Омон Матжон тахаллуси билан ижод қилган Омон Матчонов 1943 йил 14 февралда, Хоразм вилоятида дунёга келган. Ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд Давлат университетида ўқиган. Фаолияти давомида Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриёти ва «Чўлпон» нашриётида, шунингдек, «Ёшлик» ҳамда «Гулхан» журналларида ишлаган. Президент девонида масъул ходим, Матбуот қўмитасида раис ўринбосари бўлган.
Илк шеърий тўплами 1970 йили «Очиқ деразалар» номи билан эълон қилинган. 1973−1979 йилларда «Карвон қўнғироғи», «Қуёш соати», «Ярадор чақмоқ» каби китоблари, «Беруний» ва Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги достонлари, «Ҳаққуш қичқириғи» номли шеърий китоби чоп этилган.
Ҳамза номидаги Давлат мукофоти лауреатининг «Сени яхши кўраман», «Дарахтлар ва гиёҳлар китоби», «Минг бир ёғду» каби асарлари эълон қилинган. 1991−2011 йилларда эса «Иймон ёғдуси», «Эркин ҳаволарда», «Ардахива», «Халоскор Руҳ», қолаверса, «Нажмиддин Кубро», «Тўрабекахоним» ва «Дийдор азиз» номли китоблари нашрдан чиққан.
Ўзбек шеъриятига ўзига хос нафас олиб кирган шоир 2020 йилда вафот этган.
Сана муносабати билан Gazeta Меҳнат шуҳрати ордени соҳиби Омон Матжоннинг асарлари асосида тест тайёрлади.