• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда автокредитларга талаб 30 трлн сўмга баҳоланмоқда. Президент ставкаларни пасайтиришни топширди


Президент Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни ўтказилган йиғилишда автомобиль кредитлари бўйича фоиз ставкаларини пасайтиришни топширди.

Давлат раҳбари мамлакатда йилига жами 650 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга тўртта йирик корхона — GM, BYD, ADM Jizzakh ва Asaka Motors фаолият юритаётганини таъкидлади.

«[«Ўзавтосаноат» бошқарув раиси Улуғбек] Рўзиқулов бу йил 300 дан зиёд маҳаллий корхоналар билан кооперация асосида яна 760 та детални ишлаб чиқаришни бошласин. Бу саноатга қўшимча 300 миллион долларлик «объём» дегани. Ишлаб чиқарилган автомобиллар сони 510 мингтага етказилсин. Ўтган йили 460 минг бўлди. Қилса бўладими?» — деди президент «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Menimcha» дастури сюжетига кўра.

Розиқулов: «Ҳурматли президент, албатта, бўлади», — деб жавоб берди.

Улуғбек Рўзиқулов ва Тимур Ишметов.

Президент, шунингдек, Марказий банк раиси Тимур Ишметовга «Ўзавтосаноат» билан биргаликда бир ҳафта муддатда автокредитлар бўйича ставкаларни пасайтириш ва улар ҳажмини ошириш чораларини кўришни топширди.

«[Марказий банк раиси Тимур Ишметов] Рўзиқулов билан бирга ўтириб, аҳолининг маҳаллий автомобилларга талабини рағбатлантириш мақсадида бир ҳафтада автокредит ставкани пасайтириш ва ҳажмини ошириш чораларини кўрсин. Ҳисоб-китобларга кўра 30 триллион сўмлик автокредитга талаб бор», — деди давлат раҳбари.

Улуғбек Рўзиқуловнинг айтишича, ҳозир компания билан 13 та банк ҳамкорлик қилмоқда ва автокредитлаш фаол ривожланмоқда.

«13 та банк биз билан ишлаяпти. Ҳозир автокредит жуда ривожланиб, маҳсулотимиз яхши сотиляпти. Бир кунда 1500 га яқин контракт чиқяпти. Бу дегани 20 кун ишлайдиган бўлса, 30 000 дан зиёд харидор чиқяпти, ҳозирги қиш пайтида ҳам», — деди у.

9 февраль ҳолатига кўра, автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 23 фоизни (18 фоиздан 28,2 фоизгача) ташкил этган. Таққослаш учун, 2025 йил 2 июль ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 24,1 фоиз (21,1 фоиздан 29 фоизгача) бўлган.

2025 йилда 21,56 трлн сўмлик автокредитлар ажратилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 26,2 фоизга кўп (тахминан 17 трлн сўм).

Автокредитлаш

2023 йилда Марказий банк автокредитлаш ҳажми кредитлаш умумий ўсиш суръатларидан бир неча баробар юқори бўлгани юзасидан хавотир билдирган. Бу автокредитлар концентрациясининг ортишига, банкларнинг турли шокларга нисбатан заифлашишига, шунингдек инқироз ёки автомобиллар қиймати пасайган ҳолатларда кредитларни қайтариш интизомининг ёмонлашиши ва катта йўқотишларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланган.

2023 йил биринчи ярми якунларига кўра автокредитлар бўйича қарзга хизмат кўрсатиш коэффициенти 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоиз бандига — 56 фоиздан 69 фоизгача ошган. Яъни қарз олувчилар даромадларининг ўртача шунча қисмини кредит ва фоизларни тўлашга йўналтирган.

Регулятор автокредитлар ажратиш талабларини кучайтирди. Молиявий тизим учун хавфларни камайтириш мақсадида банклар кредит портфелида автокредитлар улуши 25 фоиздан ошмаслиги белгиланди. 2024 йил 1 июлдан Марказий банк барча кредитлар (микрозаймлар ҳам киритилган) бўйича қарз юки кўрсаткичини 60 фоиз этиб жорий қилди, 2025 йилдан эса уни 50 фоизгача туширди.

Марказий банк банк тизимининг молиявий барқарорлиги бўйича биринчи ярим йиллик ҳисоботида аҳолида қарз юкининг даромадга нисбати (DSTI) юқори бўлган ипотека ва автокредитлар бўйича ижобий ўзгаришлар кузатилганини қайд этган. Шу даврда автокредит олган жисмоний шахслар учун ўртача DSTI кўрсаткичи 2024 йил биринчи ярмидаги 68 фоиздан 38 фоизгача пасайган.

Регулятор маълумотларига кўра, аҳолининг автомобиль харид қилиш бўйича тўлов қобилияти ошган. Ажратилган автокредитлар бўйича ўртача тортилган сўндириш муддатининг бироз қисқаришига қарамай, аҳоли даромадининг ортиши ҳамда автокредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставканинг пасайиши ҳисобига аҳолининг автокредит асосида автомобиль харид қилиш имкониятлари яхшиланган.

Жумладан, 2025 йил I ярим йиллигида ажратилган автокредитлар бўйича ўртача тортилган сўндириш муддати 3,7 йилни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 йилга қисқарган. 2025 йил I ярим йиллигида автокредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставка 23 фоизда шаклланиб, 2024 йилнинг дастлабки ярим йиллигига нисбатан 4 фоиз бандга камайган.

Шу билан бирга, автокредитлар бозорида тартибга солиш арбитражи билан боғлиқ хавотирлар мавжуд. Автокредитлар бўйича концентрация хавфи пасаймоқда. Бироқ, айрим банклар амалдаги концентрация чекловларини четлаб ўтиш амалиётлари орқали тартибга солиш арбитражи билан боғлиқ хатарларни келтириб чиқармоқда.

Тартибга солиш арбитражи (regulatory arbitrage) — молия бозори иштирокчиларининг белгиланган чекловларни четлаб ўтиш мақсадида камроқ тартибга солинадиган сегментларга фаолиятни кўчириш ёки йўналтириш орқали нисбий устунликка эга бўлиши.

Марказий банк банклар автокредитларни айнан қайси соҳаларга кўчираётганини очиқламаган. Бироқ бозорда автомобилларни бўлиб-бўлиб тўлаш (рассрочка) асосида сотиш таклифлари кўпайгани кузатилмоқда. BNPL («ҳозир сотиб ол, кейинроқ тўла») бозори ҳозирча тартибга солинмаган, бироқ регулятор бу соҳа учун алоҳида қонун қабул қилишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, 1 январдан двигатель ҳажми 1000 ва 1200 см кубгача бўлган кам литражли автомобиллар импорти учун имтиёзли божхона божлари амал қилишдан тўхтади. Ушбу имтиёзлар 2023 йилда ички бозорда рақобат муҳитини ривожлантириш ваенгил автомобилларни аҳоли учун янада ҳамёнбоп қилиш мақсадида жорий этилган эди.

2025 йил 1 майдан импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғими бир неча баробар оширилди(маҳаллий ишлаб чиқарилган электромобиллар учун имтиёз сақланиб қолган).



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *