• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент Андижон шаҳрини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш топшириғини берди


Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва 2026 йил учун устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Ер ресурслари чекланган шароитда ҳар бир гектар ер, ҳар бир лойиҳа ҳамда ҳар бир инвестиция юқори қўшилган қиймат ва барқарор иш ўрни яратиши шартлиги таъкидланди. Бу вилоят раҳбарияти олдидаги энг асосий вазифа экани кўрсатиб ўтилди.

2025 йил якунларига кўра, ялпи ҳудудий маҳсулот 107,7 триллион сўмни ташкил этиб, 6,8 фоизга ошгани таъкидланди. Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда 7,2 фоиз, хизматлар ҳажмида 15,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш қайд этилди.

2026 йилда иқтисодиёт ва саноатни 8 фоизга, хизматларни 16,3 фоизга, қишлоқ хўжалигини 5,9 фоизга ошириш мақсад қилинган. Хорижий инвестицияларни 2025 йилдаги 2,5 миллиард доллардан 2026 йилда 3,5 миллиард долларга, экспортни 1,3 миллиард доллардан 1,5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Бандлик

2025 йилда 383 минг аҳолининг бандлиги таъминланган бўлса, 2026 йилда 489,5 минг аҳолининг бандлигини таъминлаш, ишсизликни 3,6 фоизга, камбағалликни 2,4 фоизга тушириш муҳимлиги таъкидланди.

Асака, Олтинкўл, Хўжаобод, Шаҳрихон туманлари ҳамда Андижон шаҳрини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш вазифаси қўйилди. «Оғир» тоифадаги Бўстон, Пахтаобод ва Улуғнор туманларида камбағалликни камида икки баробар қисқартириш белгиланди.

2026 йилда вилоятда 798 миллион долларлик лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилгани таъкидланди.

Жумладан, Асака, Булоқбоши ва Шаҳрихон туманларида чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ҳамда дастгоҳлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган 3 та микросаноат маркази ташкил этилади. 110 та қишлоқ ҳамда 26 та чегараолди ва олис маҳаллаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кичик совиткичли омборлар ташкил қилиш ва микросаноат лойиҳалари амалга оширилади.

Андижон туманидаги «Ипак йўли» эркин иқтисодий зонасида 100 гектардан ортиқ ер майдони бўш тургани қайд этилди. Ер ресурслари чекланган шароитда тайёр инфратузилмаси бор майдонларда юқори қўшилган қийматли лойиҳаларни жойлаштириш, минглаб иш ўринларини яратиш имкониятидан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Қишлоқ хўжалиги

2026 йилда пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш мақсадида хорижий навлар жойлаштириладиган «76×10» схемаси асосида экиладиган пахта майдонларини кенгайтириш, 472 дона янги техника харид қилиш режалаштирилган. 2 минг гектар кам самарали эски боғлар интенсив боғларга айлантирилади, 6,8 минг гектар ер фойдаланишга қайта киритилади.

Янги тажриба сифатида Олтинкўлда гулчилик, Избосканда кўчатчилик, Асакада иссиқхоначилик, Қўрғонтепада сабзавотчилик, Булоқбошида узумчилик бўйича томорқа мактаблари ташкил этилади.

Туризм

2025 йилда вилоятга 460 минг хорижий ва 1,8 миллион маҳаллий турист келган. 2026 йилда хорижий туристлар сонини 700 мингга, маҳаллий сайёҳларни эса 2,5 миллионга етказиш мақсад қилинган.

Шу мақсадда Булоқбошидаги «Ширмонбулоқ», Хўжаободдаги «Имом ота» ва Хонободдаги туризм марказларини ривожлантириш учун алоҳида дирекция очилади. Туман ва шаҳар марказларидаги 91 та маҳаллани боғловчи гавжум кўчаларда савдо, дам олиш ва кўнгилочар масканлар барпо этилади.

Уй-жой

2026 йилда вилоятдаги «Янги Ўзбекистон» массивларида 54 та, бошқа ҳудудларда эса 158 та кўп қаватли уйлар қурилиши кутилаётгани қайд этилди.

«Қурилишга тайёр ер» тизимини жорий этиш орқали лойиҳаларни бошлаш муддатини 120 кундан 30 кунгача қисқартириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Жалақудуқда ушбу янги тизим асосида замонавий уй-жойлар қуриш бўйича тажриба бошланади.

Таълим

Вилоятда 11 та олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда, 94 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, 56 та техникумда 46 минг нафар ўқувчи касбларга ўргатилмоқда. Олийгоҳлардаги илмий салоҳиятни ошириш, дуал таълим қамровини кенгайтириш чоралари белгилаб олинди.

Тиббиёт техникумларига тил ўргатиш бўйича хусусий таълим ташкилотларини жалб қилиб, йилига 4 мингдан зиёд ёшларнинг Европа давлатларига ишлашга боришига кўмаклашиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ижтимоий реестрга кирмаган оилаларнинг иқтидорли фарзандларига ҳам спорт, маданият ва санъат соҳасидаги ташаббуслари учун «Ёшлар дафтари» жамғармасидан 41 миллион сўмгача субсидия бериш таклиф қилинди. Президент ушбу тартибни Андижон вилоятидан бошлашни топширди.

Давлат раҳбари йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижроси Андижон аҳолиси ҳаётида аниқ ва сезиларли натижа бериши шартлигини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *