Ўзбекистон ҳудудида Миллий координаталар тизими жорий этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 10 февралдаги қарорида кўзда тутилган.
Қарорга мувофиқ, мамлакатда геодезия, картография ва кадастр соҳаларида ягона координаталар тизимини жорий қилиш, маълумотлар базасини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби белгиланди.
Ҳужжат талаблари давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади. Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш Кадастр агентлиги зиммасига юклатилди. Кадастр агентлиги уч ой муддатда Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини шакллантириш ва унинг веб-саҳифасини ишлаб чиқиш бўйича техник топшириқни тасдиқлаши, 2026 йил 1 сентябрга қадар ахборот тизимини тўлиқ ишга тушириши керак.
Давлат органлари ва ташкилотлар 2030 йил 1 январга қадар амалда фойдаланилаётган барча координата тизимларини мазкур базага киритишни таъминлайди. Шу санадан бошлаб фақат Миллий координаталар тизимига киритилган маълумотлардан фойдаланишга рухсат берилади.
Ҳужжат билан 2017 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон ҳудудида халқаро геодезия координата тизимларини қўллаш ва улардан очиқ фойдаланиш тўғрисида»ги қарор ўз кучини йўқотган деб топилди.
Миллий координаталар тизими Ўзбекистон Республикасида бажариладиган геодезия ва картография фаолиятига оид ишларни халқаро нормалар талабларига мувофиқлаштириш, барча геофазовий маълумотларни ягона координаталар тизимида интеграция қилиш, уларни аниқ ва ишончли бошқариш, геодезия, картография ҳамда навигация соҳаларида геодезия ўлчовларини тартибга солиш, шунингдек, Миллий координаталар тизими маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилади.
Ушбу тизим Миллий геодезия референс датуми, Ер гравитация майдони модели, давлат геодезия тармоғи пунктлари ва маълумотлар базасидан иборат бўлади.
Миллий координаталар тизимининг бошланғич ноль нуқтаси Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги Чўпонота тепалигида жойлашган Давлат геодезия пункти ҳисобланади. У Ўзбекистон Миллий координаталар тизими учун бош геодезия таянч пункти ҳисобланади.
Қарорга кўра, геоахборот тизимлари, топографик хариталар ва режалар янги Миллий координаталар тизимига босқичма-босқич трансформация қилинади. Давлат хариталари белгиланган даврийликда янгиланади.
Шунингдек, давлат ахборот ресурслари ва картография материаллари UZREF24 проекцияланган координаталар тизими асосида ишлаб чиқилади.
Қарор ижроси устидан назорат Бош вазир ўринбосарлари зиммасига юклатилди. Миллий координаталар тизими талабларини бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудида Миллий координаталар тизимини жорий этиш президентнинг 2022 йилги қарорида белгиланган бўлиб, 2023 — 2026 йилларда давлат кадастрлари, геодезия ва картография соҳасини ривожлантириш бўйича йўл харитасига киритилган эди.
