• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Маҳаллийлаштириш лойиҳаларига хорижий валютада 6%, миллий валютада 12% ставкада кредит ажратилади — президент


Маҳаллийлаштириш лойиҳаларига 10 йилгача муддатга хорижий валютада 6 фоиз, миллий валютада 12 фоиз ставкада кредит ажратилади. Бу ҳақда президент 13 февралдаги йиғилишда маълум қилди.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев маҳаллийлаштириш ва иқтисодиётда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш масаласига тўхталиб ўтди.

Маълум қилинишича, 2025 йилда халқаро молия институтлари билан имзоланган 2,5 млрд долларлик шартномаларда маҳаллий компанияларнинг улуши жуда кичик — 15 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоизга етган бўлса, Олмалиқ комбинати, «Ўзтрансгаз», «Миллий электр тармоқлари», «Uzbekistan Airports» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари»да бу кўрсаткич 40 фоизга ҳам етмайди.

Давлат раҳбари «давлат хариди, экспертиза, сертификат олишда бюрократия кўплиги», «идорама-идора юриш керак»лиги тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлаётгани, айрим вазирлар ва тармоқ раҳбарлари «чет элники сифатлироқ» деган эскича фикрда юриб, маҳаллий тадбиркорларга йўл бермаётганини танқид қилди.

Эндиликда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳар бир лойиҳадаги музокара, тендер, қурилиш, хомашё топишнинг барча босқичида маҳаллий таббиркорлар улушини кўпайтиришга шахсан жавоб бериши қайд этилди.

Тизимни тубдан ислоҳ қилиш, маҳаллий корхоналарни халқаро молия институтлари лойиҳалари ва давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ташкил этилган. Маълум қилинишича, агентлик қайси корхона нима ишлаб чиқараётгани, қуввати, техник параметри, сертификати каби маълумотларни акс эттирувчи платформани ишга туширади.

«Тармоқ раҳбарлари ва ҳудудий саноат штаблари ҳар бир корхона маҳсулотини номма-ном, техник хусусияти билан ушбу платформага киритади. Янги платформада маҳаллий маҳсулот бўла туриб, импорт товар сотиб олган давлат ташкилотларида харидларнинг асосли эканлиги ўрганиб борилади. Давлат компаниялари импорт қилаётган товар, уларнинг ҳажми ва техник параметрлари тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда ушбу порталда эълон қилиб борилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, мутасаддтиларга импорт хомашё ва бутловчи қисмларни ўзимизда ишлаб чиқариш имкониятини чуқур ўрганиш мақсадида маҳаллий ва хорижий консултантларни жалб қилиш топширилди.

Давлат раҳбари халқаро молия ташкилотлари билан музокара ўтказиб, лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 25−30 фоизга олиб чиқиш бўйича келишувга эришиш муҳимлигини қайд этди.

«Маҳаллий маҳсулотларни кўпайтириш учун ташкил қилинадиган алоҳида жамғарма ҳисобидан маҳаллийлаштириш лойиҳаларига 10 йилгача хорижий валютада 6 фоизли, миллий валютада 12 фоиз кредит ажратилади. Тадбиркорларга илғор технологиялар трансфери учун 1 миллион долларгача, саноат стартаплари учун 1 миллиард сўмгача компенсация берилади», — дея маълум қилди президент матбуот котиби.

Қолаверса, давлат корхоналари муҳандислари импортдан арзонроқ маҳаллий маҳсулот яратган тақдирда, тежалган маблағнинг 20 фоизи уларга мукофот сифатида берилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *