Ўзбекистон президенти 5 февраль куни кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжат бир нечта асосий мақсадларни белгилайди:
- марказлаштирилган иссиқлик тармоқларига уланган 1032 та кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш;
- мажбурий бадаллар ва тўловларни ҳисобга олишни «тўлиқ шаффоф ҳисоб-китоблар тизими»га ўтказиш ҳисобига дебитор қарздорликни камида 80 фоизга қисқартириш;
- кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида яширин иқтисодиётни қисқартириш, бюджет маблағларини ажратиш ва халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш ҳисобига оғир аҳволдаги 10 мингта уй-жойнинг ҳолатини босқичма-босқич яхшилаш;
- кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш.
Кўп квартирали уйларни таъмирлаш ва реконструкция қилишни ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштиришни молиялаштириш
2026−2030 йилларда марказлашган иссиқлик тармоқларига уланган кўп квартирали уйларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш дастурига халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 200 млн доллар йўналтирилади. Бу Самарқанд, Бухоро, Андижон ва Чирчиқ шаҳарларида жойлашган уйларга тегишли.
2026 — 2027 йилларда туман ва шаҳарлардаги кўп квартирали уйларни таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларда инфратузилмани қуриш ва реконструкция қилиш учун республика бюджетидан 1 трлн сўм ажратилади. Маблағлар болалар майдончалари, суғориш ва ирригация тизимлари, ҳожатхоналар ташкил этиш, йўлакларни бетонлашга йўналтирилади.
Бундан ташқари, 2026 йилда 1991 йилгача қурилган кўп квартирали уйларнинг электрон паспортини ишлаб чиқиш учун республика бюджетидан 79,5 млрд сўм ажратилади.
Шунингдек, 2026 йилда кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш ишларига республика ва маҳаллий бюджетлардан 1,8 триллион сўм маблағ ажратилади.
Уйларни бошқариш — «Менинг уйим» орқали
Тошкентда 1 июлдан бошлаб кўп квартирали уйлардаги умумий йиғилишларни ташкил этиш, ўтказиш ва қарорлар қабул қилиш, шартномалар тузиш, бошқарувчилар ҳисоботини тақдим этиш, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш фақатгина «Менинг уйим» тизими орқали амалга оширилади. 2027 йилдан бошлаб ушбу тартиб мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этилади.
Кўп квартирали уйларнинг умумий мол-мулкини ижарага бериш ва ундан фойдаланиш бўйича мажбурий тўловлар ва тушумлар ҳисоби ҳам фақат «Менинг уйим» орқали юритилади.
Кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулки ва унга туташ ҳудудларни сақлаш ҳамда таъмирлаш ишларининг йиллик режаси, шунингдек, аниқ иш турлари ва суммалари кўрсатилган смета умумий йиғилиш қарори билан тасдиқланади. Бу масала бўйича умумий йиғилиш қарори лойиҳаси ҳар йили январь ойида «Менинг уйим»да шакллантирилиши шарт.
Квартира тўлови кечиктирилгани учун пеня ундирилади
1 июлдан бошлаб кўп қаватли уйнинг банк ҳисоб рақамидаги маблағлар ҳар ойда биринчи навбатда уйнинг электр энергияси тўловига йўналтирилади. Уй эгаси ойнинг 15-санасига қадар уйнинг банк ҳисоб рақамига мажбурий тўловларни амалга оширмаса, қарздорлик тўлиқ қоплангунга қадар унинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилиш тўхтатилади. Эслатиб ўтамиз, бундай чорани жорий этиш 2024 йилдан бошлаб чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда электр энергияси учун тўловни чеклаш билан бир қаторда муҳокама қилинган эди.
Мажбурий тўловлар кечиктирилган ҳар бир кун учун улар суммасидан пеня ҳисобланади: юридик шахслар учун 0,4 фоиз ва жисмоний шахслар учун 0,1 фоиз, бироқ ҳар бир ой учун кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.
Ҳисобланган пеня тенг улушларда кўп квартирали уйнинг банк ҳисобварағига ва «Менинг уйим» тизимини сақлаш харажатларини қоплашга йўналтирилади.
Шу санадан бошлаб мажбурий тўловларни фақат банк карталари, шунингдек, электрон тўлов тизимлари ёки банк кассалари орқали амалга ошириш мумкин бўлади.
Ҳужжатда айтилишича, авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш учун бир кўп квартирали уйнинг маблағлари «Менинг уйим» тизими орқали ўша бошқарувчининг бошқарувида бўлган бошқа уйнинг эҳтиёжлари учун ишлатилиши мумкин, кейинчалик мулкдорлар олдида мажбурий ҳисобот берилади.
Кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини ижарага бериш E-auksion электрон платформаси орқали амалга оширилади, бунда барча маблағлар ушбу уйнинг банк ҳисоб рақамига йўналтирилади.
Қарзларни тартибга солиш
Ҳужжат тўлов интизомини кучайтириш билан бир қаторда қарз юкини енгиллаштириш чораларини ҳам назарда тутади.
Уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари олдидаги 94,6 млрд сўм миқдоридаги қарздорлиги кейинчалик тенг улушларда сўндириш шарти билан беш йил муддатга кечиктирилади. Шунингдек, ҳисобланган 18,6 млрд сўмлик пеняларни ҳисобдан чиқариш ва уларни ҳисоблашни тўхтатиш қўшимча равишда маъқулланди.
Шунингдек, собиқ ширкатлардан бошқарув компанияларига ўтган кўп қаватли уйларни таъмирлаш учун жалб қилинган 1,2 трлн сўм кредитларни қайтариш муддатларини фоизсиз уч йилга узайтириш кўзда тутилган.
Бош муҳандис
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари тузилмасига «уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш ва эксплуатация ишларини мувофиқлаштириш бўйича бош муҳандис» лавозими киритилди. Улар жами 89 та — барча туман ва шаҳарларда бўлади.
Улар ҳудудий бўлинма раҳбарининг ўринбосари ҳисобланади ва бевосита коммунал соҳага масъул вазир ўринбосарига бўйсунади.
Бош муҳандисларга кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий баённомаларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш учун ваколатли органларга юбориш ҳуқуқи берилади. Бундан ташқари, «Менинг уйим» тизимида бир ой ичида «Бошқарувчининг фаолиятидан қониқмайман» тугмаси умумий мулкдорларнинг 50 фоиздан ортиғи томонидан босилган бўлса, бош муҳандис ҳолатни ўрганиб, бошқарувчига нисбатан чора кўради.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги барча тузилмалар ишини мувофиқлаштирувчи ва жойлардаги масъул мансабдор шахслар фаолияти самарадорлигини баҳоловчи ваколатли назорат органи мақомига эга.
Gazeta аввалроқ сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига бошқарув сервис компаниялари хизматлари сифати бўйича сўров юборгани ҳақида ёзган эди. Бунга фуқароларнинг минглаб шикоятлари, мулкдорлар иштирокисиз ЖК тайинланиши, ҳисобдорликнинг йўқлиги сабаб бўлди. Сенат раҳбари буни «одамларнинг кайфиятига бевосита боғлиқ бўлган жиддий масала» деб атаганди.
