• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Солиқ қўмитаси ўзбекистонликларнинг хорижий компаниялар фойдасига амалга оширилган транзакцияларини ўрганмоқчи


Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда банкларга Ўзбекистондан хорижий интернет-компаниялар фойдасига амалга оширилган тўловлар ҳақида маълумот тақдим этиш бўйича сўровлар юборилгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Аввалроқ қатор Telegram каналларда Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекциясининг банкларга юборилган хатлари нусхалари эълон қилинган эди. Уларда сўнгги уч йил давомида 83 та хорижий интернет-сервис манзилига амалга оширилган маблағ ўтказмалари бўйича маълумотлар сўралган.

Манба: Ижтимоий тармоқлар

Қандай маълумотлар сўралган?

Хатга кўра, банклар 2023−2025 йилларда Ўзбекистонда солиқ ҳисобида турган хорижий компаниялар фойдасига жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган барча тўловлар ҳақида маълумот тақдим этиши керак.

Гап халқаро тўлов карталари (Visa, Mastercard), миллий тўлов тизимлари (Uzcard, Humo), шунингдек электрон ҳамёнлар орқали амалга оширилган пул ўтказмалари ҳақида бормоқда.

Ҳар бир транзакция бўйича тўлов санаси ва суммаси, шу жумладан АҚШ долларидаги эквиваленти кўрсатилиши талаб этилган. Маълумотлар белгиланган электрон манзилга уч кун ичида юборилиши керак.

Хатларда талаблар бажарилмаган тақдирда банклар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 215−3-моддаси (Солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиш тартибини бузиш) асосида маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги қайд этилган.

Шунингдек, солиқ тўловчилар операциялари ва ҳисобварақлари бўйича кўчирмаларни тақдим этмаганлик учун Солиқ кодексининг 229-моддасига мувофиқ жарима қўллаш имконияти ҳам тилга олинган.

Солиқ органлари маълум қилишича, маълумотларни йиғиш хорижий интернет-сервислар ҳисоботларида акс эттирилган солиқ суммаларининг тўғрилигини текшириш, шунингдек улар томонидан 2023 йилдан буён кўрсатилган хизматлар қийматини баҳолаш учун зарур.

Бундан ташқари, улар 2025 йил декабрь ойида имзоланган, яширин иқтисодиётга қарши кураш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармонига (ПФ-246) ҳам таянган.

Солиқ қўмитаси изоҳи

Солиқ қўмитаси аниқлик киритишича, сўров 2023—2025 йилларда жисмоний шахслар томонидан электрон хизматлар кўрсатган 83 та хорижий компания фойдасига амалга оширилган ўтказмалар бўйича «эгасизлантирилган» маълумотларга тааллуқли. Ахборот ҚҚСни тўғри ҳисоблаш ва тўлашни текшириш учун зарур.

Идора эслатишича, Солиқ кодексининг 278-моддасига асосан реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган электрон шаклдаги хизматларни реализация қилишни амалга оширувчи чет эл юридик шахслари бундай хизматларни жисмоний шахсларга кўрсатишга оид қисм бўйича солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.

Муассаса маълумотларига кўра, солиқ органларида 2025 йилда 23 та ва 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида 6 та электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар ҚҚС тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилган.

Солиқ кодексининг 88-моддасига асосан агар солиқ мажбуриятининг юзага келиши муайян воқеа ёки ҳаракат билан боғлиқ бўлса, агар ушбу Кодексда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати шу воқеа ёки ҳаракат содир бўлган пайтдан эътиборан уч йилни ташкил этади. Солиқ кодексининг 280-моддаси 2-қисмига асосан солиқ базаси электрон шаклидаги хизматларни реализация қилишнинг ҳақиқий нархларидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси ҳисобга олинган ҳолдаги қиймати сифатида аниқланади.

Қўмита қайд этишича, банкларга юборилган сўров Солиқ кодексининг 134-моддаси 3-қисмига асосланган бўлиб, айнан эгасизлантирилган маълумотга тегишли. Шу каби норма 2025 йил 10 декабрдаги яширин иқтисодиётни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони (ПФ-246) 2-иловасида ҳам назарда тутилган.

Банк сири-чи?

Bankers.uz нашри ёзишича, сўровда фуқароларнинг исм-шарифи сўралмаган бўлса-да, вазият ҳуқуқий жиҳатдан баҳсли бўлиши мумкин.

«Банк сири тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига кўра, банк сирига мижоз ҳақидаги маълумотлар, ҳисобварақлар ва омонатларнинг ҳолати, амалга оширилган операциялар киради.

Қонунчиликда «агар исми ёзилмаган бўлса, операциялар рўйхати банк сири эмас» деган тўғридан-тўғри истисно йўқ. Ҳатто эгаси кўрсатилмаган бўлса ҳам, мижознинг ҳисобварағидаги ҳар бир транзакция (вақти ва суммаси) банк сири объекти ҳисобланиши мумкин.

Ўзбекистон Конституциясининг 41-моддасида ҳам банк операцияларининг сир тутилиши кафолатланган. Бу ерда гап нафақат шахснинг кимлиги, балки унинг молиявий ҳаракатлари дахлсизлиги ҳақида ҳам кетмоқда.

Bankers.uz мурожаат қилган ахборот хавфсизлиги соҳаси мутахассислари фикрича, «деперсонализация» қилинган (шахси кўрсатилмаган) маълумотлар ҳам, агар улар жуда батафсил бўлса (аниқ вақт, секунд ва аниқ сумма), бошқа манбалар билан солиштириш орқали шахсни қайта тиклаш имконини бериши мумкин. Бироқ, солиқ органининг мақсади жисмоний шахсларни эмас, юридик шахслар (хорижий компаниялар) тушумини назорат қилиш эканлиги инобатга олинса, бу сўровни «умумлаштирилган таҳлил» (агрегация) учун деб оқлаш мумкин.

Солиқ кодексига кўра, солиқ органлари солиқ тўловчи (бу ҳолатда хорижий компания) фаолиятини текширишда банк маълумотларини олишга ҳақли. Лекин одатда бу «умумий айланма» (оборот) шаклида бўлиши керак. Хатда эса «ҳар бир транзакция» сўралиши банклар учун катта техник юк ва мижозлар операцияларининг Big Data`сини яратишга уринишдек кўринмоқда.

Солиқ қўмитасининг ушбу ҳаракати яширин иқтисодиётга қарши кураш ва рақамли хизматлар бозорини тартибга солиш йўлидаги мантиқий қадам бўлиши, фуқароларнинг исм-шарифи сўралмаганлиги эса ахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиш бўлиши ҳам мумкин.

Аммо, банклар ушбу маълумотларни тақдим этишда мижознинг операциялари махфийлигини сақлаб қолиш ва сўралган маълумотларнинг фақатгина аналитик мақсадларда ишлатилишига кафолат олишлари зарур. Акс ҳолда, ҳатто «исмсиз» рўйхатлар ҳам келажакда ҳар бир харидни назорат қилувчи прецедентга айланиб қолиши ҳеч гап эмас, деб ёзади нашр.

Gazeta аввалроқ хабар берганидек, мазкур фармон доирасида 2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда солиқ органларида рўйхатдан ўтмай фаолият юритаётган хорижий онлайн компанияларга чекловлар қўлланади. Уларга рўйхатдан ўтиш учун 30 кун берилади.

Ўшанда Солиқ қўмитаси Ўзбекистон фуқаролари томонидан хорижий юридик шахсларга юборилган пул операциялари бўйича эгасизлантирилган маълумотларни олишни режалаштираётганини маълум қилган эди. Бу фуқаролар хорижий онлайн платформаларда — фрилансерлик, таълим, кўнгилочар, обуналар ва рақамли хизматларда — хизматлар учун тўловларни амалга оширадиган ва шунингдек, хорижий бозорларда товарлар сотиб оладиган ҳолатларга ҳам тегишли.

Эслатиб ўтамиз, электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар 2025 йилда Ўзбекистонда 181,3 млрд сўм солиқ тўлаган. Apple, Meta ва Google мамлакатда жами 1,2 трлн сўм даромад қилиб, 142,9 млрд сўм ҚҚС тўлаган. Йирик хорижий солиқ тўловчилар бешталигига OpenAI ҳам кирган. Amazon ва Zoom’да эса пасайиш кузатилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *