Ўзбекистонда 1 февралдан чиқарилганига 50 йилдан ошган автомобиллардан фойдаланиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланди. Лекин бу амалиёт антиквар автомобилларларга татбиқ этилмайди. ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев автомобилни антиквар деб топилиши учун қандай талаблар борлигини тушунтирди.
Унга кўра, ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган, асл ҳолати, ташқи кўриниши, тузилиши, асосий агрегатлари сақланиб қолган машиналар антиквар транспорт воситаси сифатида қайта рўйхатдан ўтказилади. Уларга янгича давлат рақам белгилари берилади.
Асосий агрегатлар деганда қуйидагилар тушунилади:
- машина ташқи кўриниши, тузилиши ва кузови ўзгармаган бўлиши лозим;
- двигатели ва ёқилғи тури алмашмаган бўлиши шарт;
- двигателдан чиққан кучни ғилдиракларга узатувчи сцепления, баллонлар, тормоз ва рул бошқарув тизимлари, узатмалар
- қутиси, электр жиҳозлари ҳамда салон ўриндиқларининг жойи ва шакли асл ҳолатда бўлиши талаб этилади.
Автомобиль ушбу талабларга жавоб берса, антиквар деб топилади. Агар антиквар деб топилмаса транспортлар давлат рўйхатидан чиқарилади.
Аввалроқ хабар қилинганидек, 2025 йил ҳолатига кўра, мамлакатда ишлаб чиқарилганига ярим асрдан ошган 87,6 мингта автомобиль рўйхатга олинган. Ички ишлар вазирлиги бундай транспорт воситалари хавфсизлик талаблари ва экологик стандартларга жавоб бермаслигини, шунингдек, атроф-муҳитга 30 фоиз кўпроқ зарарли чиқиндилар чиқаришини қайд этган.
