• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

1,5 тонна прекурсор ва 26 кг мефедрон мусодара қилинди – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Тошкент ва Андижон вилоятларида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш билан шуғулланган йирик нарколаборатория фаолияти фош қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳолат Контрабандага қарши курашиш бўлимлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида аниқланган.

Дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманида кузатувда бўлган шахс тўхтатилиб, текширилганида унинг ёнидан 0,13 грамм гашиш топилган. Унинг кўрсатмаси асосида Тошкент катта ҳалқа йўли бўйида жойлашган омбор кўздан кечирилиб, у ерда синтетик наркотиклар тайёрлашда фойдаланиладиган 900 литр прекурсор сақланаётгани аниқланган.

Шундан сўнг тезкор тадбирлар Андижон вилоятигача давом эттирилган. 24 ёшли икки нафар шахс кузатувга олиниб, улар турли жойларга кўмиб қўйилган 100 литр суюқ ва 25 кг кукун кўринишидаги прекурсорларни олиб, Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласидаги дала ҳовлига олиб боргани аниқланган.

Мазкур хонадон кўздан кечирилганда, у ерда яширин нарколаборатория ташкил қилингани маълум бўлган. Дала ҳовлида 26 кг мефедрон, шунингдек, номаълум кимёвий суюқликлар шаклидаги 590 литр прекурсор сақланаётгани аниқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу шахслар ижтимоий тармоқлардаги «Саймон» лақабли молиявий раҳнамоси кўмагида 15,8 минг долларга дала ҳовлини сотиб олиб, лаборатория ташкил қилган.

Кенг қамровли тезкор тадбирлар якунида 26 кг мефедрон, синтетик наркотиклар тайёрлашда қўлланиладиган қарийб 1,5 тонна прекурсор ва кимёвий моддалар, шунингдек, махсус анжомлар ашёвий далил сифатида олинган. Уларнинг бир қисми, Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Чирчиқда ижарага олинган омборда сақланган.

ДХХ маълум қилишича, мусодара қилинган наркотиклар ва хомашёнинг қора бозордаги тахминий қиймати 1 млн долларни ташкил этади. Лабораторияни жиҳозлашга 5 минг доллар сарфланган, январь ойида эса унда 11,7 кг мефедрон ишлаб чиқарилган.

Қўлга олинган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Божхона қўмитаси маълумотига кўра, йил бошидан буён республика бўйлаб 200 кгдан ортиқ анъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситалари ҳамда 27 кг психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *