Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза ва тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептурасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда академия матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ишланма Юқори молекулали ўсимлик моддалари кимёси лабораторияси мутахассислари томонидан яратилган. Олинган плёнкалар ташқи кўриниши ва механик хусусиятлари жиҳатидан синтетик полиэтилен плёнкаларга ўхшаш, бироқ табиат учун хавфсиз ҳисобланади.

Олимлар таъкидлашича, ушбу материаллар тупроқ ва сув муҳитида осон парчаланади ҳамда атроф-муҳитга зарар етказмайди. Шу боис уларни пластик чиқиндилар ҳажмини камайтиришда муҳим ечим сифатида кўриш мумкин.

Биоплёнкалар озиқ-овқат ва фармацевтика саноатида қўллаш учун ҳам истиқболли деб баҳоланмоқда. Маҳаллий ўсимлик хомашёси асосида ишлаб чиқилгани, экологик хавфсизлиги ва инсон саломатлигига зарарсизлиги унинг амалий аҳамиятини оширади.

Мутахассислар фикрича, мазкур ишланма пластик чиқиндилар билан боғлиқ экологик муаммоларни камайтиришга хизмат қилиши, шунингдек, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва барқарор келажакни таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин.

Аввалроқ Фанлар академияси олимлари халқаро ҳамкорлар билан биргаликда инфекцияланган яраларни даволашга қаратилган янги авлод кўп функцияли гидрогель яра боғламасини ишлаб чиққан эди. У юқори ёпишувчан, чўзилувчан, антиоксидант ва антибактериал хусусиятларга эга бўлиб, яраларнинг тез битишини таъминлайди.