14 февраль куни соат 04:53 да Жиззах вилояти Фориш туманида кузатилган қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши оқибатида «Қизилқум» МФЙ, Қизилқум қишлоғидан сел кузатилган. Бу ҳақда ФВВ хабар қилди.

«Қизилқум» МФЙ, Қизилқум қишлоғи «Эрали» кўчасидаги тахминан 30 га яқин аҳоли хонадонларнинг ҳовлиси ва томорқаларига сел-сувлари кириши кузатилган.

«Вазият оқибатларини бартараф этишга барча зарур техника ва куч-воситалар жалб этилган. Ҳодиса оқибатида вафот этган ва жароҳат олганлар йўқ. Вазият вилоят ФВБ томонидан тўлиқ назоратга олинган», — дейилади вазирлик хабарида.