Бухоро вилоятида икки нафар аёлни Туркияга фоҳишаликка юборишга уринган гуруҳ фош этилди, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, ҳолат Бухоро вилояти ИИБ ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, 23, 28 ва 29 ёшли икки эркак ва бир аёлдан иборат гуруҳ моддий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож, оилавий шароити оғир бўлган аёлларни нишонга олган. Улар қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бор икки аёлга Туркияга ишлаш учун жўнатишни ваъда қилган. Аслида эса уларни фоҳишаликка жалб қилишни режалаштирган.
3 февраль куни ўтказилган махсус тезкор тадбир давомида гумонланувчилар жабрланувчиларни Тошкент — Истанбул авиарейси орқали хорижга жўнатиш учун ҳужжатлаштираётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент халқаро аэропортида икки аёл ёш қизларни Таиландга ишга жойлаштириш баҳонасида фоҳишаликка олиб кетмоқчи бўлган вақтда ушланган эди. Қизлардан бирининг мурожаати асосида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жиноят фош этилган. Уларга нисбатан одам савдоси моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
