Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев янги метан заправкалар қуриш ҳозирча маъқул эмаслигини, амалдаги станцияларни ҳам газ билан таъминлашда муаммо борлигини билдирди. Бу ҳақда у 6 февраль куни Қорақалпоғистонда тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтди.

Навоий вилояти Навоий туманидаги Munoy Green МЧЖ раҳбари Мухтор Тўлбаев компаниясига автомобилларга хизмат кўрсатиш, жумладан, бензин ва газ қуйиш шохобчаси қуриш учун ер ажратилгани ва барча ҳужжатлар тайёрланганини айтди. Унинг таъкидлашича, қурилишни бошлаш учун энергетика тизими томонидан қўшимча рухсат талаб қилинмоқда.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бу саволга жавобан ҳозирда метан заправкалар учун газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини билдирди.

«Газ-метан заправкага рухсат йўқ ҳозир. Бор метан заправкаларга булар [газ] етказдириб бера олмаяпти. Уни қурганингиз билан пулингиз шундоқ ётади. Сизга метан бермайди», — деди у.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ҳам тадбиркорлар бу масаладан хабардор қилинганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ўтган йилдан бошлаб янги метан заправкалар қурилишига амалда рухсат берилмаяпти.

Тадбиркор қурилишни бошлаш бўйича ҳомийлар босими борлигини айтди. Ходжаев эса бундай шароитда қурилишни бошламасликни тавсия қилди.

20 январдан бошлаб республикада метан заправкалари фаолиятига чекловлар киритилганди. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, бу ҳаво ҳароратининг пасайиши билан боғлиқ. 2 февралдан бошлаб эса Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларидаги метан заправкалар соат 10:00 дан 16:00 гача фаолият юритиши маълум қилинди. Фарғона водийсидаги шохобчалар иш вақти ҳокимликлар билан келишилган ҳолда белгиланади.