Солиқ қўмитаси Ўзбекистонда такси бозорини қонунийлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
2025 йил якунларига кўра, 224 та такси агрегатори солиқ органлари ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Бу 2024 йилга нисбатан (155 та) 69 тага ёки қарийб 45 фоизга кўп.
Шунингдек, жами 479 млн марта йўловчи ташиш амалга оширилган. Йўловчи ташиш айланмаси 2025 йилда 9,6 трлн сўмдан ошган. Бу 2024 йилга нисбатан 3,7 трлн сўмга ёки қарийб 63 фоизга кўп (2024 йилда — 5,89 трлн сўм). Шундан 6,7 трлн сўм ёки 70,2 фоиз — нақд тўловлар, 2,8 трлн сўм ёки 29,8 фоиз — нақдсиз тўловлар ҳиссасига тўғри келади.
Ўртача чек қиймати 20 082,5 сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилга нисбатан 1626 сўмга ёки қарийб 8,8 фоизга ошган (18 456 сўм).
Агрегаторлар орқали йўловчи ташиш билан 574,6 минг ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар шуғулланмоқда. Бу бир йилда 76,6 мингтага ёки тахминан 15 фоизга ўсган (2024 йилда — 498 минг). Ҳайдовчиларнинг ярмидан кўпи (59,1 фоиз) 30−50 ёшда — 339 681 киши, 30 ёшгача — 189 547 киши (33 фоиз), 50 ёшдан катталар — 45 398 киши (7,9 фоиз).
Аёл ҳайдовчилар сони ҳам ошган: 4 726 нафар. Бу 2024 йилга нисбатан 602 нафарга ёки қарийб 15%га кўп (4 124).
Ўтган йил давомида такси хизматини кўрсатган ҳайдовчилар қуйидагича даромад олди:
- 100 млн сўмдан ортиқ — 15,5 минг ҳайдовчи;
- 50−100 млн сўм — 36,9 минг ҳайдовчи;
- 10−50 млн сўм — 143,8 минг ҳайдовчи;
- 5−10 млн сўм — 71,8 минг ҳайдовчи;
- 1−5 млн сўм — 146,7 минг ҳайдовчи;
- 1 млн сўмгача — 159,7 минг ҳайдовчи.
Такси хизматини кўрсатишда асосан Cobalt (23,7 фоиз), Nexia (20,7 фоиз) ва Lacetti (16,9 фоиз) автомобилларидан фойдаланилган. Электромобиллар эса 1,9 фоиз ҳолатда қўлланилган.
Сафарларнинг катта қисми Тошкент шаҳрига тўғри келади — 44,61 фоиз. Шунингдек, Фарғона вилоятида — 8,2 фоиз, Самарқанд вилоятида — 7,65 фоиз, Бухоро вилоятида — 5,95 фоиз, Андижон вилоятида — 5,82 фоиз ва Қорақалпоғистонда — 5,42 фоиз сафарлар амалга оширилган.
Автомобилларнинг ёши (ишлаб чиқарилган йилига асосланган):
- 1−3 йил — 16,5 фоиз;
- 3−5 йил — 41,3 фоиз;
- 5−10 йил — 11,3 фоиз;
- 10 йилдан ортиқ — 26,5 фоиз.
Агрегаторлар 2025 йилда 128,2 млрд сўм солиқ тўлаган, шундан 63,6 млрд сўм ҚҚС ҳисобланади.
Ўзбекистонда 2025 йил 2 июлдан бошлаб онлайн такси агрегаторлари ўзини ўзи банд қилган ва йиллик даромади 100 млн сўмдан ошган ҳайдовчи ва курьерлар даромадларидан солиқни автоматик ушлаб қолиши керак. Солиқ қўмитасининг таъкидлашича, Yandex Uzbekistan буюртмачилар учун солиқ чегирмаларини интеграциялаган ва автоматлаштирган мамлакатдаги биринчи компания бўлди.
