2025 йил июнь ойида Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида ўтказилган «Алые паруса» («Алвон елканлар», у ҳар йили ўтказилади) номли битирувчилар байрамига Самарқанд вилоятидан ёшлар иқтидорига кўра эмас, балки таниш-билишчилик асосида юборилгани ўз тасдиғини топди. Бу ҳақда 6 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурханов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Бурханов Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мансабдор шахслари томонидан қонунбузарликка йўл қўйилгани, ушбу ҳолат давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид эканини таъкидлади. Бу ҳолатда фарзанди, жияни ва яқинларини хорижга юборган маҳаллий амалдорлардан 28 млн сўм ундирилди.
Акмал Бурханов / Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
«Дастлабки ўрганишлар натижасида бу воқеа ўз тасдиғини топди. Россия томонидан вилоят ҳокимлигига таклифнома берилган, ҳокимлик вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига йўналтирган. Саккиз ўқувчи ва икки ўқитувчи юборилган. Шундан икки нафари — бошқарма бошлиғининг яқин қариндоши, яъни фарзанди ва жияни, яна икки нафари бошқарма ҳисобчиси ва методистининг фарзандлари бўлиб чиқди, яна бир нафари бошқарма бошлиғининг яқин танишининг ўғли экани аниқланди», — дейди Антикоррупция агентлиги раҳбари.
Унинг таъкидлашича, ўқувчиларнинг фестивалга бориб келиши учун маҳаллий бюджетдан 95 миллион сўм маблағ ажратилган. Яқин қариндошчилик ҳолати аниқлангач, уч боланинг ота-онасидан 28 миллион сўм маҳаллий бюджетга қайтарилган.
«Яна бюджетга зарар етказилган бўлса, уни ҳам қайтариш, шунингдек, таниш-билишчилик ҳолатларига йўл қўйгани учун мутасаддиларга, биринчи навбатда, бошқарма раҳбари ҳамда бошқа айбдорларга кескин, яъни лавозимдан озод этишгача бўлган чоралар кўриш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбариятига тақдимнома киритилди ҳамда айбдорларга қатъий чоралар кўриш сўралди. Бу юзасидан ўн кун ичида жавоб берилиши керак», — дейди Акмал Бурханов.
Тармоқларда тарқалган суратларга кўра, бу байрам учун таклиф хатини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятларига юборган, иштирокчилар рўйхатини шакллантиришда эса «таълим жараёнида юқори натижа кўрсатиб келаётган ҳамда миллий ва халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчиларга устуворлик бериш» тавсия этилган.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан билдирган муносабатида дастлаб мазкур тадбир учун 14 нафар иқтидорли ўқувчи ва 1 нафар масъулдан иборат делегация шакллантирилгани, аммо айрим ўқувчиларнинг хорижга чиқиш паспортлари ўз вақтида тайёр бўлмагани ва айримларининг ота-оналари сафарга рухсат бермагани сабабли рўйхат ўзгартирилгани, якунда «8 нафар аъло ўқувчи ва 2 нафар масъул» Россияга борганини маълум қилганди.
