Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида қурилиш соҳасида буюртмачи хизматларига тажриба тариқасида хусусий сектор жалб қилинади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни Тошкент вилоятига ташрифи доирасида ташкил этилган йиғилишда инвестиция лойиҳалари доирасидаги қурилишларни пайсалга солмаслик масаласига тўхталди.
Қайд этилишича, 2025 йилда хорижий ташрифлар доирасида 135 млрд долларлик келишувларга эришилган. Шунингдек, шу йилнинг ўзида Туркия билан 9 млрд, Покистон билан 1 млрд 428 млн долларлик инвестиция битимлари имзоланди.
Давлат раҳбари вазирлар, тармоқ раҳбарлари, ҳокимларни ушбу лойиҳаларнинг пайсалга солинишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирди.
Инвестиция оқими кўпайиши натижасида қурилиш ҳам ошишини ҳисобга олиб, мутасаддиларга бу йилги қурилиш ҳажмини 400 трлн сўмга олиб чиқиб, соҳада камида 17 фоизлик ўсишни таъминлаш топширилди.
«2026 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси учун буджетдан 40 трлн сўм берилмоқда. Бу қурилиш, қурилиш материали, металлургия ва электротехника корхоналари учун катта бозор. Лекин ҳудудлардаги „Ягона буюртмачи хизмати“ инжиниринг компаниялари қурилиш сифати ва самарадорлигини назорат қилишга улгурмаяпти. Шу боис, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Фарғонада буюртмачи хизматларига тажриба тариқасида хусусий секторни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.
