• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Фарғона ва Тошкентда Россия фуқароларини алдаб, 120 минг долларга яқин маблағ ундирган шахсларга ҳукм ўқилди


Фарғона ва Тошкентда колл-марказ ташкил қилиб, Россия фуқароларидан катта миқдорда пул ундириб келган 34 кишидан иборат жиноий гуруҳ фош этилди, деб хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати. Гуруҳ ДХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушланган.

Маълум қилинишича, Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро раҳбарлик қилган жами 34 кишидан иборат гуруҳ Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олиб, колл-марказ ниқоби остида фаолият юритган.

Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари ахборот технологиялари орқали Россияда дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг 70 мингдан ортиқ мижозлари ҳақидаги маълумотларни қўлга киритган. Кейин операторлар махсус ўқитилиб, СIP-телефония ва Zoiper иловалари орқали асосан кекса ёшдаги фуқароларга қўнғироқ қилган.

Улар ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки банк ходимлари сифатида таништириб, гўёки сифатсиз дори ва қўшимчалар сотилгани сабабли мижозларга 500 мингдан 580 минг рублгача (тахминан 6500−7500 доллар) компенсация тўланишини айтган. Бу маблағни олиш учун эса 5 мингдан 20 минг рублгача (65−250 доллар) «солиқ» ёки турли тўловларни амалга ошириш кераклигига ишонтирилган.

Шу тариқа Россия фуқаролари алданиб, жиноий гуруҳ аъзолари тақдим этган турли банк пластик карталарига жами 9 млн 599 минг 561 рубль (124 500 доллар) ўтказиб берган.

Терговда гуруҳ ичида вазифалар тақсимлангани маълум бўлган: айримлари оператор сифатида қўнғироқ қилган, бошқалари молиявий ҳисоб-китобларни юритган, яна бир қисми эса Россияда банк карталари очиб, тушган маблағларни нақдлаштириш билан шуғулланган.

Шунингдек, жиноий гуруҳнинг уч нафар аъзоси лицензия олмасдан криптовалюта савдоси билан шуғулланиб, амалдаги тартибларга зид равишда қарийб 470 минг долларлик криптоактивлар айланмасини амалга оширган.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди ҳукмига кўра, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик), 243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 278−7 (Телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) ва 278−8 (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) моддалари билан айбли деб топилди. Уларнинг 21 нафарига 3 йил 6 ойдан 9 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Қолган 13 нафарига 4 йил 3 ойдан 4 йил 6 ойгача озодликни чеклаш жазоси ва жарималар қўлланди.

Жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш белгиланган.

Аввалроқ Тошкент вилояти ИИББ пойтахтнинг Чилонзор туманида «кибербункер» фаолиятига чек қўйган эди. Яширин колл-марказда 16 нафар оператор ишлаган, улар фуқароларга қўнғироқ қилиб, гўёки соврин ютиб олгани ҳақида хабар берган, сўнг ушбу совринни олиш учун кредит лимитидан маблағ ўтказишни сўраган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *