Январь ойида автобусда йўл ҳақини тўламаганларга қарши кучайтирилган рейд тадбирлари чоғида 11 502 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси назоратчилари томонидан автобусларда йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланаётган йўловчиларга қарши кучайтирилган рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
2026 йилнинг январь ойи мобайнида автобусларда чиптасиз юрган йўловчиларга нисбатан 11 502 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарималар қўлланилган.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси (Чиптасиз юриш)га кўра, жамоат транспортида йўлкира тўламаган йўловчига БҲМнинг 1/10 қисми (41 200 сўм) миқдорида жарима белгиланади.
Чиптасиз юрганларни жаримага тортиш 14 март санасидан бошланган. Август ойида ўшандан буён Тошкент автобусларида чиптасиз юрган 4090 йўловчига маъмурий чоралар кўрилгани хабар берилганди.
Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, Тошкент автобуслари ҳар куни 1 миллион 400 мингдан ортиқ йўловчи ташийди.
2025 йил 1 январдан бошлаб пойтахт автобусларида нақд пулда тўлов қилиш бекор қилинган. Йўлкирани 10 дан ортиқ нақд пулсиз усул — АТТО транспорт ва виртуал карталари, исталган банкларнинг UzCard ва Humo контактсиз карталари, халқаро тўлов тизимлари (Visa, MasterCard, UnionPay), шунингдек Click, Uzum ва Plum иловалари орқали амалга ошириш мумкин.
Нақд пул орқали эса бир марталик QR-кодли чипталар харид қилинади. Улар Paynet, Oson ва Multipay инфокиосклари ҳамда Paynet офлайн нуқталари орқали сотилади. Бундай чипталар нархи 3000 сўм, нақд пулсиз тўловда эса 1700 сўмни ташкил этади.
QR-чипталар валидациядан ўтиб, АТТО тизимида акс эттирилиши туфайли ҳақиқий йўловчилар сонини ҳисоблаш имконияти яратилган.