• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Йил охирида янгиланган 2025 йил бюджети. Давлат органлари харажатлари қандай ўзгарди?



Президент Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни 2025 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга давлат харажатларини оширишни назарда тутувчи тузатишларни маъқуллади.

Қонунчилик палатаси тегишли ҳужжатнинг қабул қилингани ҳақида хабар бермаган. Тузатишлар кўриб чиқилгани ва қабул қилингани хужжат Сенат томонидан кўриб чиқилаётганда маълум бўлди.

Gazeta тузатишлар ҳақида аввал ҳам ёзганди, шунга қарамай, йил охиридаги ўзгаришлардан сўнг бюджет моддалари қандай ўзгарганини батафсил таҳлил қилишга қарор қилди.

Республика бюджети харажатларининг кескин ўсиши

Энг муҳим ўзгариш вазирлик ва идоралар учун бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларига тааллуқли. Йил охирида давлат бюджети тўғрисидаги қонунга киритилган тузатишларга кўра (ҳукумат анъанавий равишда йил охирида аллақачон сарфланган маблағларни депутатларга тасдиқлатади), вазирлик ва идоралар учун харажатлар ҳажми 281,6 трлн сўмдан 322,9 трлн сўмга ошди.

Ўсиш 14,6 фоиздан ортиқни ёки 41 трлн сўмни (тахминан 3,4 млрд доллар) ташкил этди.

Ўзгаришлардан энг кўп манфаатдор ташкилот Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлди. Қўшимча маблағларнинг асосий қисми ушбу вазирлик орқали ўтказилди, чунки у субсидиялар ва трансфертларнинг бош тақсимловчиси ҳисобланади. Унинг бюджети 17,7 трлн сўмга — 96 трлн сўмдан 113,7 трлн сўмгача (+18,4 фоиз) ошди.

Якуний ҳужжатда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг асосий янги харажатлари акс эттирилган моддалар:

Пахтага субсидиялар. Якуний ҳужжатга янги харажат моддаси киритилди — фермерлар учун биржа савдолари орқали сотилган пахта хомашёсини субсидиялашга 3 трлн сўм;

Энергия самарадорлиги. Ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун 2,66 трлн сўмлик янги харажат моддаси киритилди;

Сирдарё вилояти инфратузилмасини ривожлантириш харажатлари алоҳида қаторга ажратилди — 910,8 млрд сўм;

Президент топшириқлари асосида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш харажатлари 2 трлн сўмдан 3,3 трлн сўмга оширилди;

Маҳаллалар инфратузилмаси. 1000 та «оғир» маҳалла инфратузилмасини яхшилаш харажатлари 1,4 трлн сўмдан 2,37 трлн сўмга оширилди;

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида «Янги Ўзбекистон» массиви ва Бурҳониддин Марғиноний мажмуасини барпо этиш, шунингдек, Марғилон саноат зонаси инфратузилмаси учун янги харажат моддаси — 234,9 млрд сўм;

«Паркентсой» турар жой массивида ташқи муҳандислик-транспорт коммуникациялари қурилишини молиялаштириш ва ушбу ҳудудда жисмоний ҳамда юридик шахсларга етказилган мулкий зарарни қоплаш учун янги харажат моддаси — 244 млрд сўм;

Республиканинг 15 та туман (шаҳар)ида тажриба тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги моделини жорий этиш харажатлари — 171 млрд сўм;

Вазирликнинг «яширин» захираси. «Кредиторлик қарзлари ва бошқа харажатлар» моддаси 60 млрд сўмдан 1,89 трлн сўмга оширилди. Бу вазирлик ичидаги кутилмаган харажатлар учун мўлжалланган эркин маблағлардир.

Харажатлар моддаларининг ҳаммаси ҳам оширилмаган. Баъзи позициялар бўйича харажатлар, аксинча, қисқартирилган.

Масалан, давлат қарзи бўйича фоизларни тўлаш харажатлари 20,46 трлн сўмдан 18,89 трлн сўмгача (-1,57 трлн) пасайтирилган. Бу аввалроқ сўмнинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши билан изоҳланган эди.

Таълим кредитларини молиялаштириш жамғармасига ўтказиладиган маблағ миқдори 2,8 трлн сўмдан 2,53 трлн сўмгача камайтирилган.

Якуний ҳужжатда дастлабки версияда бўлмаган устав капиталига ажратмалар бўйича янги харажатлар пайдо бўлган. Устав капиталини ошириш учун Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясига 500 млрд сўм, Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясига эса 137,7 млрд сўм ажратилган.

Газни ишлаб чиқариш ёки харид қилишнинг бозор қиймати ва уларнинг ички бозордаги чакана нархлари ўртасидаги фарқни қоплаш суммаси 7 трлн сўм миқдорида ўзгаришсиз қолган.

Бошқа вазирликлар

Энергетика вазирлигининг бюджети деярли 3 баробарга — 123 млрд сўмдан 351,7 млрд сўмгача оширилган. Хусусан, фуқароларнинг қуёш панелларидан электр энергиясини сотиб олиш учун субсидиялар қонуннинг дастлабки таҳририда 10 млрд сўмни ташкил этган бўлса, якуний вариантда 215 млрд сўмгача кўпайган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бюджети 1,99 трлн сўмдан 2,85 трлн сўмга (+864 млрд, ёки 43,4 фоиз) ошган. Харажатларнинг деярли барча ўсиши битта қатор билан боғлиқ — Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармасига ўтказиладиган маблағ 1,15 трлн сўмдан 2,02 трлн сўмгача ортган.

Ҳудудларнинг бош режалари ва архитектура-режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш харажатлари 100 млрд сўмдан 121 млрд сўмга оширилган.

Бунда қурилиш меъёрлари ва қоидаларини (ҚМҚ) ишлаб чиқиш харажатлари 50,2 млрд сўмдан 35,2 млрд сўмгача, 1991 йилгача қурилган эски уй-жойларни паспортлаштириш харажатлари 30 млрд сўмдан 23,5 млрд сўмгача, шунингдек, вазирликнинг жорий харажатлари (аппарат таъминоти ва бошқалар) 242 млрд сўмдан 211 млрд сўмгача қисқартирилган.

Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги бюджети 59,16 трлн сўмдан 59,62 трлн сўмгача ёки 462 млрд сўмга (+0,7%) ошган.

Якуний ҳужжатда лойиҳа тафсилотларида кўрсатилмаган ўзига хос харажатлар пайдо бўлган:

  • «Тоза қўллар» дастури: соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш учун 311,4 млрд сўм ажратилган.
  • Болалар боғчаларида овқатланиш: аутсорсинг усулида овқатланишни ташкил этиш учун 255,7 млрд сўм харажат қўшилган.

Чет эллик ўқитувчиларни жалб қилиш харажатлари 250 млрд сўмдан 240 млрд сўмга, таълим объектларини лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилиш харажатлари эса 4,01 трлн сўмдан 3,92 трлн сўмга қисқартирилган.

Транспорт вазирлиги бюджети 112 млрд сўмга ошиб, 6,71 трлн сўмдан 6,82 трлн сўмга етган. Тошкент метрополитени зарарларини қоплаш ва ташишлар хавфсизлигини таъминлаш харажатлари учун янги модда пайдо бўлган, ушбу мақсадларга 144 млрд сўм ажратилган.

Қонуннинг якуний таҳририда Президент администрацияси бюджети 1,86 трлн сўмдан 2,52 трлн сўмга ёки 662 млрд сўмга (+35,6 фоиз) оширилган. Аппаратни сақлаш ва операцион фаолият харажатлари 1,66 трлн сўмдан 2,27 трлн сўмга (+617 млрд сўм) ошган.

Якуний бюджетда янги сатр пайдо бўлган — 190 млрд сўм миқдорида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш. Таъкидлаш жоизки, бюджетнинг дастлабки версиясида ушбу жамғарма (худди шу 190 млрд сўм миқдори билан) Вазирлар Маҳкамаси бюджетида бўлган, лекин охир-оқибат у бевосита Президент администрацияси ихтиёрига ўтказилган.

Администрация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш харажатлари 200 млрд сўмдан 244 млрд сўмга ошган.

Рақамли технологиялар вазирлиги бюджети 532,4 млрд сўмдан 443,4 млрд сўмгача ёки 89 млрд сўмга (-16,7 фоиз) қисқарган.

Қисқартириш вазирликнинг жорий харажатларига тааллуқли.

Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси (у орқали АКТ соҳасидаги устувор лойиҳалар молиялаштирилади) харажатлари 203 млрд сўмга — 1,69 трлн сўмдан 1,89 трлн сўмгача ошган.

Асосий ўзгариш — «Хавфсиз шаҳар» ягона интеграциялашган тизимларини яратиш ва ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар бўлиб, улар 151 млрд сўмга ошиб, 415 млрд сўмни ташкил этган.

Фото ва видео қайд этиш камералари ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарималардан тушум 264 млрд сўмдан 360 млрд сўмга (+36,4 фоиз) кўпайган.

Ким камроқ маблағ олди ва қаерда бюджет ўзгармади?

Барча идоралар ҳам қўшимча маблағ олмаган. Харажатларнинг умумий ўсишига қарамай, айрим бюджетлар қисқартирилган ёки ўзгаришсиз қолган:

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бюджети 6,28 трлн сўмдан 6,11 трлн сўмгача қисқарган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги умумий бюджети 4,99 трлн сўмдан 4,96 трлн сўмгача бироз камайган, бунда асосий моддалар (онкология, гемодиализ, эмлаш) деярли ўзгаришсиз қолган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бюджети 21 трлн сўм даражасида сақланиб қолган. Болалар нафақалари ва кам таъминланган оилаларга ёрдам харажатлари (7,35 трлн сўм) ўзгармаган.

Бошқа харажатлар

Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси деярли икки баробарга кўпайиб, 1 трлн сўмдан 1,9 трлн сўмга етган.

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини, шунингдек, айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатлар 2 баробардан кўпроқ ошиб, 13,24 трлн сўмни ташкил этди — индексация муддатидан олдинроқ ва каттароқ ҳажмда ўтказилди.

Қабул қилинган ҳужжатда «бошқа ташкилотлар» — ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва куч ишлатар тузилмалар (Давлат хавфсизлик хизмати, ИИВ, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва бошқалар) харажатлари 36,7 фоизга ёки 18,36 трлн сўмга (1,53 млрд долларга) оширилиб, 49,99 трлн сўмдан 68,35 трлн сўмга етказилган. 2022 йилда бу харажатлар йил якунига кўра 2,2 трлн сўмга, 2023 йилда 1,91 трлн сўмга, 2024 йилда 2,6 трлн сўмга ошган эди. 2026 йил учун қабул қилинган давлат бюджети тўғрисидаги қонунда харажатларни яна 5,77 трлн сўмга (+8,4 фоиз) ошириб, 74,12 трлн сўмга етказиш кўзда тутилган.

Жорий харажатлар (иш ҳақи, техника, таъминот) 48,48 трлн сўмдан 67,19 трлн сўмгача (+18,7 трлн) кўпайган, капитал қўйилмалар (қурилиш) эса 1,5 трлн сўмдан 1,16 трлн сўмгача қисқарган.

Жамғармалар

Таққослама таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, пенсия тизими қўшимча маблағлар олган. Пенсия жамғармасининг умумий харажатлари 74,94 трлн сўм миқдорида режалаштирилган бўлса-да, якуний кўрсаткич 1,7 трлн сўмга ошиб, 76,64 трлн сўмни ташкил этган.

Пенсия жамғармаси барча харажатларни фақат ўз даромадлари (ижтимоий солиқ) ҳисобидан қоплаб бера олмайди, шу сабабли фарқ (тақчиллик) бюджет ҳисобидан қопланади. Якуний вариантда давлат томонидан қопланадиган бу фарқ миқдори ошган.

Дастлаб жамғарма давлатдан 18,55 трлн сўм олиши кўзда тутилган эди, бироқ якуний натижада трансферт 1,7 трлн сўмга оширилиб, 20,25 трлн сўмга етказилган.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси («суверен жамғарма»). Бу мамлакатнинг 2016 йилда ташкил этилган «ғазнасидир». Дастлаб, жамғарма бюджетдан капитал қўйилмалар ва олтин, мис ҳамда газни белгиланган чегаравий қийматлардан юқори нархларда сотишдан олинган қўшимча даромадлар (2019 йилгача) ҳисобига молиялаштирилган.

ТТЖ орқали мамлакат учун стратегик лойиҳалар молиялаштирилди, бироқ кейинчалик жамғарма маблағлари турли мақсадларда ишлатила бошланди.

Қонуннинг якуний таҳририда ушбу жамғармадан харажатлар кескин равишда 7,6 трлн сўмга — 20,3 трлн сўмдан 27,9 трлн сўмгача оширилган. Даромадлар прогнози 2,4 трлн сўмга кўпайиб, 22,2 трлн сўмдан 24,6 трлн сўмга етган.

Бюджетдан Автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармасига ўтказиладиган маблағлар 6,18 трлн сўмдан 7,67 трлн сўмгача (+1,5 трлн) ошган.

Ижтимоий ҳимоя жамғармасига ажратилган маблағ 1 трлн сўмга кўпайтирилган (1,8 трлн сўмдан 2,8 трлн сўмгача).

Давлат бюджетидан «Эл-юрт умиди» жамғармасига (Хорижда таълим олиш) ўтказмалар 600 млрд сўмдан 500 млрд сўмгача, Миграция жамғармасига 100 млрд сўмдан 50 млрд сўмгача, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига эса 715 млрд сўмдан 558,1 млрд сўмгача қисқартирилган.

Давлат активларини бошқариш жамғармаси бюджети давлат мулкини сотишдан кутилаётган даромадларни сезиларли даражада ошириш мақсадида қайта кўриб чиқилган. Хусусийлаштиришдан олинадиган даромадлар прогнози 11,8 трлн сўмдан 13,2 трлн сўмга оширилган.

Мулкий зарарни қоплаш бўйича мақсадли жамғарма қўшимча 150 млрд сўмга тўлдирилган — 550 млрд сўмдан 700 млрд сўмгача.

Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги йил давомида бюджет харажатларини ошириш бўйича ташаббусларни парламент муҳокамасига киритмагани ҳамда депутатларга қўшимча харажатлар зарурлиги бўйича асослар тақдим этмагани маълум қилинди. Давлат бюджетига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига йил охирида тақдим этилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *