Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов 13−15 февраль кунлари Германиянинг Вайссенхаус шаҳрида ўтган фристайл-шахмат бўйича жаҳон чемпионатида бронза медални қўлга киритди. Турнирда яна бир ўзбекистонлик шахматчи — Жавоҳир Синдаров ҳам иштирок этиб, саккизинчи ўринни эгаллади.
Фристайл-шахмат (Фишер шахмати) — Роберт Фишер таклиф қилган шахмат тури бўлиб, унда фигураларнинг бошланғич жойлашуви классик вариантдан фарқ қилади ва ҳар партияда ўзгариб туради.
FIDE Freestyle Chess World Championship чемпионати фристайл-шахмат бўйича илк жаҳон чемпионати ва ФИДЕ ҳамда Freestyle Chess Operations компанияси томонидан ташкил этилган Фишер шахмати (Chess960) бўйича учинчи расмий жаҳон чемпионати бўлди.
Турнирда Магнус Карлсен (Норвегия), Фабиано Каруана, Левон Аронян, Ханс Ниманн (АҚШ), Винсент Каймер (Германия) ва Арджун Эригайси (Ҳиндистон) каби дунёнинг кучли шахматчилари иштирок этди. Амалдаги Chess960 чемпиони Хикару Накамура унвонини ҳимоя қилиш таклифини рад этди.
Синдаров ўтган йилги Grand Slam сериясининг энг яхши иштирокчиларидан бири сифатида, Абдусатторов эса онлайн саралаш турнири орқали мусобақага йўлланма олди.
Давра турнирида Карлсен (4,5 очко), Каймер, Каруана ва Абдусатторов (ҳар бири 4 очкодан) илк тўрт ўринни эгаллаб, ярим финалга чиқди.

Ярим финалда Карлсен рақиб сифатида Абдусатторовни танлаб, икки дурангдан кейин икки ғалабага эришди. Учинчи партияда ўзбекистонлик шахматчи устунликка эга бўлган, аммо ғалаба имкониятини ҳам, дуранг билан якунлаш имконини ҳам бой берган.
«Бу жуда оғир матч бўлди. Нодирбек Абдусатторов, менимча, ҳар сафар у билан ўйнаганимда янада кучайиб бормоқда», — деди Магнус Карлсен.
Иккинчи ярим финалда Каруана Каймерни 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди. Финалда Карлсен америкалик гроссмейстерни енгиб, фристайл-шахмат бўйича жаҳон чемпионига айланди. Биринчи ўрин учун мукофот 100 минг доллар бўлди. Бу унинг турли шахмат йўналишларидаги фаолиятидаги 21-чемпионлик унвони ҳисобланади.

Учинчи ўрин учун баҳсда Абдусатторов Каймер билан ўйнаб, 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозонди. У бронза медаль, 40 минг доллар мукофот ва келаси йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Жавоҳир Синдаров ва Левон Аронян.
Давра турнирида пастки ўринларни эгаллаган Эригайси, Ниманн, Синдаров ва Аронян 5−8-ўринлар учун ўйнади. Жавоҳир Синдаров мусобақани саккизинчи ўринда якунлаб, 10 минг доллар мукофот олди.
«Ҳаммадан йирик ҳисобда мағлуб бўлиш ҳатто яхши, чунки шахмат устида янада кўпроқ ишлашим кераклигини ҳис қилдим. Ўзимни жуда кучли ўйинчига айланяпман деб ўйлаган эдим, аммо энди рақиблар мени осон мағлуб эта бошлади. Шунинг учун менда янада кўпроқ ишлашга мотивация пайдо бўлди», — деди Синдаров.


