• Вс. Мар 8th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Давлат арбоби, зиёли ва интеллектуал». Ҳамкасблари ва шогирдлари — профессор Мир-Акбар Раҳмонқулов ҳақида


11 февраль куни таниқли давлат ва жамоат арбоби, ҳуқуқшунос олим, юридик фанлар доктори, профессор Мир-Акбар Ҳожиакбарович Раҳмонқулов 74 ёшида вафот этди. У Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатига оид давлат дастурлари, концептуал ҳужжатлар ва қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган. У мамлакатдаги конституциявий ислоҳотлар муаллифларидан бири эди.

Сўнгги йилларда Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтига раҳбарлик қилган ва Сенат аъзоси бўлган. Турли йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг биринчи проректори, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори, Президент ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти директори ўринбосари, Президентнинг давлат маслаҳатчиси, Президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби каби масъулиятли лавозимларда фаолият юритган.

Gazeta Мир-Акбар Раҳмонқуловнинг ҳамкасблари ва шогирдларидан у ҳақдаги хотиралари билан ўртоқлашишни сўради.

Элдор Арипов, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори

Бугун ҳақиқий ватанпарвар, бутун бир давр тимсоли бўлган инсон — Раҳмонқулов Мир-Акбар Ҳожиакбарович вафот этди. Унинг ҳаёт ва касбий йўли мамлакатга бўлган чинакам садоқат ва юксак ички интизом намунасидир. Унинг иштирокида Ўзбекистон давлатчилиги ривожининг назарий, норматив-ҳуқуқий ва институционал асосларини белгилаб берган кўплаб концептуал ҳужжатлар ишлаб чиқилган.

Мир-Акбар Ҳожиакбарович ўз юртининг асл ватанпарварларидан эди. У Ўзбекистонни чин дилдан ва чуқур севар, унинг келажагига ишониб яшар эди. Унинг севимли ибораси доимо «байроқ учун ишлаш» бўлган. Бу сўзлар замирида унинг ҳаётий фалсафаси мужассам эди — лавозим ёки эътироф учун эмас, балки Ватан учун, унинг мустақиллиги ва обрў-эътиборини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилиш.

Президентнинг ишончи ва мамлакат фаровонлиги йўлида меҳнат қилиш имконияти берилгани у киши учун катта шараф ва юксак масъулият эди. У буни алоҳида бурч деб биларди ва ҳеч қачон шахсий манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўймасди. Миллий манфаатларни ҳамма нарсадан баланд тутарди ва бу йўлда ўзини асло аямасди. Таътил ва дам олиш кунларисиз, ўзини бутунлай ўзи содиқ бўлган ишга бағишлаб меҳнат қиларди.

Мир-Акбар Ҳожиакбарович Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ташкил этилишининг тамал тошини қўйган инсонлардан бири эди. Ўша даврда у республика учун мутлақо янги бўлган хавфсизлик ва стратегик режалаштириш соҳасидаги тадқиқотлар йўналишини шакллантириш масъулиятини ўз зиммасига олганди.

Мир-Акбар Ҳожиакбарович таҳлилий ишларда тизимли таҳлил тамойилларини изчил жорий этган шахслардан бири бўлган. У материалларни тайёрлаш, таърифларнинг аниқлиги ва далилларнинг чуқурлигига ўта юқори талаблар қўярди. Мазмун ва моҳиятга дахлдор ҳар қандай масалада у ниҳоятда синчковлиги билан ажралиб турарди. Ҳатто энг оддий туйилган масалани ҳам моҳиятигача ўрганишга, яширин боғлиқликларни, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатар ва оқибатларни кўра билишга интиларди.

У ёш кадрларга алоҳида меҳр ва эътибор билан қарарди, шу боис ҳамма у билан ишлашни хоҳлар ва бунга интиларди. Бунинг шарофати билан у бутун бир мутахассислар авлодини тарбиялаб етиштирди. Унинг ёнида меҳнат қилганлар учун у нафақат раҳбар ёки устоз, балки маънавий мезон, принципиаллик, зиёлилик ва ўз ватанига фидокорона хизмат қилиш намунасига айланди.

Мир-Акбар Ҳожиакбарович ҳайратланарли даражада серқирра инсон эди. У айкидо бўйича қора белбоғ соҳиби бўлган, скрипкани маҳорат билан чалган ва ўзига хос нозик юмор туйғусига эга эди. Унинг мутойибалари ҳар қандай таранг вазиятни юмшатар, мулоқотни жонли ва самимий қиларди.

Унинг хотираси нафақат давлат ҳужжатлари саҳифаларида, балки биринчи навбатда одамларнинг қалбида, шогирдларида, у асос солган тафаккур мактабида ва бизга мерос қилиб қолдирган давлатга хизмат қилишнинг юксак мезонларида яшайверади.

Юридик фанлар доктори, профессор Комил Рашидов, Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти Иқтисодиёт соҳасидаги қонунчилик сектори мудири

Менга Мир-Акбар ака билан 30 йилдан ортиқ вақт давомида (1992 йилдан бери), Тошкентда аспирантурада ўқиб юрган пайтларимдан буён бирга бўлиш бахти насиб этди. Бизни у кишининг оталари — менинг илмий раҳбарим, академик Ҳожиакбар Раҳмонқулович таништирган эди.

У киши ҳозирги кунда ҳам талаб юқори бўлган ўзбек таҳлилчилар мактабини яратди ва уни ҳар томонлама ривожлантирди. Мир-Акбар Ҳожиакбарович давлат хизматини устозлик билан маҳорат ила уйғунлаштира олди, ёш олим ва мутахассисларга хайрихоҳлик билан ёрдам бериб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Унинг раҳбарлигида жуда кўплаб фан номзодлари ва докторлари ҳимояга кирди. У шогирдларига ўрганилаётган масала моҳиятини фанлараро тадқиқ қилиш кўникмаларини сингдирди ва шу билан бирга, тажрибали педагог сифатида ҳар бир шогирдига ўз ичида виждонлилик ҳамда ҳуқуқни суиистеъмол қилишдан тийилиш тамойилларини ривожлантиришни уқтирди.

У камдан-кам учрайдиган кенг қалб эгаси эди, дўстликни, жумладан, мактаб ва талабалик давридаги дўстликни чин дилдан қадрларди. Бугунги юристлар авлоди юридик факультет битирувчилари бўлган Мир-Акбар Ҳожиакбарович ва Иса Ахлиманович Ҳамедов (бундан икки ой аввал, декабрда вафот этган эди) ўз халқига хизмат қилиш ва жамиятни ривожлантириш йўлидаги фаол, фойдали илмий-педагогик ҳамда давлатчилик фаолиятининг қадрини қандай кўрсатиб берганларини билади ва бунга ҳавас қилади. Улар бутун ҳаётлари давомида бир-бирларини қўллаб-қувватлаган, ҳаётий ҳазил-мутойиба қилсалар-да, лекин доимо донишмандлик билан йўл тутиб, долзарб масалаларни ишбилармонлик билан ҳал қиларди.

Менинг учун ҳам қонунчиликни мустаҳкамлаш, давлатимизда инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга беқиёс ҳисса қўшган шундай қувноқ ва топқир устознинг бизни тарк этганини ҳис қилиш жуда оғир. Ушбу воқеага қадар у янгиланган Конституцияга шарҳларни якунлаш, фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш ва академик ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги режалари билан конструктив тарзда ўртоқлашаётган эди.

Гулноза Исмаилова, Президент ҳузуридаги «Эл-юрт умиди» истиқболли кадрларни тайёрлаш жамғармаси ижрочи директори

Устознинг тўсатдан вафоти ҳуқуқшунослар ҳамжамияти учун ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишдир. Мир-Акбар Ҳожиакбарович мустақил Ўзбекистон давлатчилиги шаклланишининг тамал тошини қўйганлар қаторида эди. У илмий тадқиқотчиликдан тортиб, олий давлат лавозимларигача бўлган шарафли ва ибратли йўлни босиб ўтиб, ҳуқуқшунослик фани ва давлат бошқаруви тизимида чуқур ва мустаҳкам из қолдирди.

Унинг илмий тафаккури ва амалий фаолияти давлатчилик асосларини яратиш ҳамда давлат бошқаруви тизимини кейинчалик модернизация қилиш билан узвий боғлиқ эди. Мир-Акбар Ҳожиакбаровичнинг кўп йиллик меҳнати қонунийликни мустаҳкамлашга, барқарор ҳуқуқий тартиботни шакллантиришга ва давлат институтларини ривожлантиришга хизмат қилди.

Унинг ҳуқуқ ва сиёсат моҳиятини теран англаши энг муҳим қонунчилик ташаббусларини қабул қилиш ҳамда ҳуқуқий тизимда туб ўзгаришларни амалга оширишда қўл келди. У нафақат мамлакатимизда, балки унинг ташқарисида ҳам ҳуқуқшунослик фани ва давлат бошқаруви соҳасида тан олинган эксперт эди. Унинг илмий асарлари ва давлат миқёсидаги ташаббуслари Ўзбекистон ҳуқуқий тизимини модернизация қилиш учун мустаҳкам пойдевор бўлди. Унинг тадқиқотлари конституциявий ва маъмурий ислоҳотларни тайёрлаш ва ўтказишда асос бўлиб хизмат қилди. Унинг раҳбарлигида чуқур илмий лойиҳалар амалга оширилди, ҳуқуқий тафаккурнинг янги йўналишлари шаклланди.

Аммо энг қимматли мероси — унинг шогирдларидир. У профессионалларнинг бутун бир авлодини тарбиялади ва уларнинг орасида бўлиш мен учун улкан шарафдир. У киши билан ҳар бир учрашув ҳақиқий мактаб — тарихга саёҳат, донишмандлик ва инсоний теранлик дарси эди. У энг мураккаб давлат жараёнларини оддий ва тушунарли қилиб, енгил ирония билан тушунтириб бера оларди, бу эса ўз хатоларимизни юксалиш йўлидаги босқичлар сифатида қабул қилишимизга ёрдам берарди.

Унинг шогирдларига бўлган оталарча муносабати, ҳар бир инсонга нисбатан эътиборлилиги ва самимий ғамхўрлиги у кишининг қалби нақадар кенг бўлганидан далолат берарди. Ундан алоҳида бир нур — хотиржамлик ва ички куч, эътиқоднинг мустаҳкамлиги ва шу билан бирга камдан-кам учрайдиган мулойимлик таралиб турарди.

Мир-Акбар Ҳожиакбаровичнинг хотираси у кишининг илмий ишларида, шогирдларининг амалий фаолиятида, юртимиз ҳуқуқшунослари ва давлат арбобларининг қалбида доимо яшайди. Унинг мероси фақат илмий ишлар саҳифаларидан иборат эмас, балки давлат ва ҳуқуқ йўлида хизмат қилишнинг барҳаёт анъанасидир.

Азиза Умарова, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Натижаларга эришишни бошқариш гуруҳи (Delivery Unit) координатори

Facebook’даги пост: Бирин-кетин бутун бир авлод кетмоқда. Яқиндагина маъмурий ҳуқуқ гиганти — Иса Ахлиманович [Ҳамедов] вафот этган эди. Мана энди — Мир-Акбар Раҳмонқулов…

[У] конституциявий ислоҳотлар муаллифларидан бири ва ғоявий илҳомлантирувчиси эди. Ислом Каримов даврида ҳам узоқ йиллар давомида давлат ривожининг стратегик ва институционал қарашларини шакллантирган шахслар қаторида бўлган…

Мир-Акбар Ҳожиакбарович билан шахсан танишиш менга 2015 йилга келибгина — у киши директор ўринбосари бўлиб ишлаётган Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтида насиб қилди. У киши ва жамоаси билан учрашувда икки соат бўлдик. Маъмурий ислоҳотлар зарурлигини муҳокама қилдик. Ўша икки соат ичида мен у кишининг шахсияти, эрудицияси ва тизимли фикрлашига мутлақо қойил қолган эдим. У мен учратган энг йирик интеллектуаллардан бири бўлиб туйилганди.

У таассурот уйғотишни биларди ва ўзи қолдираётган таассуротни жуда яхши англарди. Йиллар ўтди, лекин у кишининг нақадар муҳим шахс бўлгани ва ички маҳобати ҳақидаги туйғу ҳамон сақланиб қолган… Шунингдек, у скрипка чаларди. Дўстларидан бирининг айтишича, яқинлари у кишини мусиқани нозик ҳис эта олиши ва ноёб мусиқий қобилияти учун «Ўзбекистоннинг олтин қулоғи» деб аташган.

Ўн йилликлар миқёсида фикрлайдиган ҳақиқий давлат арбоби, зиёли ва интеллектуал инсон оламдан ўтди.

Фузаил Маҳмудов, Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси «Гуманитар ва ижтимоий фанлар» мактаби доценти

Мен у киши билан 2018 йилда танишганман ва ўшандан бери у менинг тадқиқотларимда илмий маслаҳатчим ва устозимга айланган. У мен учун нафақат устоз, балки қўллаб-қувватлашни, йўналтиришни ва руҳлантиришни биладиган донишманд мураббий ҳам эди.

Бу инсонда ноёб фазилатлар — чуқур билимдонлик, доимий равишда ўзини такомиллаштиришга интилиш, ўзига нисбатан юксак талабчанлик ғайритабиий тарзда уйғунлашган эди, шу билан бирга, у росмана камтар инсон бўлиб қолди…

Ўз тадқиқотлари ва амалий ишлари билан у барқарор бошқарув моделларини шакллантиришга, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга ва давлат тузилмаларига нисбатан жамият ишончининг ортишига ёрдам берди. Мир-Акбар Ҳожиакбарович принципиал эди, узоқни кўра биларди ва доимо Ватанга, миллатга бўлган муҳаббатини намоён этарди. Шу туфайли у замонавий оммавий бошқарув тизими ва ҳуқуқий маданият учун мустаҳкам пойдевор қўя олди.

Мир-Акбар Ҳожиакбарович ҳеч қачон ўз ютуқларини алоҳида кўрсатмас, мулоқотда оддий ва самимий бўлиб қоларди. У ўз ўрнаги билан менда халққа ва давлатга чинакам хизмат қилиш тушунчасини шакллантирган. Унинг ёрқин хотираси шогирдларининг қалбида ва у ўз ҳаётини бағишлаган давлат хизматининг ривожида доимо яшайди.

Gazeta таҳририяти Мир-Акбар Раҳмонқуловнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *