Истанбулда қотиллик қурбони бўлган Дурдона Ҳакимова ишидан сўнг бедарак йўқолган деб топилган Сайёра Эргашалиева ҳам айни шаклда ҳалок бўлгани аниқланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси.
Қайд этилишича, марҳума 1994 йилда Наманган вилоятида туғилган ва Ҳакимованинг яқин дугонаси бўлган. Тергов жараёнида гумонланувчилар Эргашалиева юзасидан кўрсатма беришдан бош тортган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 22 январь куни марҳумалар ҳамда ўзбекистонлик 2 гумонланувчи эркак (31 ёшли Дилшод Турдимуротов ва 29 ёшли Ғофуржон Камалходжаев) Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги ресторанда бирга тушлик қилган. Учрашув давомида Эргашалиева ва Камалходжаев ўртасида келишмовчилик юзага келган. Тахминларга кўра, можаро Эргашалиеванинг Ўзбекистонга қайтиш нияти билан боғлиқ масалада келиб чиққан.
23 январь куни эса эркаклар Эргашалиевани аввал пичоқ билан ўлдириб, танани бир неча қисмларга бўлиб, Фотиҳ туманидаги ахлат қутиларига ташлаган. Эътиборли жиҳати, бу жиноят Ҳакимова ўлдирилишидан олдин рўй берган.
24 январда эркаклар Эргашалиеванинг телефонидан Ҳакимовага SMS юборган. Уни ҳам чақириб, пичоқ билан ўлдириб, танани бир нечта қисмларга бўлган ва Шишли туманидаги ахлат қутиларига ташлаган.
Эргашалиеванинг жасади топилгани ҳақида турк ОАВда малумот тарқалган. Бироқ Истанбул Суд тиббий экспертизасига ҳозирча жасад олиб келинмади, дейилади идора хабарида.
Birgün газетасининг ёзишича, 32 ёшли Сайёра Ўзбекистондан 28 декабрь куни Туркияга келган, ундан оиласи 23 январдан бери хабар ололмаган.
Гуруҳларнинг камера тасвирларини ўрганиб чиқиши давомида 23 январда яшаётган уйига кирган Сайёранинг ортидан Турдимуротов ва унинг дўсти Камалходжаев ҳам киргани маълум бўлган. Жиноят ўша ерда содир этилган.
«Хавфсизлик камераларини ўрганган полиция гуруҳлари 24 январь куни гумонланувчилар уйдан бир неча бор қора чиқинди пакетлари билан чиққанини, сўнгра оқ рангли чамадон билан манзилни тарк этганини аниқлаган.
Истанбулдаги Бош консулхона ҳолатни доимий назоратга олган, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш бўйича эҳтиёт чора қўлланган ва улар айбига иқрор бўлган, ҳужжатлар судга тақдим қилинган.
- Ўтган ой охирида Дурдона Ҳакимованинг жасади ва унинг 2 фарзанди ватанга қайтарилганди. Консулхона унинг фаолиятига оид маълумотларни очиқлаб, фуқаролардан «марҳуманинг шаънини камситувчи ҳамда бирёқлама фикрлар» тарқатмасликни сўраган.
- Бу воқеа Туркияда норозилик юришларига сабаб бўлган. Аёллар Дурдона ва бошқа жабрланганлар учун адолат талаб қилиб, кўчага чиққан. Gazeta мухбири воқеадан хабардор бир неча аёл билан гаплашиб, уларнинг фикрини ўрганганди.