Бухоро вилояти Пешку туманидаги ошхоналарнинг бирида одамни оёғидан осиб қўйиб реклама олганлар жазоланди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ.

Видеода фуқаронинг оёқларидан осиб қўйилгани ва қассоб ролидаги шахснинг унинг атрофида пичоқ чархлаб тургани акс этган. Унда, шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, ахлоқий меъёрларга зид бўлган иборалар ишлатилган.

Аниқланишича, ушбу видео Instagram`даги канал админи ва умумий овқатланиш шохобчаси эгалари томонидан ўзаро келишилган ҳолда мижозларни жалб қилиш ва ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришиш мақсадида саҳналаштирилган.

«Бироқ бу ҳаракатлари билан улар реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини қўпол равишда бузишган», — дейилади бошқарма хабарда.

Жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди ҳукмига кўра, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178−1-моддаси (Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан айбли деб топилиб, БҲМнинг етти баравари — 2 млн 884 минг сўм миқдорда жаримага тортилди.