Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Маъмурий амалиёт марказида фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун колл-марказ фаолияти йўлга қўйилди, деб хабар берди бошқарма матбуот хизмати.
У орқали жисмоний ва юридик шахслар йўл ҳаракати қоидабузарликлари юзасидан кўриб чиқилган маъмурий ишлар, шунингдек қабул қилинган қарорлар бўйича шикоят ва таклифларини билдириши мумкин.
Фуқаролар колл-марказ мутахассислари билан боғланиб, қарорлар юзасидан қўшимча маълумот олиши, уларнинг тўғри ёки нотўғрилигига ойдинлик киритиши ва мурожаатларига ечим топиши мумкин.
Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигига оид саволлар, таклиф ва мурожаатлар ҳам қабул қилинади.
Колл-марказ телефон рақамлари: +998 95 954 34 32, +998 95 954 31 37, +998 95 954 31 36, +998 95 954 30 39
Бундан ташқари, мурожаатларни Telegram орқали ҳам юбориш мумкин. Бунинг учун @YHXB01 манзилига ёзиш орқали ЙҲХБ фаолиятига оид савол ва шикоятларни йўллаш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун чиқарилган жарима юзасидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) орқали ҳам шикоят қилиш мумкин. Юборилган шикоят аризалари 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. Мурожаат кўриб чиқилаётган вақт мобайнида жарима учун белгиланган чегирма муддати тўхтатиб турилмайди. Агар мурожаат қўшимча ўрганишларни талаб этган тақдирда мурожаат этувчи ЯИДХП орқали хабардор қилинади. Шикоят асосли деб топилган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилади.