• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда энергияни тежаш мақсадида 900 мингдан ортиқ кўча чироқларини қуёш панеллари билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда



Ўзбекистон 2026 йилда энергиядан оқилона фойдаланиш тизимига ўтишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 13 февраль куни президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда сўз борди, деб хабар берди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатуви.

Президент томонидан баён этилган режаларга кўра, 917 мингта кўча чироқларини қуёш панеллари ҳамда ёритилганлик даражасига қараб чироқни автоматик равишда ёқиб-ўчирувчи датчиклар билан жиҳозлаш орқали электр энергияси истеъмолини 330 миллион кВт/соатга камайтириш кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш бўйича қатъий чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ҳозирги вақтда 1 долларлик қўшимча қиймат яратиш учун сарфланадиган энергия миқдори 15 фоизга қисқарди, бу эса маҳсулот таннархининг пасайишига олиб келиши керак.

«Бизда кичик ва ўрта корхоналар йилига 5 миллиард куб метр газ ва 20 миллиард кВт/соат электр энергияси истеъмол қилади. Топшириғимга кўра, харажатларни камайтириш имкониятларини аниқлаш мақсадида ҳудудлардаги 300 та корхонанинг энергия истеъмоли таҳлил қилинди», — деди у.

Масалан, Namangan Life Stones корхонаси янги энергия тежовчи инвертор ўрнатса, бетон таннархи 5−6 фоизга пасаяди. Андижондаги Swork Timur Tex корхонасида «ақлли» ёритиш тизими жорий этилса ёки қуёш панеллари ўрнатилса, трикотаж маҳсулотлари таннархи 7 фоизга қисқаради, деди президент.

«Бу кичик ва ўрта корхоналарнинг энергия самарадорлигини оширишнинг янги тизими бўлади», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Президент энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директори Зиёвиддин Бадриддиновга бир ҳафта муддатда ушбу ташаббусни амалга ошириш бўйича лойиҳа гуруҳини тузишга топшириқ берди.

Икки ой муддатда кичик ва ўрта корхоналар учун энергия самарадорлигини оширишга қаратилган уч йиллик дастур ишлаб чиқилиши лозим.

Ушбу корхоналарда энергияни тежовчи чора-тадбирларни амалга ошириш учун 100 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли ресурсларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Шавкат Мирзиёев масъул шахслар ва ҳокимларга 2026 йилда кичик ва ўрта корхоналарда 100 миллион куб метр газ ва 500 миллион кВт·соат электр энергияси тежалишини таъминлаш вазифасини қўйди.

1 майга қадар 10 миллион доллар миқдорида грантлар жалб қилиш ва мамлакатнинг ҳар бир туманидаги энергияни энг кўп истеъмол қилувчи бештадан корхонада энергия аудитини бошлаш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари 19 та стратегик корхона раҳбарлари харидлар тизими, логистика, рақамлаштириш ва энергия самарадорлигини ошириш ишларини кучайтириши кераклигини кўрсатиб ўтганди. Ушбу чора-тадбирлар ҳисобига маҳсулот таннархи 10−20 фоизга пасайтирилиши лозим.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *