Тошкент шаҳри Чилонзор туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда пойтахт ЙҲХБ.
Воқеа 15 февраль куни соат 18:00 атрофида ТХАЙ-Чорбоғ кўчалари кесишган чорраҳада содир бўлган. Howo юк машинаси ҳайдовчиси ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган велосипеддаги 22 ёшли А.И.ни уриб юборган.
ЙТҲ оқибатида велосипед ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари сабабли вафот этган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода у етказиб бериш хизматида ишлаганини кўриш мумкин.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузишнинг одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов давом этмоқда.
ЙҲХБ барча йўл ҳаракати қатнашчиларидан қоидаларга риоя қилишларини, тезликни белгиланган меъёрлардан оширмасликларини ва чарчоқ ҳолатида автомашина бошқармасликларини сўраган.
