Эрон суди тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Наргес Муҳаммадини у очлик эълон қилганидан сўнг яна етти йилдан ортиқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб хабар бермоқда CNN.
Якшанба куни унинг тарафдорлари берган маълумотга кўра, Теҳрон умуммиллий норозилик намойишлари ва хавфсизлик кучлари қўлида минглаб одамлар ҳалок бўлганидан кейин ўзгача фикрловчиларга нисбатан босимни янада кучайтирмоқда.
Муҳаммадига нисбатан чиқарилган янги ҳукм Эрон АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан таҳдид қилинаётган ҳарбий зарбанинг олдини олиш мақсадида Вашингтон билан ядровий дастур бўйича музокаралар олиб боришга уринаётган бир пайтга тўғри келди. Эроннинг бош дипломати якшанба куни Теҳроннинг кучи «буюк давлатларга „йўқ“ дея олиш» қобилиятида эканини таъкидлади. У Ўмонда АҚШ билан ўтган музокаралардан сўнг ўз позициясини шундай қатъий тарзда ифодалаган.
Нобель-2023. Фото: nobelprize.org.
Муҳаммадининг тарафдорлари, жумладан, адвокат Мустафо Нили Х (Twitter) ижтимоий тармоғида жазо муддатини тасдиқлаб, ҳукм шанба куни Машҳад шаҳридаги Инқилобий суд томонидан чиқарилганини маълум қилди. Бундай судлар одатда айбланувчиларга ўзларига қўйилган айбловларга эътироз билдириш учун деярли имконият бермасдан ҳукм чиқариши билан ажралиб туради, дея таъкидлайди CNN.
«У „тил бириктириш ва ноқонуний тўпланиш“ айблови билан 6 йилга, „пропаганда“ учун эса 1,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, унга 2 йиллик хорижга чиқиш тақиқи ҳам қўйилди», — деб ёзди адвокат. Унинг қўшимча қилишича, Муҳаммади пойтахт Теҳрондан тахминан 740 километр жануби-шарқда жойлашган Хосф шаҳрига икки йиллик ички сургун жазосини ҳам олган.
Тарафдорларининг айтишича, Муҳаммади 2 февралда очлик эълон қилган, бироқ якшанба куни ҳукм чиқарилгач, соғлиғи ёмонлашгани сабабли уни тўхтатган. У 12 декабрда Машҳадда яшовчи 46 ёшли адвокат ва инсон ҳуқуқлари фаоли Хусрав Аликордини шарафлаш маросимида ҳибсга олинганди. Намойишдан олинган видеотасвирларда унинг Аликорди ва бошқалар учун адолат талаб қилиб қичқираётгани акс этган.
Унинг тарафдорлари декабрдаги ҳибсдан бир неча ой олдин 53 ёшли Муҳаммадининг яна қамоққа ташланиш хавфи борлигидан огоҳлантиришганди. У 2024 йил декабрида соғлиғидаги муаммолар туфайли қисқа муддатга чиқарилганди.
Бу «таътил» атиги уч ҳафта давом этиши керак бўлса-да, фаоллар ва Ғарб давлатларининг Эронга ўтказган босими натижасида Муҳаммадининг озодликдаги муддати узайтирилган. У ҳатто июнь ойида Эрон ва Исроил ўртасида бўлиб ўтган 12 кунлик уруш пайтида ҳам қамоқдан ташқарида қолган.
- Наргес Муҳаммади Эрон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари марказининг вице-президенти сифатида мамлакатда ўлим жазосини босқичма-босқич бекор қилиш тарафдори бўлган. 2021 йилда Эрон ҳукумати уни «давлатга қарши ташвиқот» учун 2,5 йил қамоқ ва 80 дарра уришга ҳукм қилганди.
- Наргес Муҳаммади 2023 йилда қамоқда бўлган пайтида Эронда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ўлим жазосини бекор қилиш борасидаги кураши учун Нобель мукофотига сазовор бўлган эди.
