Ўзбекистонда 2026 йилда 1 млн норасмий иш ўринларини легаллаштириш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 5 февралдаги 2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартиришга қаратилган қарорида кўзда тутилган.
Йил охирига қадар 1 млн иш ўрнини расмий секторга ўтказиш вазифаси қўйилган, бунда масъул давлат органлари учун ҳудудлар кесимида мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланган.
Хусусан, Солиқ қўмитаси 460 минг иш ўрнини легаллаштириши керак. Яна 125 мингта иш ўрни Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳиссасига тўғри келади, шунчаси — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 105 минг нафар ишловчини расмийлаштириш топширилган, Ижтимоий ҳимоя агентлигига — 100 минг нафар. Шунингдек, ишга Транспорт вазирлиги (75 минг) ва Туризм қўмитаси (10 минг) жалб этилади.
Ҳужжатга кўра, янгича тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ ҳоким ёрдамчиси хатлови асосида аниқланган норасмий бандлик ҳолатлари бўйича уларни бартараф этиш юзасидан «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида иш берувчиларнинг шахсий кабинетларига Давлат меҳнат инспекцияси томонидан огоҳлантириш хати юборилади.
Иш берувчилар томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолати 3 иш куни ичида ихтиёрий равишда бартараф этилмаган тақдирда, ушбу ҳолат тегишли корхоналар ва ташкилотларда Давлат меҳнат инспекцияси томонидан текшириш ўтказиш учун асос ҳисобланади.
Норасмий бандлик ҳолати аниқланган кундан бошлаб 1 ой муддат ичида иш берувчилар ходимлар билан меҳнат шартномасини расмийлаштириб, ҳисобланган ойлик иш ҳақларини тўлиқ тўлаб берган тақдирда, улар маъмурий жавобгарликдан озод этилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингини аниқлашда қуйидаги қонунбузилиш ҳолатлари балларни камайтирувчи қўшимча мезон сифатида белгиланади:
- тасдиқланган норасмий бандлик ҳолатлари;
- ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан паст ойлик иш ҳақларининг ҳисобланиши.
Шунингдек, норасмий меҳнат фаолияти легаллаштирилган фуқаролар ҳисобини юритиш тартиби ҳам белгиланди. Иш ўринларини «соя»дан чиқаришда қуйидагилар инобатга олинади:
- юридик шахсларда норасмий меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни расмийлаштириш (легаллаштириш);
- норасмий тадбиркорлик фаолиятини юритаётган фуқароларни юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш;
- давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият кўрсатаётган фуқароларни якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтказиш (бунда уларнинг ёлланма ишчилари ҳам инобатга олинади);
- рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган фуқароларни ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатдан ўтказиш;
- деҳқон хўжалигини юритиш учун ер майдонларини ижара ҳуқуқи асосида олган фуқароларни деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтказиш.
Ҳар ой йўналишлар ва маҳаллалар кесимида легаллаштирилган фуқаролар рўйхатлари 18-санадан кечиктирмай yangiish.mehnat.uz махсус платформасига киритилади.
20-санадан кечиктирмай Бандлик вазирлиги рўйхатни Солиқ қўмитасига тақдим этади, у иш ҳақи ҳисобланганини ва жисмоний шахслар даромад солиғи тўланганини тасдиқлайди. Шундан сўнг легаллаштирилган бандлик тўғрисидаги маълумотлар 25-санадан кечиктирмай Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь кунги видеоселектор йиғилишида ҳоким ёрдамчилари ва солиқ инспекторларига 2026 йилда камида 250 минг ходимни легаллаштиришни топширганди. Ижтимоий суғурта бўйича янги тизим яна 100 минг киши расмий ишга жойлашиши учун туртки бўлиши керак.
Президентнинг 4 августдаги фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда норасмий бандликка йўл қўйган иш берувчиларни 30 БҲМ (12,36 млн сўм), ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган тақдирда эса 100 БҲМ (41,2 млн сўм) миқдорида маъмурий жавобгарликка тортиш белгиланган эди. Бандлик вазирлигига кўра, ушбу чора меҳнат муносабатларини легаллаштириш ва ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Шу йилнинг августи ҳолатига мамлакатда банд бўлган 14 млн 213 минг нафар аҳолининг 5,5 миллиони (38,8 фоиз) норасмий секторда фаолият юритмоқда. Уларнинг қарийб 88,6 фоизи қуйида кўрсатилган соҳаларга тўғри келади:
- Қишлоқ хўжалиги — 3 млн 120 минг 851 (56.6%);
- Хизмат кўрсатиш — 1 млн 478 минг 408 (26.8%);
- Қурилиш — 147 минг 009 (2.7%);
- Умумий овқатланиш — 133 минг 665 (2.4%).
