• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда кўп ўлчовли камбағаллик бўйича ҳисоб-китоблар, жумладан, ҳудудлар кесимида тайёрланмоқда



20 январга қадар эълон қилиниши керак бўлган минимал истеъмол харажатлари (МИХ) ҳозирча эълон қилинмади. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тушунтиришича, уни эълон қилишга Миллий статистика қўмитаси масъулдир, МИХ ўсиши ва инфляция даражаси ўртасидаги фарқ эса ҳисоблаш методологияси билан боғлиқ.

30 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Gazeta журналисти камбағаллик чегарасини ҳамда нафақа ва пенсияларнинг минимал миқдорини белгиловчи ушбу кўрсаткич жорий йилнинг 20 январига қадар оширилиши керак бўлганини, бироқ бу амалга ошмаганини эслатиб ўтди. У кўрсаткич қанчага ўсиши мумкинлиги ва нима учун баъзида МИХ инфляция даражасидаи пастроқ суръатда оширилиши билан қизиқди.

Минимал истеъмол харажатларини эълон қилишнинг кечикиши ижтимоий тўловлар белгиланган муддатдан кечроқ индексация қилинишига олиб келади, оқибатда кам таъминланган оилалар амалда ўзларига тегишли маблағларни тўлиқ ололмай қолади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент бошлиғи ўринбосари Акмалжон Ғаниев инфляция даражаси ва МИХ ўсиши ўртасидаги фарқ аҳолининг кам таъминланган қатламлари истеъмол таркиби билан изоҳланишини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, уларнинг истеъмол савати таркиби иқтисодиётдаги ўртача кўрсаткичдан фарқ қилади.

«Масалан, агар умумий инфляцияда озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши тахминан 40 фоизни ташкил этса, минимал истеъмол харажатлари таркибида озиқ-овқат улуши 70 фоизгача етиши мумкин».

Шу боис, агар озиқ-овқат маҳсулотлари хизматларга қараганда секинроқ қимматлашса, МИХнинг якуний индексацияси умумий инфляциядан пастроқ бўлиши мумкин.

«Агар озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари хизматлар нархларига қараганда секинроқ ўсган бўлса, у ҳолда кам таъминланган фуқаролар истеъмол таркибида озиқ-овқат улуши юқорилиги ҳисобига якуний индексация умумий инфляциядан пастроқ бўлиб чиқиши мумкин. Ўтган йили ҳам шундай бўлган эди», — дея тушунтирди у.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда кўрсаткич айнан қандай ҳисобланиши кейинроқ маълум бўлади.

Кўп ўлчовли камбағаллик ва ҳудудий кўрсаткичлар

Gazeta журналисти, шунингдек, кўп ўлчовли камбағаллик кўрсаткичини жорий этиш истиқболлари ва, масалан, энергетик тенгсизликни ҳисобга олувчи ҳудудий баҳолашларга ўтиш мумкинлиги ҳақида ҳам савол берди.

БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ҳамда Оксфорд қашшоқлик ва инсон тараққиёти ташаббуси (OPHI) томонидан ишлаб чиқилган кўп ўлчовли камбағаллик индекси (Multidimensional Poverty Index, MPI) — камбағалликни нафақат даромад даражаси, балки инсоннинг ҳақиқий яшаш шароитлари бўйича ҳам ўлчаш ёндашувидир. У бир вақтнинг ўзида бир нечта соҳалардаги — соғлиқни сақлаш, таълим ва яшаш шароитларидаги етишмовчиликларни ҳисобга олади. Классик моделда ўқиш йиллари, болаларнинг мактабга бориши, сув ва электр энергиясидан фойдаланиш имконияти, санитария, уй-жой сифати, овқатланиш ва бошқа асосий шароитлар каби кўрсаткичлар таҳлил қилинади.

Агар инсон бир вақтнинг ўзида ушбу кўрсаткичларнинг бир нечтаси бўйича жиддий маҳрумликни бошдан кечираётган бўлса (одатда маҳрумликнинг умумий даражаси 33 фоиздан ошса), у кўп ўлчовли камбағал ҳисобланади.

Акмалжон Ғаниев бу йўналишда ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Оксфорд университети мутахассислари билан биргаликда кўп ўлчовли камбағаллик даражасини аниқлаш бўйича дастлабки тадқиқотларни ўтказган.

«Ушбу тадқиқотлар натижалари яқин орада институтларнинг ўзлари томонидан эълон қилиниши кутилмоқда», — деди департамент бошлиғи ўринбосари.

Бундан ташқари, минимал истеъмол харажатларини ҳудудлар кесимида белгилаш бўйича методологик ва таҳлилий ишлар бошланган.

«Ушбу натижалар айнан қачон эълон қилиниши ва механизм қачон жорий этилишини ҳозир айта олмайман. Аммо, умуман олганда, бу йўналишларда иш олиб борилмоқда», — деб маълум қилди Ғаниев.

Камбағаллик даражаси

Ўзбекистонда ўтган йил якунларига кўра 366 минг оила камбағалликдан чиқарилди (Миллий статистика қўмитаси ва Жаҳон банки сўровномаси маълумотларига кўра — 302 мингта): расмий камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизгача, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизгача тушди.

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари охирги марта 2025 йил февраль ойида 3,2 фоизга — ойига 648 минг сўмдан 669 минг сўмгача оширилганди.

Таққослаш учун: Қирғизистонда камбағаллик даражаси тахминан 25 фоизни ташкил этади. Бу камбағаллик даражасини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган яшаш минимумининг юқорироқ миқдорда белгилангани билан боғлиқ. 2025 йил якунларига кўра, Қирғизистонда яшаш минимуми 9,2 фоизга ўсиб, 8697,32 сомни (тахминан 1,2 млн сўм) ташкил этди. Қўшни давлатда ушбу кўрсаткич ҳудудлар ва аҳоли гуруҳлари (жинси, болалар ёши, пенсионерлар, иш билан банд бўлганлар) кесимида белгиланади. Энг юқори яшаш минимуми пойтахт Бишкекда — 8984,12 сом. Болалар учун бу кўрсаткич 7379,07 сомни ташкил этади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *