Германия Марказий Осиё давлатларини Россияга қарши Европа иттифоқи жорий этган санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашни кучайтиришга чақирди. Бу ҳақда ГФР ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль 11 февраль куни Берлинда ўтган «Марказий Осиё — Германия» саммити якунлари бўйича маълум қилди. Илк вазирлар учрашувида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.
«Россиянинг агрессив урушига жавоб сифатида биз Россия ҳарбий машинасини тийиб туриш учун кенг қамровли санкциялар жорий этдик. Бугун аниқ таъкидламоқчиман: санкцияларни четлаб ўтиш ва агрессив урушни қўллаб-қувватлаш Европа иттифоқи хавфсизлик манфаатларига бевосита таҳдид солади. Шунинг учун Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларидан санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашни кучайтириш ва ҳаракатларни Европа иттифоқи билан яқин мувофиқлаштиришни сўрадим», — деди Вадефуль.
У Европа иттифоқи Марказий Осиёда ўз иштирокини кенгайтиришга интилаётганини қайд этди. «Халқаро тартиб издан чиққан ҳозирги шароитда мамлакатимиз ишончлилик, барқарорлик ва очиқликни таклиф қила олади», — деди Германия ташқи ишлар вазири.
Вадефульнинг айтишича, узоқ муддатли мақсад — Европани минтақа билан янада яқинроқ боғлаш. «Марказий Осиё геосиёсий чорраҳада жойлашган ва мавжуд ҳамда ортиб бораётган Хитой манфаатлари, шунингдек Россиядан келаётган таҳдидларга қарши туриши керак», — деди у.
«Биз Марказий Осиё билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни истаймиз. Европаликлар иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиши керак — бу, айниқса, стратегик аҳамиятга эга муҳим хомашё ва ноёб ер элементлари таъминоти учун долзарб», — дея қўшимча қилди Вадефуль.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов «Марказий Осиё — Германия» форматида вазирлар даражасидаги саммит ўтказилганини олқишлади. «Ушбу механизм ишга туширилишини ҳамкорлигимизга янада тизимли ва амалий тус берадиган муҳим босқич сифатида баҳолаймиз», — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.
Саидовнинг таъкидлашича, учрашувда вазирлар инвестиция, технология ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, муҳим хомашёлар, «яшил» энергетика, иқлим, транспорт боғлиқлиги ва логистика йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ишбилармонлик мулоқотини чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлаган.
Берлин декларацияси
Саммит якунида Берлин декларацияси қабул қилиниб, унда томонлар «умумий қадриятлар ва ўзаро манфаатларга асосланган» Германия — Марказий Осиё шериклигини янада мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлади.
Шунингдек, вазирлар халқаро ҳуқуқ, жумладан БМТ Низомига, шунингдек барча давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилларига тўлиқ риоя этишга содиқлигини қайд этди.
Декларацияга кўра, вазирлар Транскаспий йўлагининг Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги «барқарор ва самарали мультимодал транспорт алоқаси» сифатида аҳамиятини таъкидлади. Улар ушбу йўлакни ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш, шунингдек немис темирйўл ва логистика компанияларининг транспорт, инфратузилма ва консалтинг лойиҳаларида иштирокини қўллаб-қувватлашга келишиб олди. Йўлак бўйлаб барқарор инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун вазирлар ЕИнинг «Глобал портал» ташаббуси доирасида ҳамкорлик қилишга келишди.
Вазирлар, шунингдек, «БМТ Низоми тамойилларига мувофиқ Украинада кенг қамровли, адолатли ва барқарор тинчликка тезроқ эришиш» муҳимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, улар «санкция режимлари масалалари бўйича» Европа иттифоқи билан ҳамкорлик ва ахборот алмашинувини давом эттириш, «санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш чораларини кучайтириш» зарурлигини қайд этди.
Вазирлар Марказий Осиё давлатлари ва Германия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бораётганини олқишлаб, икки томонлама савдо, инвестициялар ва қулай ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш ниятини билдирди. Бу йўналишларни қўллаб-қувватлаш учун экспорт кредитлари ва инвестиция кафолатлари каби давлат механизмлари ишга солинади.
Шунингдек, вазирлар миграция ва мобиллик соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликка қизиқиш билдириб, ноқонуний миграцияга қарши кураш ва мигрантларни қайтариш бўйича икки томонлама алмашинувларни қайд этди. Улар «визалар тартибини соддалаштириш» зарурлигини таъкидлаб, бу «ишбилармонлик ва инсонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ижобий ҳисса қўшишини» билдиришди.
Қирғизистонга қарши ЕИ санкциялари
Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев Берлинда ўтган саммит доирасида мамлакатининг ЕИ санкция сиёсати юзасидан «жиддий хавотир» билдирганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бир томонлама чеклов чоралари Марказий Осиё давлатларининг «барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши» ва минтақа мамлакатларининг Европа ҳамкорлари билан савдо-инвестиция алоқаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Кулубаев Қирғизистон халқаро мажбуриятларига «қатъий риоя қилаётгани» ва санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашиш мақсадида ЕИ билан «очиқ ва конструктив мулоқот» олиб бораётганини таъкидлади.
У, шунингдек, Қирғизистон ЕИ билан «тенг, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган» шерикликка тайёр эканини билдириб, «бир томонлама санкция босимидан кўра кўпроқ ўзаро манфаатли мақсадларга эришиш»ни қўллаб-қувватлашини айтди.
Аввалроқ Bloomberg агентлиги ЕИ санкцияларни четлаб ўтишга қарши воситани (anti-circumvention tool) илк бор қўллаш ва Қирғизистонга дастгоҳлар ҳамда айрим радиоқурилмалар экспортини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилган эди. Агентлик маълумотига кўра, бу чоралар февраль охирида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинининг тўртинчи йиллиги арафасида қабул қилиниши кутилаётган 20-санкциялар пакетига киритилиши мумкин.