Ўзбекистон давлат идораларига қилинган киберҳужум туфайли 15 млн фуқаронинг маълумотлари эмас, балки 60 мингга яқин уникаль ёзув ўғирланган. Бу ҳақда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Вазирнинг қайд этишича, 2026 йил 27−30 январь кунлари 3 та давлат идорасининг ахборот тизимларига киберҳужумлар бўлган.
«Darknet’да 15 миллион фуқаронинг шахсий маълумоти сотиляпти деган хабар чиқди. 15 млн уникаль одамнинг маълумоти сотувда йўқ. Агар бўлса топинглар. 15 миллион катта рақам, паспорт олган аҳолимизнинг ярмидан кўпроғи дегани бу. Унақа маълумот йўқ», — деди Шерматов.
Унинг айтишича, исталган давлат идораси тизим яратаётганда 3 босқичли киберхавфсизлик бўйича сертификациядан ўтиши керак. Лекин баъзи идоралар шошиб, сертификациядан ўтмай тизимни ишга тушириб юбориши мумкин. Кўпинча ҳолатда, унинг қайд этишича, айнан сертификациядан ўтмаган тизимларга бузиб кириш ҳолатлари бўлади.
«Биринчи навбатда, ҳали 15 миллион нафар фуқаронинг ҳаммасининг маълумоти интернетда чиқиб кетди, ҳаммаси сотиляпти деган нарса ҳақиқатга тўғри келмайди. Агар бўлса, сотиб олинглар-да, мана кўрсатинглар. Иккинчидан, албатта, ҳужум бўлган. Яхши ҳакер, кучли ҳакер бўлган. Ҳаракатини қилган, қайсидир тизимга кирган ҳам. Яхши нарса бу — баҳонада бошқа тизимларни ҳам ўрганишга, яна шу нарсага сергакликни ортишига ёрдам беради. Қанчадир миқдордаги қайсидир тизимлардан қанақадир маълумотлар ҳам чиққан», — деди Шерматов.
Шунингдек, Шерматов маълумотлар учта давлат идораларидан ўғирланганини маълум қилди.
2 февраль куни ижтимоий тармоқлар ва Reddit’да Ўзбекистоннинг давлат ахборот тизимларидан олинган фуқароларнинг шахсий маълумотлари дарк вебда эълон қилингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан 3 февраль куни Киберхавфсизлик маркази изоҳ бериб, ўрганиш ишлари олиб борилаётгани, натижаси бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.
Миллий статистика қўмитаси онлайн аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари тармоққа сизиб чиққани ҳақидаги тахминга жавобан барча маълумотлар алоҳида серверда шифрланган ҳолда сақланишини маълум қилди.
ONESEC корпоратив киберхавфсизлик бўйича директори Дмитрий Палеевнинг таъкидлашича, ҳақиқий таҳдид жуда бўрттирилган ва ҳақиқатга тўғри келмаслиги мумкин.
Кейинроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўзининг эскирган маълумотлар базасига киберҳужум уюштирилганини тасдиқлади ва ушбу факт бўйича текширув ўтказилаётганини маълум қилди.