• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Сурхондарёда ЙПХ инспекторига 10 млн сўм пора беришга уринган Ҳиндистон фуқароси ушланди


Сурхондарё вилоятида Йўл патруль хизмати инспекторига пора беришга уринган Ҳиндистон фуқароси ушланди. Бу ҳақда ИИВ жамоат хавфсизлиги департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ЙПХ инспектори техник носоз ҳолатда бўлган транспорт воситасини тўхтатиб, ҳайдовчининг ҳужжатларини текширган. Текширув давомида ҳайдовчи алкоголь истеъмол қилгани аниқланган.

Шундан сўнг чет эл фуқароси инспекторга пора таклиф қилган. ЙПХ ходими таклифни рад этиб, ҳолат ҳақида Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармасига хабар берган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро инспекторга 10 млн сўм пора бермоқчи бўлган вақтида жиноят устида ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг қонуни олдида тенг ҳисобланади.

Аввалроқ Жиззахда алкотестердан фойдаланиб ҳайдовчилардан пул талаб қилган ЙПХ инспектори ушланган эди. У ҳайдовчиларни спиртли ичимлик ичмаган бўлса ҳам, маст ҳолатда эканига ишонтирган. Шунингдек, 2 нафар ЙҲХБ ходими жарима майдонидан машиналарни чиқариб беришга пул олган. Жиноят иши қўзғатилиб, улар қамоққа олинган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *