шуни кўрсатадики, айрим банклар томонидан кечиктирилган тўлов суммаси учун ҳисобланадиган фоиз шартномада белгиланган йиллик ставкага нисбатан 1,5−3 баробарга, баъзи ҳолатларда эса йиллик 150−180 фоизгача ошириляпти. Шунингдек, қарздор томонидан фоизларни тўлаш муддати кечиктирилганда ҳисобланадиган кунлик пеняни ҳисоблаш бўйича энг юқори чегара белгиланмаган ҳолда, унинг йиллик миқдори кредитнинг дастлабки қийматидан бир неча баробар ошиб кетмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир кечиктириш ҳолати учун кредиторнинг ҳақиқий харажатлари билан боғлиқ бўлмаган қўшимча бир марталик жарималар қўлланмоқда. Бир вақтнинг ўзида оширилган фоиз ставкаси, пеня ва бир марталик жарима чораларининг биргаликда қўлланаётгани ҳолатлари ҳам қайд этилгани айтилади.

Бундай амалиёт, регуляторга кўра, кредитор учун кечикишнинг олдини олиш ёки қарзни ўз вақтида тўлашга кўмаклашишдан кўра, кечикиш ҳолатидан фойда кўриш манфаатлироқ бўлган иқтисодий моделни шакллантиради.

МБнинг таъкидлашича, мажбуриятларни кечиктирганлик учун санкциялар компенсацион характерга эга бўлиши лозим. Кредиторнинг кечикишдан иқтисодий манфаатдор бўлишига олиб келадиган ҳамда қарз олувчининг жавобгарлик чораларини мустақил даромад манбаига айлантирадиган шартнома шартлари шакллантирилишига йўл қўйиб бўлмайди.

Бундай ҳолатларнинг мавжудлиги, қарз олувчилар учун тўловни кечиктириш оқибатларининг шаффофлигини ва олдиндан кўра билиш имкониятини таъминлаш мақсадида МБ томонидан қарз олувчиларнинг кредит шартномалари бўйича мажбуриятларини бузганлик учун молиявий жавобгарликнинг аниқ миқдорини белгилаш тўғрисидаги қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқилишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади, дейди регулятор.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *