2026 йил бошидан буён Ўзбекистонда 187 нафар шахс рўйхатдан ўтмаган 104 та ов қуролини топширди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот хизмати хабар қилди.
Идоранинг Gazeta сўровига жавобан маълум қилишича, ўтган йили 2000 дан ортиқ киши ихтиёрий равишда 2012 та қуролни топширган.
Асосан мерос бўлиб қолган эски ов қуроллари, ов қуролларининг қисмлари, кам миқдорда пневматик ва айрим газ қуроллари топширилган, дея қўшимча қилишди департаментда.
Ўтган йил июль ойида ҳукумат қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра қурол, унинг қисмлари ва ўқ-дориларни ихтиёрий равишда ички ишлар органларига топширган фуқароларга пул мукофоти тўланиши белгиланган.
Мукофот миқдори қуйидагича: ўқ-дорилар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи, газли қурол учун — 15 фоиз, сигнал берувчи қурол учун — 25 фоиз, электрошок қуроллари учун — 30 фоиз, тиғли совуқ қурол учун — 50 фоиз, пневматик қурол учун — 1 БҲМ, стволсиз ўқотар қурол учун — 3 БҲМ, силлиқ стволли ўқотар қурол учун — 4 БҲМ, сойли стволли ва комбинацияланган ўқотар қурол учун — 5 БҲМ.
