• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Олтин нархи кескин пасайса, бунинг давлат бюджетига жиддий таъсир қилиши кутилмаяпти — ИМВ


2026 йилги давлат бюджетини шакллантиришда Ўзбекистон ҳукумати Халқаро валюта жамғармасининг тавсияларини, жумладан, олтиндан олинадиган даромадлар ва давлат харажатларининг ўсишига тааллуқли маслаҳатларни инобатга олди. Бу ҳақда 30 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети сиёсати департаменти директори Шерзод Муҳамедов маълум қилди.

Gazeta журналисти ХВЖ Ўзбекистонни иқтисодиётнинг «қизиб кетиши»нинг олдини олиш учун олтиндан олинадиган даромадларнинг иқтисодиётга таъсирини камайтириш, шунингдек, бюджет харажатларини кескин оширишдан сақланиш бўйича огоҳлантирганини эслатиб ўтди.

2025 йил охирида ҳукумат давлат бюджетига тузатишлар киритиб, давлат органлари харажатларини 14,6 фоизга ёки 41,2 трлн сўмга (3,4 млрд доллар) оширганди. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақини ошириш учун икки баравар кўп маблағ ажратилган — индексация режалаштирилгандан олдинроқ ва каттароқ ҳажмда амалга оширилган. Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик идоралари харажатлари 1,5 млрд долларга кўпайган (батафсил).

«Бюджет харажатларининг ошиши, бошқаси бўйича Халқаро валюта жамғармасининг тавсиялари 2026 йилги бюджет лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳам инобатга олинган», — деди Шерзод Муҳамедов.

Олтиндан олинадиган даромадларнинг таъсирини юмшатиш учун алоҳида фискал қоида жорий этиш ёки жамғармага ўхшаш тузилма яратиш режалаштирилганми, деган саволга жавобан у бу бўйича «алоҳида ишланмалар борлиги», «таклифлар шакллантирилаётгани»ни билдирди.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда харажатлар ҳақиқатан ҳам оширилган ва вазирлик бу борада аллақачон тушунтириш берган.

«Асосий қисми бевосита ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, кам таъминланган аҳолини қўшимча қўллаб-қувватлаш, шунингдек, иш ҳақи, ижтимоий нафақалар ва пенсия тўловларининг белгиланган муддатдан аввалроқ ва белгиланган фоизлардан кўпроқ оширилиши ҳисобига юзага келган», — дея изоҳ берди департамент директори.

Шу билан бирга, у харажатларни оширишнинг алоҳида йўналишлари бўйича батафсил маълумотга эга эмаслигини қўшимча қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2026 йилда харажатларнинг сезиларли ўсиши кўзда тутилмаган.

«2026 йил учун бюджет тўғрисидаги қонун ва „Фуқаролар учун бюджет“ ахборот нашрида ҳам кўришимиз мумкинки, 2026 йилги бюджет харажатлари 2025 йилга нисбатан 3,5 фоз ёки 4 фоиз миқдорида ошган. Яъни харажатлар у қадар оширилмаган. Бу давлат бюджети лойиҳаси Халқаро валюта жамғармаси билан бирга ишланмалар, прогнозлар ва кутилмалардан келиб чиққан ҳолда, яъни эҳтиёткорона шакллантирилгани ва тасдиқланганини кўрсатади», — деди Муҳамедов.

Матбуот анжумани давомида Gazeta журналисти бюджетнинг олтиннинг жаҳон нархларига юқори даражада боғлиқлигига оид хатарлар тўғрисида сўради, шунингдек, котировкалар кескин пасайган тақдирда, стресс-тестлар ўтказиладими, деган савол билан мурожаат қилди.

«Ўтган йили биз янги реалликка мослашишимизга тўғри келди — олтиннинг иқтисодиётимизга таъсири анча кучайди. Бу жаҳон нархларининг ошиши билан боғлиқ бўлди. Бир томондан, бизга жуда ҳам яхши, лекин, умуман олганда, маълум бир рискларни пайдо қиляпти… Олтин нархи бўйича бюджетда стресс-тестлар борми? Мисол учун, 4000 бўлса, ҳозир 5500 бўлса, 2000 гача, 2500 гача, 3000 гача бирдан тушиб кетса, жуда ҳам тебранувчан, қанақа тўғрилаймиз, нима қиламиз деган стресс-тестлар мавжудми?» — деб сўради журналист.

Департамент директори бу йўналишда таҳлиллар, сценарий ҳисоб-китоблари олиб борилаётганини, турли вариантлар ўрганилаётганини ва буни стандарт амалиёт деб ҳисоблашини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда харажатларнинг катта қисми ҳудудларда ижтимоий ва инфратузилмавий соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилган.

«Мисол учун, ўтган йили камбағалликни қисқартириш дастури қабул қилинди. Драйвер лойиҳаларини молиялаштириш, оғир ҳудудларни — 1000 та оғир маҳаллаларни молиялаштириш учун алоҳида бюджетдан маблағ ажратилди. Ва буларнинг ҳаммасини оғир геосиёсий вазиятда иқтисодиётимизни, мамлакатимизни ривожлантириш учун амалга оширилаётган чоралар сифатида кўриш мумкин», — деди Шерзод Муҳамедов.

Шунингдек, у олтин нархи пасайган тақдирда иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари фаолроқ ривожланиши мумкинлигини таъкидлади.

«Мисол учун, геосиёсий вазиятлар юмшаса, бозор механизмлари, янги бозорлар очилса, бунинг натижасида қолган соҳалар ривожланиши мумкин. Бундай ҳолда давлат бюджети даромадлари ёки харажатларига таъсири камроқ бўлиши кутилмоқда», — деди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили.

Унинг сўзларига кўра, кўплаб ривожланган мамлакатларда шунга ўхшаш амалиёт мавжуд: ноаниқлик шароитида олтин нархи ошади ва бундай даврларда иқтисодиёт ва инфратузилмани ривожлантириш учун қўшимча бюджет харажатлари «табиий ҳол» ҳисобланади.

«Бизда ҳам бугунги кунда харажатлар асосан шу йўналишда амалга ошириб келинмоқда», — дея хулоса қилди у.

Олтин нархлари консерватив тарзда белгиланади

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров олтин нархи ҳақида сўз юритаркан, бюджетни тайёрлашда эҳтиёткорона ёндашув қўлланаётганини таъкидлади.

«Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда олтин нархи доимо консерватив тарзда белгиланади. Биз ҳам қисқа муддатли тебранишлардан эмас, балки узоқ муддатли тенденциялар ва фундаментал омиллардан келиб чиқдик», — деди у.

Шу билан бирга, у йил давомида қўшимча даромадлар пайдо бўлиши мумкинлигини инкор этмади.

«Агар олтин нархининг қисқа муддатли ўсиши ҳисобига қўшимча даромадлар олинса, маблағларнинг бир қисми устувор мақсадларга, бир қисми эса бюджет тақчиллигини қисқартиришга йўналтирилиши мумкин», — дея маълум қилди вазир ўринбосари.

Марказий банкнинг асосий сценарийсига кўра, олтинга бўлган юқори талаб сақланиб қолса, унинг нархи 2026 йилнинг биринчи ярмида ҳам ўсиш тенденциясида бўлади.

Ўртача йиллик нарх трой унцияси учун 3800−4000 доллар атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда, 2027 йилдан бошлаб эса пасайиш тенденциясига ўтиш кутилмоқда (2027 йилда — 3500 доллар, 2028 йилда — 3410 доллар).

Аввалроқ Gazeta жаҳон бозорида олтин нархининг ошиши Ўзбекистон бюджетига қўшимча даромад келтиргани, шу сабабли ҳукумат харажатларни прогноз қилинганидан тезроқ оширгани ҳақида ёзганди. Тўққиз ой ичида давлат бутун йилга мўлжалланган харажатлар режасининг 90,4 фоизини бажариб бўлган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *