• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Sea Breeze лойиҳаси оқова ва ичимлик сув тизимлари ҳамда Чорвоқ ва Тошкентга қандай таъсир қилади?


Чорвоқ сув омбори қирғоғида 2035 йилгача босқичма-босқич барпо қилиниши режалаштирилаётган Sea Breeze Uzbekistan туристик мажмуасининг оқова ва ичимлик сув тизимлари 2027 йил якунигача қурилиши айтилмоқда. Курорт учун Чорвоқдан йилига 10 миллион куб метр сув олиш кўзда тутилмоқда. Тошкент вилояти ҳокимлиги расмийлари бу пойтахт аҳолисининг ичимлик сувига умуман таъсир қилмаслигига ишонтирмоқда.

23 январь куни Бўстонлиқ туманида йирик лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири бўйича жамоатчилик эшитувида мутасадди ташкилотлар мутахассислари Бўстонлиқ туманида амалга оширилиши режалаштирилган оқова ва ичимлик сув тизимларини қуриш бўйича тақдимот ўтказди. Шунингдек, улар жамоатчилик саволларига ҳам жавоблар берди. Gazeta мухбири Миролим Исажонов эшитувнинг сув масалаларига оид қисмини тақдим этди.

Ичимлик суви тармоғи қандай амалга оширилади?

«Ўзсувтаъминот» компанияси бошқарма бошлиғи Анвар Муҳамедалиевнинг қайд этишича, Sea Breeze Uzbekistan мажмуаси учун ичимлик суви тармоғини қуриш лойиҳаси 2027 йил охиригача тугатилади. 95 млрд сўм қийматидаги лойиҳани амалга ошириш жараёнида 1 та сузувчи насос станцияси, 1 та сув тозалаш ва 2 та сув тарқатиш иншооти, шунингдек, 14 км магистраль ичимлик ҳамда 13 км аҳолига бериладиган ички ичимлик сув тармоқлари қурилиши керак.

Унинг сўзларига кўра, курорт атрофидаги Боладала маҳалласида 600 киши, Яккатутда эса 3100 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бугунги кунда ҳар икки маҳалла ҳудудида марказлашган оқова ва ичимлик сувлари тизимлари мавжуд эмас. Аҳоли кундалик истеъмолда булоқлар ва тоғдан тушадиган ва фильтрланмаган сувдан фойдаланади.

Анвар Муҳамедалиев.

«Ушбу лойиҳа орқали нафақат курортнинг, балки Боладала ва Яккатут маҳаллалари аҳолисининг ҳам марказлашган ичимлик суви масаласи ҳал этилади. Концепцияни ишлаб чиқишдан аввал атрофдаги барча манбаларни, жумладан, Кўксув ва Чотқол дарёлари ҳамда Чорвоқ сув омборининг сув сифатини ўргандик. Таҳлиллар давомида аён бўлдики, Кўксувда ҳам, Чотқолда ҳам баҳор ойлари, айниқса, сел-тошқин пайтларда сув жуда лойқа келаркан. Уни тозалаш ҳам анча қийин технологик жараёнларни талаб қилади. Чорвоқ сув омборидаги сув эса ҳамма кўрсаткичлар бўйича ичимлик сувига мос келиши маълум бўлди. Унинг давлат стандартига тўғрилиги ва бемалол фойдаланиш мумкинлиги юзасидан сув хўжалиги ҳамда санитария-эпидемиология хизмати органларидан рухсатнома олинди», — дейди Муҳамедалиев.

Унга кўра, Чорвоқ сув омборининг қирғоғидан 100 метр узоқликда сузувчи насос станцияси ўрнатилади. Ушбу насосни қуришда сув омборидаги йиллик сув сатҳининг 30−40 метргача кўтарилиб тушиши ҳисобга олинади, бу эса сувни доимий таъминлашга сабаб бўлади.

sea breeze uzbekistan, бўстонлиқ тумани, жамоатчилик эшитуви, чорвоқ, чорвоқ сув омбори

«Насос станциясидан олинган сув темир қувурлар орқали сув тозалаш иншоотига ва горизонтал тиндиргичга келиб тушади. Агар ўша вақтда сувда лойқа кўп бўлса, аччиқтош ишлатилади ва тиндирилган сув фильтрлаш иншоотига етказилади. Бу ерда кварц қумлари билан тўлдирилган фильтрлаш иншооти бўлади. Лойқалик 10−15 миллиграмга келтирилиб, фильтрлашдан ўтгач, сув деярли ичиш даражасига келади. Ундаги микробларни тозалаш учун хлоратор мосламаси ўрнатилади, яъни электролиз усулида ош тузидан гипохлорит натрий олиб, сув зарарсизлантирилади. Резервуарда сув билан аралашганидан кейин насос станциясига берилади», — дейди Анвар Муҳамедалиев.

«Насос станциясидаги бир тармоқ сувни туристик мажмуага, яна бири Боладалага етказиб беради. Юқори ҳудудга сув ҳайдайдиган бошқа бир тармоқ эса тозаланган сувни темир қувур орқали Яккатутга етказади. Бундан ташқари, Яккатутнинг энг юқори қисмида сув тарқатиш иншооти ҳам бўлади. Бу ерда сув резервуарларга келтирилади ва ўзининг оқими билан аҳоли уйларига сув ҳеч қандай насоссиз етказиб берилади. Шунингдек, ҳар бир хонадонга сув қувури тортилиб, ҳисоблагичлар ўрнатилади. Шу тариқа, аҳолининг ҳам ичимлик суви масаласи ўз ечимини топади», — дейди у.

Оқова сув тармоғи қандай йўлга қўйилади?

«Ўзсувтаъминот» бошқарма бошлиғи Тимур Мирсаидовнинг таъкидлашича, Sea Breeze Uzbekistan курорти учун оқова сув тармоғини қуриш лойиҳаси 2026−2027 йилларда амалга оширилади. Бунда мажмуа атрофидаги Боладала ва Яккатут маҳаллалари ҳам қамраб олинади. Лойиҳада 6 км босимли ва 20 км ўзи оқар оқова сув тармоқларини тортиш ҳамда сувни ҳайдаш учун 2 та оқова насос станциясини қуриш кўзда тутилган. Уларнинг умумий қиймати 55 млрд сўмни ташкил этади.

Тимур Мирсаидов.Тимур Мирсаидов.

«Лойиҳа доирасида ушбу икки маҳаллада марказлашган ташқи ҳамда ички оқова сув тизимлари қурилади. Курорт комплекс ҳудудидаги барча оқова сувлар йиғилиб, оқова сувларни ҳайдаш насос станцияси орқали иккита 400 мм диаметрли темир қувурларда янги қуриладиган кўприк бўйлаб қирғоқнинг нариги тарафига ўтказилади. 400 мм диаметрли 2 та тармоқнинг биттаси доимий ишлайди, иккинчиси захирадаги тармоқ ҳисобланади. Агар биринчисида носозлик ёки бошқа бирор ҳолат юзага келса, автоматик тарзда иккинчи тармоқ ишга тушади», — дейди у.

«Хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида иккала тармоқ 1400 мм диаметрли темир қувурнинг ичида жойлашган бўлади. Шу тариқа, хавфсизлик чораси иккита бўлади: бири захира тармоқнинг мавжудлиги, иккинчиси 400 мм диаметрли қувурлар устида қопланган ҳимоя қобиғининг борлиги. Шундан сўнг оқова сувлар Чирчиқ сув омборининг чап томонига ўтиб, 700 мм диаметрли ўзи оқар тармоқ орқали насос станцияга, кейин Навобод кўчасидаги 800 мм диаметрли коллекторга қуйилади. Сўнгра Бақачўл-Чорбоғ-Чирчиқ туманлараро ўзи оқар коллектор орқали Чирчиқ шаҳрида жойлашган оқова сув тозалаш иншоотига келиб тушади», — дея қўшимча қилди Тимур Мирсаидов.

sea breeze uzbekistan, бўстонлиқ тумани, жамоатчилик эшитуви, чорвоқ, чорвоқ сув омбори

«Ўзсувтаъминот» вакилининг айтишича, ўтган йил охирида Чирчиқ оқова сув тозалаш иншоотида реконструкция ишлари амалга оширилиб, унинг кунлик қуввати 80 минг куб метрдан 130 минг куб метргача етказилган.

«Ушбу оқова сув тозалаш иншооти ҳозирда тест режимида фаолият юритмоқда, жорий йилнинг март ойида эса тўлиқ ишга туширилади. Бу иншоот Туркия ва Эрон компаниялари томонидан қурилган. Тозаланган оқова сувлар қўшимча фильтрлар орқали фильтрация, ультрафиолет ва гипохлорит натрий ёрдамида дезинфекция қилиниб, техник сув даражасига етказилган тарзда тўлиқ тозаланади», — дейди мутахассис.

«Ўзсувтаъминот» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров ҳам лойиҳа доирасида иккала маҳалладаги ҳар бир хонадон оқова сув тизимига уланишини тасдиқлади.

«Туристик мажмуа, Боладала ва Яккатут маҳаллаларидан чиққан чиқиндилар ҳамда оқова сувларнинг бир томчиси ҳам Чорвоқ ҳавзасига тушмайди. Ҳаммаси йиғилиб, 37 км узоқликдаги Чирчиқ шаҳрида жойлашган оқова сувларни тозалаш иншоотига етказилади, у ерда техник сув даражасида тозаланиб, сўнгра ҳайдаб чиқарилади», — дейди Ҳайдаров.

Халқаро экспертлар: «Суд ва Орхус конвенцияси қўмитасига мурожаат қилиш ҳуқуқингиз бор»

Тадбирда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқшунос Гулжаҳон Аманова мутасаддиларга савол бераркан, «бой қатлам учун мўлжалланган» Sea Breeze Uzbekistan курортига оид барча ҳужжатлар жамоатчиликка очиқ тақдим этилиши, унгача лойиҳани тўхтатиб туриш зарурлигини қайд этди.

Гулжаҳон Аманова.Гулжаҳон Аманова.

«Орхус конвенциясининг 6-моддасига кўра, бундай жамоатчилик эшитувлари қурилиш ишлари бошланишидан олдин ўтказилиши керак. Бугунги тадбирда эса қурилиш аллақачон бошланганини бир неча бор эшитдик. Демак, ушбу эшитувларнинг ўзиёқ мавжуд стандартларнинг бузилиши ҳисобланади. Мен кўрган Sea Breeze`нинг барча лойиҳалари жуда қиммат, оддий одамлар у ерга киролмайди. Сизлар режалаштираётган мазкур лойиҳа ҳам бой қатламга мўлжалланган. Аҳолининг катта қисми Чорвоққа ҳам бора олмаяпти, сизлар эса катта курорт ҳақида гапиряпсизлар. Лойиҳа устида ишлаётган мутасаддилар оддий инсонларнинг манфаатларини ҳисобга олганми? Сувсиз қолиб кетиш хавфи туғилмасидан олдин барча ҳужжатлар жамоатчиликка: экологлар, маҳаллий ва халқаро мутахассисларга очиқ тақдим этилмагунча ушбу лойиҳани тўхтатиб туринглар. Барчамиз нимага қўл ураётганимизни кўрайлик, тушуниб олайлик», — дея мурожаат қилди Аманова.

Қозоғистонлик эколог Вадим Ни ушбу саволга муносабат билдираркан, курорт лойиҳасига тааллуқли ҳужжатлар ҳали тўлиқ тайёр эмаслиги ва бу масалада Давлат экологик экспертизаси маркази қарор қабул қилмаганини айтди.

Вадим Ни.Вадим Ни.

«Экологик ташкилотлар, компания ва жамоатчилик биргаликда мулоқот қилиб, аниқлаб олиши керак — қурилиш бошланганидан кейин вазиятда нима ўзгаради? Бу маҳаллий даражада ҳал қилиниши мумкин бўлган масаладир. Шунингдек, муҳокама жараёнида пайдо бўлаётган саволлар ёки эҳтимолий қарама-қаршиликларга келсак, ҳар бир фуқаро ва жамоат ташкилоти ўз ҳуқуқларига эга. Сизлар давлат органларига сўров юбориш, суд ҳамда маълум босқичда Орхус конвенциясига риоя этилишини назорат қилувчи қўмитага мурожаат этиш ҳуқуқингиздан фойдаланишингиз мумкин», — дейди Вадим Ни.

Озарбайжондаги «Экосфера» маркази раҳбари, эколог Фируза Султанзаденинг айтишича, инвестор Эмин Агаларов Ўзбекистон қонунчилиги талаблари ва давлат экспертизаси жараёнларини белгилаб олгач, сўнг қарор қабул қилади. Шу сабабли лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича барча зарур жараёнлар амалга оширилади.

Фируза Султанзаде.Фируза Султанзаде.

«Ўзим ҳам экологман, шу сабабли сизнинг хавотирингизни тушунаман. Айниқса, [сув омборидаги манба] ичимлик суви экани ҳақидаги хавотирларингиз жуда ўринли. Шунинг учун ҳам бизнинг мамлакатимизда бўлгани каби сизларда ҳам давлат экологик экспертизаси тизими мавжуд ва ҳозирги жамоатчилик эшитувлари айнан шу ўзаро ҳамкорлик жараёнининг бошланиши, деб ўйлайман», — дейди у.

«Чорвоқ сув омбори алоҳида эътибор талаб қиладиган объект ва бу масала бизни ҳам жиддий ташвишлантиради. Энг муҳими, муаммони ҳамкорликда ҳал қилиш. Ҳозир бизда сув ресурслари, ичимлик суви, биохилма-хиллик ва бошқа масалалар бўйича катта халқаро экспертлар гуруҳи ишламоқда. Бу ерда фақат сув эмас, балки биохилма-хиллик ва бошқа экологик омиллар ҳам муҳим аҳамиятга эга», — дея қўшимча қилди Фируза Султанзаде.

У Sea Breeze компанияси сув омборлари билан ишлаш тажрибасига эга эканини ҳам таъкидлади.

Кореялик эколог Сангюн Ли лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш қурилиш ишларидан олдин ўтказилиши кераклигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш фақат мавжуд ҳолатга эмас, балки прогноз асосида амалга оширилади. Ушбу баҳолашнинг муҳим қисми лойиҳа амалга оширилгандан кейинги мониторинг тизимидир.

Сангюн Ли.Сангюн Ли.

«Масалан, ичимлик суви билан боғлиқ масала юзага келса, биринчи навбатда йиллик ичимлик суви истеъмоли қанча эканини аниқлаш керак. Иккинчидан, лойиҳа доирасида қанча сув сарфланиши кутилаётганини баҳолаш лозим. Кейин йиллик сув эҳтиёжи қанча бўлишини ҳисоблаш зарур. Шундан сўнг сув сифатини ичимлик учун мос даражада сақлаш чоралари белгилаб олинади. Якуний босқич эса мониторингни қандай амалга ошириш масаласидир. Яъни сув миқдори тўғри ва етарли даражада таъминланяптими, сув сифати йил давомида меъёрда сақланяптими — шу каби ҳолатлар мунтазам назорат қилиб борилиши керак», — дейди мутахассис.

У атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш бир томондан илмий жараён ҳисобланиши, иккинчи томондан эса жамоатчилик билан мулоқот қилиш воситаси эканини айтди. «Чунки таъсирни баҳолаш ва уни амалда ўлчаш каби юқори даражада илмий масалаларни оддий, тушунарли тилда жамоатчиликка етказиш зарур», — дея қўшимча қилди халқаро эксперт.

«Мен Sea Breeze Uzbekistan томонидан тайёрланган атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ҳужжатини кўриб чиқдим. Унда янада такомиллаштириш учун анча имкониятлар бор ва бу бўйича ҳамкасбларим билан бирга ўз фикр-мулоҳазаларимизни Давлат экологик экспертиза марказига тақдим этдик. Балки марказ якуний ҳужжатни янада пухтароқ ишлаб чиқар», — дейди Сангюн Ли.

Халқаро экспертлар.Халқаро экспертлар.

Давлат экологик экспертизаси маркази директори ўринбосари Вячеслав Шисянга кўра, ҳозирча Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси хатарли ёки хатарли эмас деб айтишга ҳеч ким ҳақли эмас.

«Одатда барча эҳтимолий хатарларни камайтириш ёки бутунлай олдини олиш мақсадида лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилади. Бугун ҳаммамиз масалани муҳокама қилиш, мутахассисларнинг турли фикрларини тинглаш, жамоатчиликни эшитиш учун шу ерга йиғилдик. Шундан сўнг қўшимча тадқиқотлар, ҳисоб-китоблар, хулосалар ва асосланган маълумотлар асосида қарор қабул қилинади», — дейди марказ вакили.

Вячеслав Шисянь.Вячеслав Шисянь.

«Шу боис ҳозирча бу лойиҳа хатарли деб очиқчасига айтишга ҳеч кимда асос йўқ. Чунки ҳали тегишли таҳлил тўлиқ ўтказилмаган. Агар барча зарур таҳлиллар аллақачон мавжуд бўлганида, эҳтимол, жамоатчилик муҳокамасини ўтказишга ҳам ҳожат бўлмасди», — дейди Вячеслав Шисянь.

«Лойиҳа Тошкентнинг ичимлик сувига таъсир қилмайди»

Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Нажмиддинходжа Шарипов Sea Breeze Uzbekistan туристик-рекреацион ҳудудда амалга ошираётган лойиҳалардан бири экани, бундай лойиҳалар жуда кўплигини таъкидлади.

«Биз [Чорвоқ сув омборидаги] сувга мутлақо тегмаймиз. Ундан Тошкент учун қандай фойдаланилаётган бўлса, биз ҳам айнан ичимлик суви сифатида ишлатамиз. Пойтахтда ичимлик суви етарли ва бу лойиҳа ичимлик сувига таъсир қилмайди», — дейди ҳоким ўринбосари.

Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедовга кўра, ҳозирги кунда бассейни бор одамлар ҳам уни бир марта тўлдириб, ўн марта фильтр қилади. Лекин ҳеч ким ҳар куни бассейнни тўлдириб, сувни исроф қилиб ташламайди. У Чорвоқ сув омборида йилига қанча сув йиғилиши, унинг қанча қисми Sea Breeze мажмуасига ишлатилиши бўйича мутахассислардан изоҳ сўради.

sea breeze uzbekistan, бўстонлиқ тумани, жамоатчилик эшитуви, чорвоқ, чорвоқ сув омбори

«Ўзсувтаъминот» вакили Анвар Муҳамедалиевнинг маълум қилишича, Чорвоқ сув омборининг сув йиғиш ҳажми 2 миллиард куб метрни ташкил этади. Sea Breeze Uzbekistan туристик мажмуасида эса бир йилда 10 миллион куб метр сув ишлатилади, яъни сув омборининг 0,5 фоиз суви курорт учун ичимлик сувига сарфланади.

«Яна бир нарсани ҳисобга олиш керак, ишлатилган сув қайта канализацияга тушади ва бу кундузги иншоотларда тозаланганидан кейин қишлоқ хўжалигида ишлатилади, яъни дала суғоришда ерга сингийди ё буғланиш оқибатида йўқолиб кетади. Масалан, ушбу сув омборидан Тошкентга кунига ўртача 1,5 миллион куб метр сув ичимлик учун берилади. Бу кейинчалик Бўзсув ва Салар оқова сув тозалаш иншоотларида тозаланиб, қишлоқ хўжалигига қайтарилади», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, Чорвоқ сув омборига бир йилда ўртача 5−6 миллиард куб метр сув йиғилади. Агар ёмғир ва қор кўп ёғса, бу 8 миллиард куб метрга етиши мумкин. Сув омборидаги сувнинг 15 фоизи тозаланиб, пойтахт аҳолиси учун етказиб берилади.

sea breeze uzbekistan, бўстонлиқ тумани, жамоатчилик эшитуви, чорвоқ, чорвоқ сув омбори

Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедовнинг эслатишича, ҳукуматнинг 490-сонли қарорига асосан, лойиҳалаштириш ва қурилиш жараёнларини параллель равишда олиб боришга рухсат берилган.

«Лекин ҳалигача ҳеч қанақа қурилиш ишлари бошлангани йўқ, фақат ер текислаш жараёнлари кетяпти. Компания томонидан бир неча марта қайта-қайта ишланган лойиҳа тақдим қилинди. Ҳозир дастлаб тақдим этилган концепция билан янги концепция мослаштириляпти», — дейди Аҳмедов.

Эслатиб ўтамиз, Gazeta Эмин Агаларов билан учрашиб, инфратузилма қурилиши, Ўзбекистондаги сув инқирози билан боғлиқ хавфлар ва жамоатчилик эшитувларининг аҳамияти ҳақида суҳбатлашганди. «Экологик лойиҳа бўлишидан энг кўп мен манфаатдорман», — деган Агаларов.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *