• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкент аграр университетида тракторчи-машинист ва агродронлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади


Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни қишлоқ хўжалигида янги ерларни ўзлаштириш ва соҳада илм-фанни янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Тақдимотда қишлоқ хўжалиги учун кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ҳозирда Тошкент давлат аграр университетида 13,6 минг талаба таҳсил олаётгани, бироқ ўқув жараёнининг амалиёт билан етарлича боғланмагани сабабли битирувчиларнинг атиги 55 фоизи ўз соҳасида ишлаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан таълим, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқаришни узвий боғлайдиган тизим яратиш, меҳнат бозори талабига мос мутахассислар тайёрлаш вазифалари белгиланди.

Жумладан, келгусида университет талабаларининг 6,8 минг нафари ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, корхоналар ва агрокластерларда, 2,6 мингдан зиёди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги 22 та илмий-тадқиқот институтида амалиёт ўтайди.

Шунингдек, фермер ҳамда унинг ходимлари фарзандларининг тест синовларида баллари қабул параметрларига етмаганда, миқдори камайтирилган тўлов-контракт асосида университетга қабул қилиш, еттита таълим йўналиши бўйича ўқиш давомийлигини 4 йилдан 3 йилга қисқартириш таклиф этилди. Талабаларни тракторчи-машинист гувоҳномаси ва агродронлардан фойдаланишга ўқитиш йўлга қўйилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда қишлоқ хўжалигида илм-фанни янги босқичга олиб чиқиш учун амалдаги институционал инфратузилмани ўзгартириш вақти келгани қайд этилди. Шу мақсадда соҳадаги 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория ҳамда 2,5 мингдан ортиқ олим ва илмий ходимларни ягона тузилма — Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясига бирлаштирилиши белгиланган.

Тақдимотда биотехнология ва молекуляр биология, ген инженерияси ва гибрид уруғчилиги, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, космик ва дрон технологиялари, ерлар деградацияси ҳамда соғлом тупроқ, органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, ветеринария, рақамли қишлоқ хўжалигини академия фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида белгилаш таклиф этилди. Академия фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, тақдимотда Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг фаолияти кўриб чиқилди.

Ўтган йилда 44 минг гектар самарасиз ерларда интенсив ва саноатлашган боғ ҳамда токзорлар ташкил қилиб, 37 минг иш ўрни яратилди.

Бу ерларда ташкил этилган боғ ва токзорлар 2027 йилдан ҳосил беришни бошлаб, йилига 660 миллион доллар мева-сабзавот экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. Масалан, Сўхда 500 гектарда олма, малина ва ўрик, Термиз туманида 164 гектарда ўрик ва шафтоли, Оҳангарон туманида 309 гектар, Булунғурда 550 гектар ҳамда Қувада 60 гектар ерда узумнинг «Аватар» нави, Поп туманидаги 504 гектарда эса шафтоли ва олхўри плантациялари ташкил этилди.

агродрон, тошкент давлат аграр университети, қишлоқ хўжалиги

Мазкур ишларни давом эттириб, 2026 йилда 25,5 минг гектар мевали боғлар ва 5 минг гектар узумзорлар ташкил қилиб, 48 минг доимий ҳамда мавсумий иш ўринларини яратиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳар йили Ўзбекистонга 60 миллион долларлик кўчатлар импорт қилинмоқда. Ушбу кўчатларни Европа стандартлари асосида мамлакатда тайёрлаш учун барча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу борада агентлик томонидан 200 дан ортиқ мева турларининг вирусдан холи, юқори ҳосилли оналик навлари коллекцияси яратилган. Ушбу мева турларини кўпайтириш ва барча ҳудудларга етказиб бериш мақсадида Бектемир туманида 50 гектар, Юқори Чирчиқ туманида эса 75 гектарлик «ин-витро» лабораториялари ва оналик кўчатхоналаридан иборат мажмуалар ташкил этилмоқда. Ушбу мажмуаларни йил якунигача ишга тушириб, йиллик 27 миллион дона кўчат тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Президент тақдимотда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *