• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Экологик лойиҳа бўлишидан энг кўп мен манфаатдорман». Эмин Агаларов — Sea Breeze Uzbekistan ҳақида


Чорвоқ сув омбори соҳилида йил бўйи фаолият юритадиган Sea Breeze Uzbekistan курорти қурилишини шу баҳорда бошлаш режалаштирилмоқда, дея хабар бермоқда Spot. Ҳозирда ҳудудда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Январь ойи охирида Ғазалкентда лойиҳа бўйича илк жамоатчилик эшитувлари бўлиб ўтди.

10 февраль куни Тошкентда 11−12-саналарида ўтказилган Move халқаро кўчмас мулк саммити доирасида, Agalarov Development компанияси президенти ва Sea Breeze Resort эгаси Эмин Агаларовнинг таклифига биноан бир гуруҳ хорижий инвесторлар бўлажак мажмуа ўрнини бориб кўрдилар.

Gazeta Эмин Агаларов билан учрашиб, инфратузилма қурилиши, Ўзбекистондаги сув инқирози билан боғлиқ хавфлар ва жамоатчилик эшитувларининг аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.

— Лойиҳангизнинг ҳаётийлиги, жумладан, инфратузилма мавжудлигига боғлиқ деб тахмин қиламан — инвестициялар ҳам шунга боғлиқ. Бокудаги [пресс-тур давомида] сиз [Ўзбекистон ҳукумати] канализация ва йўллар қуришини, сизни электр энергияси билан таъминлашини айтгандингиз. Бўстонлиқ туманида аллақачон электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яқин орада сизга қандай инфратузилма керак бўлади ва унинг қурилиши қачон бошланишини биласизми?

— Бизга маълумки, келаси йили давлат икки соҳилни бирлаштирувчи кўприк қуришни бошлайди. У жуда зарур, чунки усиз бизнинг локациямизгача бориш икки баравар кўп вақт олади. Ҳозир Чорвоққа 45 дақиқада етиб борасиз, лекин бизнинг қисмимиз сув омборининг нариги томонида бўлгани учун у ергача бориш бир ярим соат вақт олмоқда. Кўприк эса [йўл вақтини] 45 дақиқагача қисқартиради.

Кейинги навбат — биринчи фаза учун барча инфратузилмаларни яратиш. Биз биринчи миллион квадрат метр учун ҳужжатлар ва талабномани топширдик. Бизга қанча электр энергияси кераклигини, канализация қувурининг кесими қандай бўлиши лозимлигини, оқова сув йиғгич ва электр ҳажми билан боғлиқ ҳолат қандай эканини тушуниб турибмиз.

Мен лойиҳа қурилиши ва амалга оширилиши давомида ушбу харажатларнинг барчасини қоплаб бораман. Якунда агар биз эълон қилган барча нарсани қурсак, давлатнинг барча харажатларини, жумладан, кўприк қийматини ҳам 100 фоиз қоплаймиз.

— Сиз Бокудаги Sea Breeze Resort лойиҳасида аввалига канализация бўлмаганини айтгандингиз. У ерда маҳаллий тозалаш иншоотлари ўрнатилган эди, аммо вақт ўтиши билан давлат канализацияга инвестиция киритиш мақсадга мувофиқлигини кўриб, уни ўтказиб берди.

— Озарбайжонда биз ҳаммасини умумий асосларда қилганмиз, лекин қайсидир пайтда… давлат бизнинг тимсолимизда иш ўринлари яратадиган, кўп миқдорда солиқ тўлайдиган фойдали ҳамкорни кўрди ва бизга канализация ҳамда сув билан ёрдам беришга қарор қилди. Бу бизга етишмаётган эди, чунки бундай ҳажмдаги қурилишда ҳудудда тозалаш станциялари ҳаддан ташқари кўпайиб кетганди. Зеро, сиз босқичма-босқич ҳаракат қиласиз ва бирданига барча 30 млн квадрат метр учун тозалаш иншоотини қура олмайсиз. Ҳар 100 минг метр учун сувни қайта ишлайдиган янги тозалаш подстанциясини ўрнатасиз ва кейинчалик биз ушбу сувдан суғоришда фойдаланамиз.

sea breeze uzbekistan, чорвоқ сув омбори, эмин агаларов

Мен ташаббус билан чиқдим, ҳамкорлик таклиф қилдим ва давлат мени қўллаб-қувватлади. Менга сув, электр энергияси ва марказий канализация ўтказиб беришди. Бу фақат Sea Breeze учун эмас, балки бутун минтақа учун қилинди. Чорвоқда ҳам худди шундай бўлади, чунки бу — маҳаллий лойиҳа. Агар йўллардаги ва қишлоқ хўжалигидаги оқова сувлар яна қайтадан сув омборига ёки Каспий денгизига оқиб тушаверса, лойиҳа қанчалик экологик ва тоза бўлмасин — биз Озарбайжонда шундаймиз ва Ўзбекистонда ҳам шундай бўлишни режалаштирганмиз — сиз ҳеч нарсани тозалай олмайсиз. Буни бутун сув ҳавзаси учун марказлашган ҳолда қилиш керак. Ва давлат буни режалаштирмоқда.

Ўйлашимча, биринчи фаза айнан бугунги кунда Чорвоқ сув омборига оқиб тушаётган сувларни фильтрлашни, тозалашни ва йиғишни бошлашдир. Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси туфайли давлатда бу пулларнинг қайтишини тушунган ҳолда, ушбу соҳага инвестиция киритиш имконияти пайдо бўлади.

— Қишда сув омборида сув жуда камаяди. Ваҳоланки, тушунишимча, сув лойиҳангизнинг асосий таянчи ҳисобланади. Бу сиз учун муаммо эмасми? Агар муаммо бўлмаса, нима учун ва сув йўқлигининг ўрни нима билан қопланади?

— Биз бу масалани ўргандик. Чорвоқда сув сатҳи циклик характерга эга. Сув омбори энг паст даражада бўладиган ва унинг энг юқори нуқтага чиқадиган даврлари бор. Биз бу дамба ва шлюзлар орқали назорат қилинадиган жараён эканини тушунамиз. Одамлар пляж ва сувдан фойдаланадиган ёз мавсуми учун сувнинг бир хил сатҳини белгилаб қўйишимиз мумкин. Бунинг учун захиралар етарли, чунки у ерга учта дарё оқиб тушади. Ўйлайманки, бу борада ҳаммаси жойида бўлади.

— Қишда сув бўлмаса-чи?

— Ҳеч нарса қилмайди. Сув бўлади, шунчаки у камроқ бўлади.

— Яъни сув лойиҳангизнинг асосий таянч нуқтаси эмасми?

— Йўқ, бу таркибий қисмлардан бири, холос. Биз буни турли сунъий сув ҳавзалари, бассейнлар ва қирғоқ чизиғи ичида барпо этиладиган барча пляж инфратузилмаси билан қоплаймиз.

Кеча (10 февраль — таҳр.) биз у ерда бўлдик. Ҳатто сув энг паст даражада бўлишига қарамай, барибир жуда гўзал. Сув таркибий қисмлардан бири экани тушунарли, лекин тоғлар, ландшафт… Бугун у ер худди Швейцариянинг ўзгинаси.

sea breeze uzbekistan, чорвоқ сув омбори, эмин агаларов

— Сиз Чорвоққа учта дарё оқиб тушишини айтдингиз. Шунга қарамай, Ўзбекистон аллақачон жиддий сув инқирозига дуч келмоқда ва келажакда сув ҳатто асосий эҳтиёжлар учун ҳам етмай қолиши мумкин. 20−30 йиллик истиқбол учун иқлим хавфлари баҳоландими?

— Sea Breeze сув омборининг сув билан таъминланишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. У ерда мажмуа бўладими ёки йўқми — бу табиий ресурслар ҳисобига у ерда йиғиладиган сув миқдорига ҳеч қандай таъсир қилмайди.

— Лекин сиз сувдан ўз эҳтиёжларингиз учун фойдаланасиз-ку.

— Қаранг, Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили бир миллионга кўпаймоқда. Бу одамлар қаердадир яшаши керакми? Демак, улар кўпроқ сув истеъмол қилади. Яъни бу Sea Breeze масаласи эмас. Бу аҳоли сонининг умумий ўсиши билан боғлиқ масала, лекин «айб»ни доим Sea Breeze’га — «барча иқлим офатларининг айбдори»га ағдаришади.

— Ўзбекистон қонунчилиги лойиҳалар бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказишни талаб қилса-да, одатда уларга эътибор берилмайди ва ўтказилмайди. Шунга қарамай, сиз 23 январь куни жамоатчилик эшитувларини ўтказдингиз.

— Албатта. Биз бундай эшитувларни Озарбайжонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ўтказамиз. Аҳолининг фикри биз учун жуда муҳим деб ҳисоблаймиз. Биз мутлақо очиқ бўлишимиз, нимани ва қандай қилишни режалаштираётганимизни тушунтиришимиз, давлат билан ҳам, у ерда яшовчи одамлар билан ҳам юзага келиши мумкин бўлган барча экологик саволларни бартараф этишимиз керак.

Агар биз ҳатто назарий жиҳатдан экологияга зарар етказадиган бирор иш қилмоқчи бўлсак ҳам, мен бунга ҳеч қачон қўл урмаган бўлардим, чунки бу менинг шахсий лойиҳамга зарар келтиради. Бугунги воқеликда экологик бўлмаган девелопментни сота олмайсиз, ҳеч ким у ерга келишни ва дам олишни хоҳламайди. Шунинг учун ҳам мен экологик лойиҳа бўлишдан энг кўп манфаатдор шахсман ва бу шундай бўлишининг кафилиман.

— Жамоатчилик эшитувларини қанчалик тез-тез ўтказишни режалаштиряпсиз?

— Адашмаётган бўлсам, ҳар йили ўтказишга мажбурмиз. Қанча керак бўлса, шунча ўтказамиз. Биз бундан мутлақо қўрқмаймиз.

sea breeze uzbekistan, чорвоқ сув омбори, эмин агаларов

— Кеча Чорвоққа урбан-тур уюштирдингиз. У ерда, афсуски, ОАВ вакиллари бўлмади, шунга қарамай, ушбу сафарнинг жамоатчилик учун қизиқарли бўлган натижалари билан бўлиша оласизми?

— Мен у ерга ушбу лойиҳани кўриб чиқаётган ва Озарбайжонда мен билан аллақачон ҳамкорлик қилаётган бир гуруҳ йирик хорижий инвесторларни олиб бордим. Шароитлар қулай келса, биз уларни Ўзбекистонга йирик инвестор сифатида жалб қилишимиз ва шу йўл билан қурилишимиз суръатини оширишимиз мумкин бўлади.

Булар дунёга машҳур компаниялар, лекин улар билан ҳали ҳеч қандай ҳужжат имзоламаганим боис номларини очиқламоқчи эмасман. Ўйлайманки, яқин орада барча қонуний базани қўлга киритиб, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан инвестиция шартномасини имзолаганимиздан сўнг уларнинг Sea Breeze Uzbekistan лойиҳасига интеграциялашуви бўйича контрактларни имзолай оламиз.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *