Шавкат Мирзиёев Оҳангарон туманига ташрифи давомида Premier маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Лойиҳа Бирлашган Араб Амирликларининг Fajr Al Mustaqbal General Trading корхонаси билан ҳамкорликда 10 гектар майдонда амалга оширилаётган бўлиб, умумий қиймати 30 млн долларни ташкил қилади.
Экспорт ҳажми 4 миллион долларга етиши кутилмоқда. Айни вақтда қурилиш ишлари 95 фоизга бажарилиб, 11,3 млн доллар инвестиция ўзлаштирилган.
Мазкур корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Қирғизистон, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинади.
Айни пайтда бу каби корхона Ўзбекистонда иккита, Марказий Осиёда эса тўртта бўлиб, уларнинг орасида мазкур лойиҳа маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича иккинчи ўринда туради.
Келгусида мажмуа тўлиқ ишга тушишининг ҳисобига 87 млн долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутиляпти.
Давлат раҳбари корхонанинг иш жараёни, маҳсулотлари сифатини кўздан кечирди. Мутахассислар ва ишчилар билан суҳбатлашди.
