2025 йилда миллий валюта алмашинув курси 6,9 фоизга мустаҳкамланиб, кунлик тебранувчанлик даражаси икки карра ошди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банкининг 2025 йил якунлари бўйича ички валюта бозори шарҳида айтилади.
Йил давомида ўртача курс 12 575 сўмни ташкил этди, энг юқори қиймат 13 004 сўмга (ўртача курсдан 5,5 фоизга юқори) ва энг қуйи қиймат 11 881 сўмга (ўртача курсдан 3,4 фоизга паст) тенг бўлди.
Регуляторнинг қўшимча қилишича, мамлакатда валюта курси 6 ой ёки ундан ортиқ вақт давомида марказий қиймат атрофида ±2 фоизлик диапазонда шаклланса, ХВЖ таснифига кўра, ушбу ҳолатда валюта курси эркин сузувчи (floating) эмас, балки барқарорлаштирилган валюта курс режими (stabilized arrangement) деб баҳоланади. Шундан келиб чиқиб, 2025 йилда сўм эркин сузувчи валюта курслари динамикасини ўзида акс эттирди, деб хулоса қилиш мумкин.
Регуляторнинг қайд этишича, 2025 йилда миллий валюта алмашинув курси динамикаси ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф омиллари, макроиқтисодий тенденциялар ҳамда ташқи иқтисодий шароитлар таъсирида шаклланди. Валюта курси мустаҳкамланишида, хусусан, қуйидаги омиллар роль ўйнади:
- экспортнинг ўсиши;
- хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари орқали валюта оқимининг сезиларли ошиши;
хорижий инвестициялар ўсиши; - импортнинг барқарорлашиши.
Валюта курси тебранувчанлиги
Марказий банкнинг таъкидлашича, 2021 йил — Ўзбекистонда валюта савдоларини ташкил этишнинг «метчинг» усулига ўтилган вақтдан 2024 йилгача бўлган даврда икки томонлама тебранувчанлик ўртача 0,1 фоизни ташкил этган.
2025 йил якунига кўра, мазкур кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 2 баробардан кўпроққа ошиб, 0,28 фоизга етди. Айни пайтда апрель-декабрь ойларида тебранувчанлик 0,35 фоизгача ошиб, мослашувчанлик даражаси юқори ҳисобланган давлатлар валюталарига яқинлашди.

Шунингдек, 2025 йилда сўмнинг ўртача стандарт оғиши 42,95 сўмни ташкил этди (0,34 фоиз). Таққослаш учун, 2021−2024 йилларда ушбу кўрсаткич 24,17 сўмга (0,21 фоиз) тенг бўлган.
Валюта курси икки томонлама тебранувчанлиги ошишини МБ ички валюта бозорида маркетмейкерлар сонинининг кўпайгани ва тузилган битимлар ҳажми сезиларли ошгани билан изоҳлайди. Хусусан, 2025 йил якунига келиб маркетмейкерлар сони 2 тадан 5 тагача кўпайди.
Алмашув курсининг мустаҳкамланиши ортидан 2025 йилда миллий валютага бўлган ишонч ортиб, бир қатор ижобий макроиқтисодий тенденциялар кузатилди, жумладан:
- миллий валютадаги депозитлар ҳажми йил бошидан 44 фоизга ошиб, 240 трлн сўмга етди;
- аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 11,5 ва 11,1 фоизгача секинлашди (йил бошида мос равишда — 14,4 ва 13,9 фоиз), валюта курси ўзгариши бўйича хавотирлар икки баробарга қисқарди;
- депозит ва кредитларнинг долларлашув даражасида пасайиш динамикаси тезлашди (кредитлар бўйича 41 фоиздан 38 фоизгача, депозитлар бўйича 26 фоиздан 22 фоизгача);
- мижозларнинг банкларга жами валюта сотуви 35 фоизга ошиб, 47 млрд долларга етди;
- давлат ва корпоратив ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ўртача 6−7 фоизгача қисқарди.
«Ушбу тенденцияларнинг давом этиши миллий валютага бўлган ишончни кучайтириб, сўмдаги активлар жозибадорлигининг ошишига ва, умуман олганда, макроиқтисодий барқарорликка ижобий ҳисса қўшади», — дея хулоса қилади Марказий банк.
