• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Оғир» маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини ўрнатишга 230 млн доллар жалб этилади



Ўзбекистонда «оғир» маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини ўрнатишга жами 230 млн доллар маблағ йўналтирилади. Бу президентнинг 5 февралдаги 2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартиришга қаратилган қарорида кўзда тутилган.

Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда жойларда ўтказилган ўрганишлар асосида 37 та оғир тоифадаги туман ва камбағаллик даражаси юқори бўлган 903 та «оғир» маҳалла танлаб олинди.

Вазирлар Маҳкамаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда мазкур маҳаллаларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлайди. Шунингдек, бир ой ичида маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштиришга қаратилган ислоҳот дастурлари ишлаб чиқилиб, тегишли кенгашларга киритилади.

Дастурларда аҳоли томорқалари ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш, суғориш тизимларини яхшилаш, тадбиркорлик учун инфратузилмани ривожлантириш, электр ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, шунингдек, маҳаллаларни туман марказлари ва қўшни ҳудудлар билан боғловчи йўлларни реконструкция қилиш назарда тутилади.

Ҳар бир «оғир» маҳаллада амалга ошириладиган ислоҳот дастурларини молиялаштиришда маҳаллий бюджетдан ажратилган ҳар 1 млрд сўм учун республика бюджетидан қўшимча 2 млрд сўм ажратилади.

Энергетика вазирлиги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 майга қадар чуқур ихтисослашган 1 мингта маҳаллада қуввати 300−500 кВт бўлган кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш ва уларни 7 йил муддатга имтиёзли шартларда лизингга бериш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Шунингдек, 2026 йил 1 августга қадар ушбу станцияларни «оғир» маҳаллаларда даромад келтирадиган актив сифатида ишга тушириш режалаштирилган.

Кичик қуёш электр станцияларини қуриш ва ижтимоий реестрдаги оилалар уйларини «яшил» таъмирлаш ишларини молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Энергетика вазирлигига 110 млн доллар миқдорида фоизсиз ва қайтарилмайдиган маблағ ажратади. Бундан ташқари, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги чуқур ихтисослашган 1 мингта маҳаллада кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш учун халқаро молия институтларидан 120 млн доллар жалб қилиш бўйича таклиф киритади. Шу тариқа, «оғир» маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини ўрнатишга жами 230 млн доллар маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари «оғир» туманларнинг ихтисослашуви ва инфратузилмавий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқади. Уларда саноат зоналарини кенгайтириш, ирригация тармоқларини яхшилаш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштиришга қаратилган лойиҳалар қамраб олинади.

Мазкур дастурларни амалга оширишда маҳаллий бюджетдан ажратилган ҳар 1 млрд сўм учун республика бюджетидан 5 млрд сўм ажратилади. Бунда бир туман учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағ 50 млрд сўмдан ошмайди.

Президент 23 январь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида 903 та «оғир» маҳалланинг ҳар бирида 300 киловаттли кичик қуёш станциялари қурилиб, маҳаллага беғараз актив сифатида берилишини маълум қилган эди. Шу билан 400−500 млн сўм қўшимча даромад келтирадиган актив пайдо бўлиши, пуллар «яшил» чора-тадбирларни амалга оширишга сарфланиши айтилган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *