13 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига ташрифи чоғида туманда Vades Group томонидан амалга оширилаётган юқори технологияли лойиҳа билан танишди. Лойиҳа доирасида йилига 6 млн долларлик SIM карта чиплари ва банк карталари экспортини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Сурат: Президент матбуот хизмати
Маълум қилинишича, корхона рақамли давлат хизматларини жорий этиш, фуқароларнинг кундалик эҳтиёжлари учун қулай ва хавфсиз тўлов тизимларини шакллантиришда зарур бўлган воситаларни ишлаб чиқаради. Корхонада, жумладан, идентификация учун мўлжалланган микропроцессор модуллари, сим-карталар, шунингдек, транспорт, ижтимоий ва халқаро тўлов карталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 15 млн доллар, ҳудуди 4 гектар майдонни эгаллайди. Лойиҳа Германиянинг Infineon technologies компанияси билан ҳамкорликда Eltech Industrial технопарки ҳудудида қад кўтаради. Ҳозирда қурилиш ишларининг иккинчи босқичи ўн беш фоизга бажарилиб, 7 млн доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Сурат: Президент матбуот хизмати
Лойиҳа 100 га яқин янги иш ўрни яратиш, йилига 6 млн долларлик экспортни амалга ошириш имконини беради. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мозамбик, Камбоджа каби қатор давлатларга экспорт қилиниши режалаштирилган. Корхона ишлаб чиқариш ҳажми бўйича МДҲда етакчи учликдан жой олиши айтилмоқда.

Сурат: Президент матбуот хизмати
Хабарда қайд этилишича, 2025 йилда республикага 35 млн долларлик микропроцессор модуллари, сим-карталар ва турли тўлов карталари импорт қилинган. Мазкур корхона тўлиқ ишга тушиши ҳисобига 5 млн долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бозордаги таннарх уч-беш фоизга пасайишига эришилади.
