• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

9 йил ичида 31 нафар шахс умрбодга қамалган — Олий суд


2017 йилдан бери Ўзбекистонда ўта оғир жиноят содир қилган 31 нафар шахс умрбодга қамалган. Бу ҳақда 4 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий суд раисининг биринчи ўринбосари — Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Алишер Усманов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Усмановнинг айтишича, ўтган йили 23 973 нафар ёшлар (14−30 ёш) жиноят содир этгани учун судланган. Бунда пойтахт ва Тошкент вилоятида юқори кўрсаткич қайд этилган. Улар томонидан фирибгарлик, автоавария, ўғирлик ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар энг кўп содир қилинган.

«Шунингдек, 2431 нафар вояга етмаганлар (14−17 ёш) ўғирлик (972), безорилик (152), талончилик (101), ўртача оғир тан жароҳати етказиш (73) ва бошқа жиноятлари учун судланган», — дейди Олий суд вакили.

Алишер Усманов / Фото: Олий суд

Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда ўта оғир жиноят содир қилган уч нафар шахсга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. «2017 йилдан буён 31 нафар шахсга шундай жазо чораси қўлланилган», — дея қўшимча қилди у.

Алишер Усманов фуқаролик ишлари бўйича судларда оилавий низолар йилдан-йилга кўпайиб бораётгани ташвишли эканини таъкидлади. 2024 йилда 119 минг, 2025 йилда 134 мингдан ортиқ оилавий низолар кўрилган, бу ҳисобот даврига нисбатан 12 фоизга ортган.

Олий суд расмийсининг айтишича, 2025 йилда маъмурий судлар томонидан қарийб 17 714 та ишлардан 39,5 фоизи (6 999) бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланиб, давлат бошқарув органлари мансабдор шахсларининг ғайриқонуний қарорлари бекор қилинган.

«Айрим мансабдор шахслар томонидан амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилмасдан ноқонуний қарорлар қабул қилиниши мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар нуфузига салбий таъсир этиши билан бирга, судларнинг иш юкламасини сунъий равишда ошишига олиб келмоқда», — дейди у.

Таҳлилларга кўра, меҳнат низоларига оид 14 мингдан ортиқ даъво аризалар кўрилиб, 59 фоизи қаноатлантирилган. Бу тоифадаги ишлар сони 2024 йилнинг тегишли даврига нисбатан 8,5 фоизга кўпайган. Ишга тикланган шахслар фойдасига 155 млрд сўм миқдорда мажбурий прогул вақти, тўланмаган иш ҳақи ва зарарлар ундирилган.

«Фуқароларни ишдан бўшатиш жараёнида айрим мансабдор шахсларнинг меҳнат қонунчилигини билмаслиги ва ишдан бўшатишда оддий тартиб-қоидаларга риоя қилмаслиги натижасида судлар томонидан фуқароларнинг аризалари асосли деб топилмоқда», — дейди Алишер Усманов.

Аввалроқ, 2025 йили судлар томонидан 509 146 нафар шахсга маъмурий жазолар қўллангани, шундан, 91 663 кишига маъмурий қамоқ, 415 531 кишига жарима жазоси тайинлангани ҳақидахабар берилган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *