Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини янгилаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 12 февраль куни президент Шавкат Мирзиёевга қилинган тақдимот чоғида сўз борди.
Тизимда институционал ўзгаришлар кутилмоқда. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги («Ўзстандарт») тузилмасидаги ташкилотлар сонини бештадан учтагача қисқартириш бўйича қарор қабул қилинди — бу UzTest илмий синов ва сифат назорати марказини тугатиш ҳамда Аккредитация марказини Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказиш ҳисобига амалга оширилади.
Шунингдек, синов ва сертификатлаштириш хизматларини тўлиқ хусусий секторга ўтказиш таклиф этилмоқда. Ҳозирги вақтда хусусий секторда иқтисодиётнинг барча тармоқларини қамраб олувчи 207 та синов лабораторияси ва 73 та сертификатлаштириш муассасаси фаолият кўрсатмоқда.
Соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун етакчи халқаро компанияларни, жумладан, Intertek (Буюк Британия), SGS (Швейцария), Bureau Veritas (Франция) ва TÜV (Германия) компанияларини жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда, шунингдек, «СUz» миллий мувофиқлик белгисини жорий этиш, аккредитация органлари мустақиллигини таъминлаш, синов лабораториялари фаолиятини рақамлаштириш, метрология тизимини ислоҳ қилиш ва эталон базасини кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
UzTest фаолияти бир неча бор танқид қилинган. 2024 йил кузида жорий этилган Пискент туманидаги полигонда автомобилларни синовдан ўтказиш амалиёти машиналар импортида узун навбатлар ва қўшимча харажатларга олиб келган эди. Ушбу тартиб 2025 йил сентябрь ойида бекор қилинган.
Бу вазият, шунингдек, манфаатлар тўқнашувига ҳам сабаб бўлган. «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра, техник жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари доирасида битта орган томонидан давлат назорати ва мувофиқликни тасдиқлаш ваколатларининг бирлаштирилишига йўл қўйилмайди (автомобиллар мувофиқлигини индивидуал тартибда баҳолаган UzTest Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг бўйсунувидаги муассаса ҳисобланади). Бундан ташқари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида тадбиркорларни камситиш ва инсофсиз рақобат учун шароит яратиш тақиқланади. Савдо-саноат палатаси UzTest ҳаракатлари маҳаллий автоишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишга қаратилганини тан олганди.