2025 йилда Ўзбекистон консолидациялашган бюджети тақчиллиги дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ЯИМга нисбатан 2,1 фоизни ёки 39,4 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети сиёсати департаменти директори Шерзод Муҳамедов 30 январь куни журналистлар билан учрашувда маълум қилди.
Консолидациялашган бюджетга давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари киради.
Бюджет тақчиллиги даражаси тасдиқланган 3 фоизлик прогноз кўрсаткичидан паст бўлди.
2024 йил охирида тасдиқланган прогнозга кўра, 2025 йил учун консолидациялашган бюджет даромадлари қарийб 431 трлн сўм, харажатлар 480,5 трлн сўм ва тақчиллик 49,5 трлн сўмни ташкил этиши кутилганди. Йил якунларига кўра, амалда бюджет даромадлари 502,5 трлн сўмни, харажатлар 541,9 трлн сўмни, тақчиллик эса 39,4 трлн сўмни ташкил этди.
Шундай қилиб, даромадлар режалаштирилганига нисбатан 71,5 трлн сўмга ёки тахминан 16,6 фоизга, харажатлар эса прогнозга нисбатан 61,4 трлн сўмга ёки 12,8 фоизга ошди. Натижада консолидациялашган бюджет тақчиллиги 10,1 трлн сўмга (-20,4 фоиз) қисқарди.
Давлат бюджети

Йил якунига кўра давлат бюджети даромадлари прогноздан (308,5 трлн сўм) 16,6 фоиз ёки 51,2 трлн сўм кўпроқни — 359,8 трлн сўмни ташкил этди.
Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушумлар янада кўпроқ ўсиб, 49,1 трлн сўмгача етди. Бу режалаштирилган 33,7 трлн сўмдан 15,35 трлн сўмга ёки тахминан 45,5 фоизга кўп дегани.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси даромадлари ҳам прогноздан ошиб кетди: 22,3 трлн сўм прогноз қилинган бўлса, йил якунида бу кўрсаткич 28,2 трлн сўмни ташкил этди (+6 трлн сўм ёки тахминан 26,8 фоиз). Шу билан бирга, давлат мақсадли жамғармалари тушумлари кутилганидан (66,4 трлн сўм) бироз кам бўлди — 65,4 трлн сўм (-1,6 фоиз).
Давлат бюджети харажатлари 383,9 трлн сўмга етди — бу прогноздан (290,4 трлн) 32,2 фоизга кўп, яъни давлат бюджетидан режалаштирилганидан 93,5 трлн сўм кўпроқ маблағ сарфланди.
Шу билан бирга, давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари режадан анча паст бўлди: 117,2 трлн сўм миқдорида прогноз қилинган бўлса, амалда 63,6 трлн сўмни ташкил этди. Бу мақсадли жамғармаларнинг харажатлари режадагидан 53,5 трлн сўмдан ортиққа ёки тахминан 45,7 фоизга камайганини англатади.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари прогноздан (20,3 трлн сўм) ўртача миқдорда ошиб, 25 трлн сўмни ташкил этди (+4,7 трлн сўм ёки тахминан 23 фоиз).
Ташқи қарзлар ҳисобидан давлат дастурлари харажатлари режалаштирилган 18,84 трлн сўмдан 23,09 трлн сўмгача ошди (+22,5 фоиз).

Муҳамедовнинг таъкидлашича, 2026 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда ЯИМга нисбатан 3 фоиз миқдорида умумий фискал тақчиллик ҳам тасдиқланган.
Сўнгги олти йил ичида давлат бюджети даромадлари икки баравардан кўпроқ ошиб, 28,6 млрд долларга етди.
2026 йил учун давлат бюджети даромадлари 368,9 трлн сўм, харажатлари эса 402,7 трлн сўм миқдорида прогноз қилинмоқда.
Департамент директори харажатлар таркибида ижтимоий соҳанинг юқори улуши сақланиб қолаётганини таъкидлади. 2025 йилда бу соҳага харажатлар барча бюджет харажатларининг салкам 50 фоизини ташкил этган бўлса, 2026 йилда харажатларнинг деярли 55 фоизини ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашга йўналтириш режалаштирилмоқда.
У таълим харажатлари нафақат жорий молиялаштиришни, балки инвестиция дастурларини ҳам ўз ичига олишини алоҳида қайд этди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили 2026 йилга мўлжалланган вазифалар ҳақида сўз юритаркан, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш асосий устувор йўналишлардан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.
«Устувор йўналишлар қаторига давлат корхоналарини ривожлантириш, трансформация қилиш ва хусусийлаштириш, мамлакатда транспорт алоқаларини яхшилаш, тадбиркорликнинг инновацион йўналишларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида даромадларни ошириш ва сув йўқотишларини камайтириш ҳам киради».
Унинг сўзларига кўра, солиқ сиёсати бўйича 2026 йилда асосий ставкалар ўзгаришсиз қолдирилади.
Асосий ўзгаришлардан бири ҚҚС тушумларини маҳаллий бюджетлар фойдасига қайта тақсимлаш бўлди. Биринчи марта ҚҚС бўйича тушумларнинг Тошкент шаҳри бюджетига 5 фоизини ва қолган ҳудудлар бюджетларига 20 фоизини йўналтириш кўзда тутилмоқда.
Унинг таъкидлашича, бу чора маҳаллий ҳокимият органларининг солиқ тушумларини оширишдан манфаатдорлигини кучайтириш мақсадида қўлланмоқда.
Муҳамедовнинг қайд этишича, давлат бюджети тақчиллигини молиялаштиришга йўналтириладиган хусусийлаштиришдан тушумлар ҳажми 12 трлн сўм миқдорида белгиланган.
Бундан ташқари, 2026 йилдан бошлаб Ижтимоий суғурта жамғармаси орқали барча меҳнатда банд аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тўлаш тизими жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, йил охирида президент 2025 йилги давлат бюджетига давлат харажатларини 41,2 трлн сўмга (3,43 млрд доллар) оширишни кўзда тутувчи ўзгартиришларни тасдиқлади. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақини ошириш учун икки баробар кўп маблағ ажратилди — индексация кутилганидан эртароқ ва каттароқ ҳажмда ўтказилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва куч ишлатиш идоралари харажатлари 1,5 млрд долларга оширилди.
Иқтисодиётнинг қизиб кетиш хавфи
Gazeta жаҳонда олтин нархининг ошиши Ўзбекистон бюджетига қўшимча даромад келтиргани, шу сабабли ҳукумат харажатларни прогноздан тезроқ оширгани ҳақида ёзганди. 2025 йилнинг тўққиз ойида давлат бутун йилга мўлжалланган харажатлар режасини 90,4 фоизга бажариб бўлди.
Аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси ҳам Ўзбекистон ҳукуматига олтин нархининг бюджет харажатларига таъсирини юмшатишни тавсия этганди. Олтиннинг беқарор нархлари юқори нарх шароитида харажатларга инфляцион босим хавфини, паст нарх шароитида эса харажатларнинг қисқариши хавфини юзага келтиради. Бу, ўз навбатида, макроиқтисодий тебранишларни кучайтиради. Шу боис, Ўзбекистонга олтин нархидаги ўзгаришларнинг давлат харажатларига таъсирини имкон қадар камайтиришга интилиш тавсия этилди.
Бошқачасига айтганда, Ўзбекистоннинг давлат молияси олтин нархларининг ўзгаришига таъсирчан бўлиб, бундай тебранишлар бюджетни беқарорлаштириши мумкин.
«Хатарлар бюджетда режалаштирилганидан юқори даромадларнинг, шу жумладан, олтиндан олинган даромадларнинг даврий сарфланиши ҳамда директив ва имтиёзли кредитлаш дастурларини кенгайтиришга бўлган босим билан боғлиқ бўлиб, бу шусиз ҳам юқори талаб шароитида иқтисодиётнинг ҳаддан ташқари қизиб кетишига олиб келиши мумкин», — дейилади ХВЖ баёнотида.
