Покистон пойтахти Исломободдаги шиалар масжидида жума намози вақтида содир бўлган портлаш оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди, 169 киши жароҳатланди, деб ёзмоқда BBC News ва Washington Post.
Шаҳарнинг Тарлай ҳудудидаги масжидда юз берган портлаш сабабли шаҳардаги учта шифохонада фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
https://twitter.com/ravipandey2643/status/2019704695217115151?s=20
Портлаш сабаблари ҳозирча аниқ эмас, бироқ хабарларда ҳодиса худкуш террорчи томонидан содир этилгани тахмин қилинмоқда. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф содир бўлган воқеани қоралаб, ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Исломобод полицияси портлашни ҳужум деб баҳолади ва тергов ҳаракатлари бошланганини маълум қилди. Қутқарувчилар ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, ярадорларнинг айримлари оғир аҳволда қолмоқда. Телевидение ва ижтимоий тармоқларда тарқалган лавҳаларда полиция ва маҳаллий аҳоли жароҳатланганларни яқин атрофдаги шифохоналарга ташиётгани акс этади.
Ҳозирча портлаш учун ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ, бироқ гумонлар Покистон «Толибон»и ёки «Ислом давлати» каби жангари гуруҳларга қаратилиши эҳтимоли юқори, дейди WP. Ушбу гуруҳлар илгари ҳам мамлакатда озчиликни ташкил этувчи шиаларга қарши ҳужумларда айбланган.